Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Йўқотилган нарсаларни my.gov.uz орқали топиш мумкин

Йўқотилган нарсаларни my.gov.uz орқали топиш мумкин

Фото: E-gov.uz

Авваллари Ички ишлар вазирлиги тизимида “Топилмалар столи” бўлиб, у йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш билан шуғулланарди. Ўтган йилдан бу фаолият тугатилиб, йўқолган ашёларни қидириш бўйича мурожаатлар Ягона портал (my.gov.uz) орқали қабул қилинадиган бўлди.

Яъни, йўқотилган нарсани топиш учун my.gov.uz даги “Топилмалар, йўқолган буюмлар ва ҳужжатлар бўйича сўров юбориш” хизматидан онлайн фойдаланиш имконияти яратилди.

Шу ўринда савол туғилади: Йўқолган ва топиб олинган буюмлар тақдири нима бўлади?

Улар учун давлат хизматлари марказларида хавфсизлик талабларига жавоб берувчи махсус хоналар ташкил этилган. Барча марказлар темир сейфлар, зарур моддий-техника воситалари ҳамда ташкилий техникалар билан жиҳозланган. “Топилмалар” автоматлаштирилган қидирув тизими эса my.gov.uz портали билан интеграция қилинган.

Эгасини кутаётган буюмлар, уларни топиб олган ва қидираётган шахслар ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда тизимга киритиб борилади. Сўровномага йўқотиб қўйилган ашёнинг алоҳида белгиларини акс эттирувчи фотосуратлар, электрон маълумотлар, агар ашё ҳужжат бўлса, унинг нусхалари илова қилиниши мумкин. Топиб олинган нарсалар Давлат хизматлари марказида 6 ой давомида сақланади.

Кўриб турганингиздек, қонун бўйича “Топган топалоқ” эмас. Агар кўча-кўйда бировга тегишли ниманидир кўриб қолсангиз, уни дарҳол ўзингизга яқин ёки қулай жойлашган ДХМ идорасига олиб бориб топширишингизни тавсия қиламиз.

Энди бир тасаввур қилинг, йўқотиб қўйган одам зарур нарсасини my.gov.uz орқали ариза бериб, уни қўлга киритганида қанчалик севинишини ва сизни дуо қилишини!..

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг