Фарзандини Ал-Хоразмий номидаги IТ мактабда ўқитишни истаган ота-оналар буни албатта кўришлари керак! (ВИДЕО)
Таълим муассасалари томон бугунги саёҳатимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги ПҚ-3274-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб томон бўлади.
Агар сиз ҳам фарзандингизни замонавий соҳаларни ёшликдан ўрганиб, бугунги кундаги энг сердаромад касбнинг етук мутахассиси бўлишини истасангиз, кўрсатувни диққат билан томоша қилинг!Мактабни ташкил этишдан асосий мақсад – улуғ аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, ўрганиш ва тадқиқ этиш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш, ўқувчиларга аниқ фанларнинг юксак чўққиларини забт этиш, бошланғич синфлардан бошлаб ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорини аниқлаш ва улардаги қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар базасини яратишдан иборатдир.
Мактабда ўқувчилар нафақат яхши таълим олишлари, балки дўстлари билан турли хил семинар тренингларда қатнашиб, АКТ оламининг машҳур брендлари жойлашган боғда вақтларини мароқ билан ўтказишлари ҳам мумкин.
Ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифаси – ёшларни ахборот-коммуникация технологияларига кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштиришларида, шунингдек, дастурлаш, маълумотлар базасини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлишларида ахборот ва медиа ҳамда интеллектуал маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантиришдан иборат.
Шунингдек, мазкур соҳада юқори маҳоратга эга педагогларни ҳамда мутахассисларни жалб қилган ҳолда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг махсус мактабини яратиш, ёш математиклар, физиклар, дастурчилар, ихтирочилар ва чет тили билимдонларидан иборат ўқувчилар жамоасини тузиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам ва самарали иштирокини таъминлашни ташкил этиш мактабнинг асосий вазифаларидандир.
Ал-Хоразмий номидаги IТ мактабига ўқувчилар Ўзбекистон Републикаси Президенти, Ижод ва Ихтисослашган мактабларни ривожлантириш Агентлиги томонидан белгиланган квота асосида 5-синфдан бошлаб ёзма ва оғзаки синов имтиҳонларига кўра танлов асосида қабул қилинади.
Эъзоза Турғунова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter