Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

«Айти» мутахассиси: 2000 «кўки»ни уйдан чиқмай топиш мумкин

IТ-Wомаn лойиҳасининг бу галги қаҳрамони ҳали ёш бўлишига қарамасдан ишсиз ва моддий маблағга муҳтож кўплаб аёлларни ўзининг IТ лойиҳалари билан қўллаб-қувватлаб келаётган Умматой Йўлдошева.

Умматой Йўлдошева 1997 йил Навоий шаҳрида туғилган.

2017-2021-йиллар давомида Инҳа Университетида «Dastur Injinering» бўйича таҳсил олган.

2019 йилда Польшада бўлиб ўтган «Perspecktiwy Women in Tech» саммитида қатнашиш учун грантга сазовор бўлди.

2020 йилда Ўрта Осиё лидерлар мактабида таълим олгач, бу соҳада янада ривожланиш учун Грузияда малака ошириш имкониятига ҳам эга бўлди.

2020 йилда Мобил Дастурчи сифатида иш бошлаган ва шу билан биргаликда «Coozin» номли лойиҳани ҳам бошқарган.

2021 йилда ўз жамоаси билан биргаликда «ALULASTRA» компаниясига асос солди. Ҳозирда АКFA Университетида ўқитувчи сифатида фаолият юритиш баробарида GradUz лойиҳасини ҳам бошқармоқда.

— Умматой, IТ оламига кириб келишингиз ўзи қандай бўлган?

— Болалигимдан математика фанига қизиққанман ва танлайдиган соҳам ҳам математика билан бевосита боғлиқ бўлишини истаганим боис лицейда ҳам айнан шу йўналишда ўқий бошладим. Университетга кириш вақтида эса ёшлар орасида энг оммалашган ва бугунги кунда жуда долзарб бўлган IТ соҳасини танлашга қарор қилганман ҳамда қарорим хато бўлмаганлигига бугун кўп карра амин бўляпман.

Кўпчилик IТ — бу ўғил болаларнинг касби дейишади, аммо, аксинча, бу соҳа кўпроқ қизларга тўғри келади. Чунки IТ соҳасининг жуда кўп тармоқлари мавжуд бўлиб, IТ мутахассиси фақат компьютерда код ёзади, дегани эмас. Сиз турли стартaплар қилишингиз, жамоа тузиб, уни бошқаришингиз мумкин.

— Қиз бoласан, яхшиси, шифокор ёки ўқитувчи бўлақо, нима қиласан бу соҳада, деган гапларни ҳам эшитганмисиз?

— Ҳа, эшитганман. Аммо ота-онам, оила аъзоларим мени доим қўллаб-қувватлашган. Албатта соҳа танлаётганда ота-оналарнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши ёшлар учун жуда муҳим. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман.

— IТ соҳаси қизлар учун эмас деб ҳисоблайдиган ота-оналарга нима деган бўлардингиз?

— Азиз ота-оналар, агар фарзандларингиз келажакда юқори маблағли ишда ишлашларини, қизларингизни уйда ўтириб, фарзанд тарбияси билан шуғулланиб туриб ҳам яхши пул топишини истасангиз ва бир вақтнинг ўзида бир эмас, бир нечта ишда чарчамасдан ишлашларини истасангиз, уларни IТ соҳасини танлашларига тўсқинлик қилманг. IТ соҳасини билган одам замон билан ҳамнафас бўлади ва бошқа соҳаларга ҳам осонликча кириб кета олади. Бу ёшлар учун жуда муҳим омиллардан бири, десам муболаға бўлмайди.

— Илк лойиҳангиз кераксиз, ишлатилмайдиган ва фойдаланишга яроқсиз буюмлардан даромад топишга қаратилган экан. Айтинг-чи, бу лойиҳангизни қанчалик самарали амалга ошира олдингиз, у ҳозир ҳам борми?

— Бу лойиҳамни талабалик йилларида курсдошларим билан бирга ташкил қилганмиз. Биз унда ёш стартаперлар бўлганмиз, шундай бўлишига қарамасдан лойиҳамиз дунё миқёсида юқори баҳоланган. Аммо моддий муаммолар сабаб бошқа лойиҳаларга ўтиб кетганмиз.

— Кам таъминланган оила фарзандларига моддий кўмак бериш орқали фонд йиғган ҳолда ёрдам беришни ҳам йўлга қўя олдингизми?

— Бу лойиҳамиз ҳозир ҳам жараёнда, унинг устида бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Бу лойиҳани юқори чўққига олиб чиқиш учун, аввало, халқнинг ишончини қозона олиш керак. Чунки ҳозирда ёлғон ахборотлар кўпайиб кетган.

— Мана шундай лойиҳаларни жамоавий тарзда амалга ошириш учун неча киши бўлиб ҳаракат қиласизлар?

— Жамоани шакллантиришда асосий лойиҳага қараб ўзининг талаблари бўлади. Мисол учун, лойиҳа IТ бўйича бўлса, унга дастурчилар жалб қилинади. Агар унинг маркетингини йўлга қўйишни истасак, маркетологлар ва SММ мутахассисларини жамоамизга қўшамиз. Лойиҳани бошқаришда эса лойиҳа менежери керак бўлади. Шунга қараб, жамоа 5-6 та киши билан шаклланиб бораверади.

— 2020 йилда «Coozin» — аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳа устида иш бошлаган экансиз. Бу лойиҳа аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган бошқа лойиҳалардан нимаси билан фарқ қиларди?

— Бошқа лойиҳаларимда асосан IТ соҳасини ўргатишга эътибор қаратганман. Аммо бу соҳа математика ва робототехникага бевосита алоқадор бўлганлиги боис, уни аёлларга масофадан ўргатиш бироз қийин кечди. Шунда ҳар бир уй бекасининг яхши пазанда эканлигини инобатга олган ҳолда, ушбу лойиҳамга қўл урдим. Бунда аёллар ўзларининг пазандалик маҳоратлари орқали пул топишлари мумкин.

— Ҳозир ўзи кўплаб аёллар, қизлар шундоқ ҳам уйда мустақил равишда фудблогерлик билан шуғулланиб бизнесларини инстаграм ва телеграм каналлари орқали тарғиб қилишмоқда. Нима деб ўйлайсиз алоҳида лойиҳа қилиш қанчалик шарт экан?

— Бизнинг асосий мақсадимиз ана шу фудблогерларни бир платформага жамлаш бўлган ва улар лойиҳа ёрдамида бир-бирларидан билмаганларини ўрганиб ишлашмоқда ва ҳозирда ҳам аёллар ушбу лойиҳа орқали кунлик даромадларини топишмоқда.

— Ушбу лойиҳа доирасида қанча аёлларни иш билан таъминлай олдингиз?

— Бу лойиҳам орқали умумий ҳисобда ўртача 65 нафар аёллар иш билан таъминландилар.

— Эркаклар, жумладан, ўқишга кира олмай ҳаётда ўз йўлини топа олмай қийналаётган ёш йигитлар учун ҳам лойиҳалар яратиш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз ёки ўзингиз қиз бола бўлганингизга фақат аёллар муаммоларига эътибор қаратасизми?

— Ҳозирда биз амалга ошираётган «GrandUz» лойиҳаси айнан талабалар учун мўлажалланган платформа бўлиб, ушбу ягона талабалар интерактив портали орқали талабалар бемалол иш топиш ва жойлашишдаги муаммоларга ечим топишлари мумкин. Барчамизга маълумки, талабаларнинг аксарияти ўқишни тамомлагач, иш топишга қийналадилар. Бизнинг янги лойиҳамиз эса нафақат ана шундай талабаларга, балки ўзига муносиб иш излаётган эркаклар учун ҳам айни муддао бўлади.

— Ҳозирда қандай ишлар билан бандсиз?

— Ҳозирда юқорида айтган лойиҳамдан ташқари ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш фонди устида ишламоқдаман ва ўз билимларимни бошқаларга ҳам ўртоқлашиш мақсадида «АKFA» университетида талабаларга дарс беряпман.

— Бир неча йилдан кейин керак бўлиши мумкин бўлган файлларни, маълумотларни қаерда сақлаган маъқул (телеграм, флешка, компьютер, электрон почта ва ҳк.)?

— Одатда флешка, телеграм ва ҳоказолардан кўра электрон почта орқали google driveда сақлаш анчайин ишончлироқ.

— Шу кунга қадар ушбу соҳада қандай ютуқларга эришдингиз...

— Фаолиятимни 2017 йилда бошлаган бўлсам, илк грантимни 2019 йилда олганман. 2020 йилда пандемия туфайли Хитой давлатига бора олмаганман, 2021 йилда эса Грузия ва Олмаотадаги конференцияларда қатнашиб, малака ошириб келдим.

— Бахт ва омад формулангиз борми? Сизнингча, инсон ўзини бахтиёр ҳис қилиши учун нима керак?

— Менимча, бахт ва омаднинг асосий формуласи — бу ҳавас қилиш. Чунки ҳавасда гап кўп. Баъзилар нега у эриша олади, мен эмас дейишади. Бундай хасад қилиш нотўғри, эплаган қандини урсин!

— IТ соҳасини танламоқчи бўлган қизларга тавсияларингиз…

— IТ соҳасига қадам қўяр экансиз, аввало, инглиз тилини ўрганинг. Чунки IТ терминларнинг аксарияти инглиз тилида. Қолаверса, инглиз тилини билсангиз, шинамгина уйингизда, бир финжон қаҳва ичиб, дунёнинг исталган еридаги ишингизни масофадан туриб бошқара олишингиз мумкин!

Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг