Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эъзоза Турғунова

«Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!»

«Исаак Ньютон» медали соҳибаси: Фрилансерлик дангаса одам учун ноқулай бўлиши мумкин!(ВИДЕО)

IТ-Wоман кўрсатувининг бугунги қаҳрамони Ўзбекистондаги энг ёш техника фанлари доктори, профессор ва «Шуҳрат» медали соҳибаси Саида БEКНАЗАРОВА.

Саида БEКНАЗАРОВА:

1986 йили Наманган шаҳрида туғилган;

2009 йили Наманган муҳандислик педагогика институтининг «Информатика ва ахборот технологиялари» мутахассислигини тамомлаган;

2007 йил Республика ёшлар танловининг «Ахборот-коммуникация технологиялари» номинацияси бўйича республика босқичи ғолиби;

2008 йил «Техника ва информатика» йўналиши бўйича 2008-2009 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси совриндори;

2014 йил «Инновацион ғоялар» республика кўрик-танловининг Ахборот ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишида фахрли 1-ўрин ғолиби;

2014 йил «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг «Энг фаол ёш дастурчи» номинациясида фахрли 1-ўрин соҳибаси;

2016 йил Россия Федерациясининг «Фан ҳамкорлиги» халқаро тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган «Эътироф» – Фан ва таълимдаги юксак ютуқлари I Халқаро танловининг 2-ўрин соҳибаси;

2017 йил «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» танловининг «Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари» соҳаси бўйича «Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог» номинацияси республика босқичи ғолиби;

2017 йил Ўзбекистон «Олима» хотин-қизлар уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган «Илм юлдузлари» VI республика интеллектуал кўрик-танловининг «Энг моҳир ихтирочи» номинацияси ғолиби;

2017 йил Европа илмий-ишлаб чиқариш консорциумининг унвонлар ва тақдирлаш департаменти хулосасига биноан «Исаак Ньютон» («Isaac Newton») медали соҳибаси;

2018 йил VIII халқаро ОТМ профессионал муаллимлари ўртасида ўтказилган танлови «Pedagogical Discovery: Universary-2018» Тадқиқот лойиҳаларнинг «Техника фанлари» йўналиши бўйича 1-ўрин соҳибаси;

2018 йил Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Йил аёли» мукофоти гранд при совриндори;

2020 йил «Шуҳрат» медали совриндори;

2021 йил Korea International Women’s Invention Exposition-2020, АКТ йўналиши бўйича махсус соврини (Гран-при), 1-2-ўринлар соҳибаси.

IТ оламига кириб келишингиз қандай бўлган, аёл киши сифатида қаршиликлар бўлмаганми?

– IТ соҳасини танлашни менга, аввало, дадам таклиф қилганлар. Синглим ҳам, мен ҳам аниқ фанларга ихтисослашган мактабда ўқиганмиз. Касб танлаш вақти келганда ҳам оила аъзоларим IТ соҳаси келажаги бор соҳа бўлганлиги учун синглим иккимизга шу соҳани танлашни тавсия қилганлар.

Аёллар IТ соҳасида ишлашларининг устунликлари ҳақида нима дея оласиз? Бу борада ота-оналарга қандай тавсиялар берасиз?

– Ўзим аёл бўлганлигим учун ҳам менга бу соҳанинг қулайликлари ниҳоятда кўп. Университетда профессор сифатида фаолият юритиш баробарида қайнона-қайнотали уй бекаси ва икки фарзанднинг онаси бўлишимда IТ соҳасининг ўрни катта. Ҳатто туғуруқ таътили вақтида ҳам уйда ўтириб, лойиҳалар устида ишлашга ҳам жуда қулай. Ёш қизларимиз бу соҳада таълим олиб, кейинчалик масофадан туриб фрилансер сифатида фаолият юритишлари мумкин. Бундан ташқари, IТ соҳаси аёлларга нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам онлайн равишда ишлашларига замин яратади.

Шу ўринда фрилансерлик билан шуғулланишнинг ўзига хос жиҳатлари, устунликлари ва камчиликлари ҳақида ҳам айтиб ўтинг…

– Фрилансерлик фаолияти нафақат аёлларга, балки барча инсонлар учун ниҳоятда қулай иш тарзи, десам муболаға бўлмайди. Чунки ўзимизнинг асосий иш тарзимиздан ташқари бизга қулай вақтда ишлаш учун турли жойлардан таклифлар, қўшимча ишлар ҳам олишимиз мумкин. Фрилансерликнинг салбий тарафларини ҳеч кўрмаганман. Фақатгина дангаса одам учун ноқулай бўлиши мумкин, аммо ўз устида ишлайдиган кишилар учун бу фаолият айни муддао.

Аёллар ўзлигини англаш, ичидаги қобилиятларини уйғотиш учун нималарга эътибор қаратишлари керак?

– Аёллар катта ҳаёт сари қадам қўйиб, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида, аввало, танлаётган соҳасида ўзини топишга ҳаракат қилишлари керак. Ахборот ресурсларидан оқилона фойдаланиб, мунтазам равишда ўз устида ишласагина, салмоқли натижага эриша олади. Ҳар бир инсон ёшлигидан ўқиб, изланиб, дунё қарашини кенгайтириб борса, кейинчалик ҳам мустақил қарор қабул қила олади.

Бугунги кунда қандай изланишлар, янгиликлар билан бандсиз?

– Сўнгги уч йил давомида биз жуда кўп лойиҳалар устида ишладик. 2015 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилганимдан сўнг яна кўплаб лойиҳалар устида ишлай бошладим. Масалан, терапия маркази билан ҳамкорликда мобил илова яратдик. У орқали сурункали касалликларнинг олдини олиш ва эртароқ ташхис қўйиш мумкин. Бундан ташқари, ижтимоий соҳада қийин вазиятга тушиб қолган оилаларга кўмак берувчи веб-дастур яратдик. Илова орқали маҳаллалардаги ҳар бир оила ўз вазиятидан келиб чиқиб, психологик ва юридик кўмак олишлари мумкин. Шунингдек, турли университетлар билан ҳамкорликда табиий офатлар рўй берганда қандай йўл тутиш кераклиги, биринчи ёрдамни қай тариқа кўрсата олиш кераклиги ҳақида ҳам йўл-йўриқлар кўрсатувчи дастуримиз ҳам мавжуд. Фанлар академияси билан биргаликда илмий йўналишда ҳам юртимизда йўқолиб бораётган лола турларининг базасини шакллантирганмиз.

Саида опа, эшитишимизча «Исаак Ньютон» медали билан ҳам тақдирланган экансиз, шу ҳақида ҳам айтиб ўтинг…

– Биз илмий ишларимизни хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликда олиб борамиз. Айнан уларнинг тавсиясига кўра илм-фан билан шуғулланувчи аёллар учун таъсис этилган медаль билан тақдирланганман. Албатта, бунинг учун ўзимнинг илмий мақолаларимни юборганман ва улар ўз хулосаларини билдиришган.

  • Нега ўзбек аёллари орасида техника фанлари докторлари кам?

– Биласизми, техника фанлари доктори деганда, бу нафақат IТ соҳасига бериладиган илмий унвон, балки кимё, муҳандислик ва аграр соҳаларидаги мутахассислар ҳам бундай унвон билан тақдирланадилар. Тўғри, уларнинг сони у қадар кўп эмас. Ҳозирда биз ҳам ана шундай аёллар сафини кенгайтириш устида ишлаяпмиз. Аслида қизларимизни мактаб даврларидан IТ соҳасига қизиқтиришимиз керак. Ушбу соҳанинг қизиқарлилигини уларга тушунтира олишимиз лозим. Бу эса келгусида олима аёлларнинг сафи кенгайишига ёрдам беради.

Ихтирочи аёллар ассоциациясидаги фаолиятингиз ҳақида айтиб ўтсангиз?

– Ихтирочи аёллар ассоциациясига 2016 йилда АКТ соҳасини ривожлантириш бўйича эксперт сифатида жалб қилинганман. Шу вақт мобайнида ихтирочи аёлларнинг 100 та ихтиролари, IТ-Wоman каби танловларни ўтказиш баробарида турли семинар ва тренинглар ўтказдик. Бу ассоциацияда мен дастурчи қизлар клуби раҳбариман. Энг қувонарлиси шундаки, қизларимиз аллақачон ўз йўлларини топиб, турли танловларда қатнашиб, мукофотларга сазовор бўлишмоқда.

IТ соҳасини танламоқчи бўлган қизларга тавсияларингиз?

– Биласизми, оддий мактабда ўқийдиган қизларга ҳам IТ соҳасининг қизиқарли томонларини ўқитувчилар очиб беришлари керак. Бундан ташқари, аёлларнинг ўзлари ҳам IТ соҳасининг турли йўналишлари орасида ўзлари учун энг қизиқарлиларини интернет орқали ўрганиб, замонавий касбларда ўзларини синаб кўришлари керак. Шунингдек, юртимизда айнан шу соҳада ўтказилаётган танловларда фаол қатнашиб, ўзларини синаб кўришсин. Энг асосийси эса ҳар бир оилада IТ соҳасининг келажаги ва қизларнинг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини ота-оналар ёшликдан уқтириб, касбга тўғри йўналтиришса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳақиқий ўзбек келини ва икки фарзанднинг онаси бўла туриб, қандай қилиб техника фанлари доктори ва шуҳрат медали соҳибасига айланиш сирларидан баҳраманд бўлишни истасангиз, YouTube каналимиз орқали кўрсатувнинг тўлиқ шаклини томоша қилинг!

Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг