«Twitter’да техник таҳлил, математика ва шахмат» - Шотландиядаги iOS дастурчи ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги қаҳрамони Шотландиядаги Стерлинг университети магистранти Асилбек Жамолиддинов.
Суҳбатдошимиз бакалавр босқичини Тошкентдаги Турин политехника университетида тамомлаган. Бугунги кунда, iOS дастурчи сифатида фаолият кўрсатади.
Математика ва шахматга қизиқишим юқори бўлган
Тошкент шаҳрида туғилиб-ўсганман. 6 ёшимдан бошлаб 94-мактабга қатнай бошладим. Болалигимда асосан лего ўйнардим. Менимча, муҳандисликка бўлган муҳаббат ўша вақтда пайдо бўлган.
Бошланғич синфлардан математикага мойиллигим бор эди, кейинроқ шахмат ўйнашни ёқтира бошладим. Юқори синфга ўтгач танаффус пайтлари дўстларим билан шахмат ўйнардик. Бу спорт тури бўйича мусобақаларда ҳам фахрли ўринларни эгаллаганман.
Гарчи онам мақолани ўқиса, унчалик эмас деб айтса-да, очиғи, болалигимдан ўқишни, янги нарсалар ҳақида билишни яхши кўрардим (кулади).
7 ёшимда ота-онам бизга компьютер олиб берган. Бундан олдин компьютер клубларига бориб турардим, лекин жиддий қизиқиш компьютер уйимизга келганидан кейин пайдо бўлди.
Ёдимда, 8-10 ёшларимда тенгдош қўшним билан мусиқа ва ўйинлар ёзилган диск сотиш бизнеси қилмоқчи бўлганмиз. Ўша пайт уйимизда интернет уланганди ва биз сайтларга эълонлар жойлаштира бошладик. Бизнес-режа шундай эди – одамлардан онлайн буюртма оламиз. Аниқроғи, компьютерим орқали турли нарсаларни CD дискка кўчириш имконим бўлган. Мижозларга шаҳар бўйлаб қандай етказиб бериш ва ҳар бир диск учун қанча ҳақ олиш тўғрисида эса, ҳеч қандай тасаввурга эга эмасдик. Фақат ҳозир эсласам куламан – чунки кўпинча қабул қилинган қўнғироқлар ва суҳбатлар худди шундай сюжетда эди: 8-9 ёшли бола катталар қўнғироғига жавоб беради ва уларга CD диск сотишга ҳаракат қилади. Агар мижозлар йўқ нарса сўрашса, бизда интернет бор ва уни юклаб олишимиз мумкин, деб жавоб беради. Албатта, бу жуда қизиқарли хотира.
Ўзимни технология соҳасида кўрардим
2011 йил Стив Жобснинг iPhone 4s гаджети машҳур бўлди ва айнан ўша вақтда лицейда ўқиганман. Ўзимни технология соҳасида кўрардим ва муҳандислик соҳасига киришни хоҳлардим. У пайтда хусусий олийгоҳларни танлаганлар кўп эмасди ва мен ҳам дастлаб давлат университетига кираман, деб ўйлаганман.
Бироқ, кейин ҳаёт ҳикоям ўзгариб кетди. Тошкентдаги Турин политехника университетига киришимда математика ўқитувчим сабаб бўлган. Ўша вақтда амакиваччам у ерда ўқиган, улар ҳам университет ҳақида жуда яхши фикрлар айтарди.
Олийгоҳга кириб танловим тўғри бўлганига кўп бор амин бўлдим. Тажрибали профессор-ўқитувчилар таркиби, пухта тузилган ўқув дастури, ажойиб кутубхона ва жуда муҳим бўлган – талабага эркинлик берилиши мен учун ўзига хос афзалликлар эди.
Кўп нарса атрофингиздаги одамларга боғлиқ
Университетда таълимнинг биринчи йилида биз дастурлашга кириш курсини ўқидик, у орқали мен соҳага жуда қизиқиб қолдим. Иккинчи курсдан бошлаб яқин дўстим Акбаржон мен ва яна бир дўстимга Аndroid’да дастурлашни ўргата бошлади.
Аминманки, кўп нарса сизнинг атрофингиздаги одамларга боғлиқ. Инсон буни англай бошлагач, билимли инсонлар билан янада яқин бўлишни бошлайди.
Биринчи дастурий лойиҳам электрон миллий кутубхона бўлган. Дастлаб биз дастурий маҳсулот яратдик. Лекин, муаллифларни жалб қилиш ва уларнинг адабиётидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш ҳақида ўйламаган эдик. Кейинчалик тушуниб етдик – агар муаллифларнинг рухсатисиз китобларни иловага жойлаштирсак, бу мулкий ҳуқуқларнинг бузилиши бўлади. Фикримча, буни илк бизнес тажрибасизлигимиз дейиш мумкин.
Кейинроқ дўстим Мирҳомид билан аутсорсинг хизматига асос солдик. У орқали хусусий, хорижий ва давлат лойиҳаларини амалга оширганмиз. Умуман кўплаб стартапларда ишлаб катта тажриба орттирдик, жамоаларнинг ҳам кучли, ҳам заиф томонларини кўрдик. Дастурлаш ва IТ-тадбиркорлик нуқтаи назаридан жуда катта ўсиш кузатилди. Худди шу даврда биз ўз лойиҳамиз – стоматология клиникаларини автоматлаштириш учун дастурий таъминот ишлаб чиқдик. Лойиҳа жуда муваффақиятли бўлди, ҳатто давлат гранти ҳам берилди.
Халқаро тажрибасиз мақсадларимга эриша олмаслигимни англадим
Магистратурани чет элда ўқишимга бир қанча сабаблар бор. Хусусан, хорижда ўқимай ва халқаро компанияда тажрибага эга бўлмай туриб, мақсадларимга эриша олмаслигимни англадим. Олдимда танлов учун бир қатор давлатлар бор эди: АҚШ, Германия, Япония, Буюк Британия, Италия. Бир қатор омиллар Буюк Британия фойдасига ҳал бўлди.
Улар:
- Мен немис, япон ёки итальян тилларини билмайман. Магистратурани тамомлагандан сўнг, ўша мамлакат тилини билсангиз, у ерда иш топиш осонроқ. Шу сабабли, менинг танловим АҚШ ва Буюк Британия ўртасида қолди.
- АҚШда магистратура 2 йил, Буюк Британияда эса 1 йил. Икки давлатда ҳам таълим ва яшаш қиммат, мен компанияларда қолиб ишлашим учун харажатларни грантсиз ўзим қоплагандим. Бунинг учун Буюк Британия яхши вариант.
- Мен стартапларга жуда қизиқаман ва менимча, дастурчи карьерасининг мантиқий якуни IТ-компания асосчиси ёки ҳаммуассиси бўлишдир. АҚШ стартаплар учун энг яхши жой, аммо молиячилар учун эмас. Мен банк секторини жуда яхши кўраман, Лондонда эса, фин-технология стартаплари етарлича.
Охирги асосий омил. Нима учун Англияни (Лондон) эмас, балки Шотландияни танладим?
- Табиатни, тоғларни жуда яхши кўраман.
- Очиғи, ҳам ишлаб, ҳам ўқиш истагим йўқ эди ва бошидан бутун эътиборимни таълимга қаратмоқчи эдим. Шотландияда, айниқса Стерлингда ҳаёт Лондондан арзонроқ. Яшаш харажатлари камроқ: шаҳар нисбатан кичик, транспорт харажатлари йўқ, уй-жой ҳам арзонроқ.
- Тинч ва осуда жой, дам олишнинг ҳар хил турлари, умуман мен диққатимни жамлашни хоҳлардим.
- Қолаверса, университетда барча шароит яратилган. Хусусан, 4 қаватли улкан кутубхона ва спорт машғулотлари учун зал.
Айни кунларда магистратурани тамомлаш арафасидаман. Диссертация мавзуим «Twitter’да техник таҳлил ва жамоатчилик ҳиссиётини таҳлил қилиш асосида криптовалюта нархини башорат қилиш». Мавзу мураккаб, йирик компаниялар ушбу йўналишда ҳеч бўлмаганда бирон бир воситага эга бўлиш учун миллионлаб сармоя киритадилар. Ушбу мавзуни бир неча сабабларга кўра танладим:
- Фин-технология компаниясига ишга кириш учун жуда яхши портфель.
- Шу билан бирга, ўзим ҳам инвестициялар мавзусига қизиқаман.
Ўзбекистонни аниқ мақсадсиз тарк этишдан маъно йўқ
Шотландияга бахт топиш учун эмас, балки тажриба, билим орттириш ва бироз бошқача маданиятда яшаб кўриш истагида келганман. Ўзбекистонда ҳам ҳаётим ҳар тарафлама яхши эди, лекин мен кўпроқ нарсани хоҳлардим, бунинг учун менга билим ва тажриба керак бўлди.
Тан олиш керакки, чет элда ҳеч ким сизни қучоқ очиб кутмайди, бу ерда ота-онангиз каби меҳрибонлик кўрсатишмайди. Яхши жиҳати, Ватан, ота-она ва яқинлар кадрини тушуниб етасиз. Хорижга талпинувчиларга айта оламанки, Ўзбекистонни аниқ мақсадсиз тарк этишдан маъно йўқ. Мақсад бўлиши керак, усиз бу жуда қийин. Агар Тошкентда рус ва инглиз тилларини билсангиз, иш топиш қийин бўлмайди. Буюк Британияда эса, ҳамма инглиз тилини билади. Бизнинг она тили бўлмаган инглиз тилимиз билан бу ерда ҳеч қандай устунлик йўқ. Тўғри, IТ соҳаси вакиллари бу борада омадли, барча ривожланган ва ривожланаётган бозорларда дастурчилар етишмайди, йирик корпорациялар улар учун катта пул тўлашга ҳам тайёр. Лекин унутмаслик керак – бозор талаблари жуда юқори.
Бошқа мутахассислар учун ҳам кўплаб имкониятлар мавжуд. Бироқ, барча соҳаларда кучли кўникма бўлиши лозим.
Мен учун яна бир кашфиёт шундаки, хорижда одамлар жуда бошқача, баъзида қарама-қарши қарашларга эга, сиздан 180 даража фарқ қиладиган инсонлар борлигини тан олишингиз зарур. Ўзингизни кимдир билан солиштиришнинг ҳожати йўқ, кечаги даражангиз билан солиштиринг ва ҳар кундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинг. Шамил Аляутдинов айтганидек – ҳар куни ақллироқ, кучлироқ, тақводорроқ ва бойроқ бўлишга ҳаракат қилинг.
Оила ва иш балансини мувозанатда сақлашга уринаман
Фикрингизга қўшиламан, аксарият дастурчиларда таълим ва карьера қуришга эътибор кучли ва вақтининг катта қисмини шунга сарфлашади. Натижада, иш ва оила балансида мувозанат бўлмаслиги мумкин. Умуман олганда, нима учун бу содир бўлмоқда? Биринчи сабаб, дастурчи ҳал қиладиган муаммолар жуда ҳаяжонли – одам у ёки бу вазифани бажараётганда бутун кун ўтиб кетгани ва аллақачон қоронғи тушганини сезмайди. Иккинчидан, карантиндан кейинги даврда кўплаб IТ-компаниялар дастурчини офисда ушлаб туриш зарур эмаслиги, уни масофадан туриб ҳам бошқариш мумкинлигини тушунишди. Бу компаниялар учун маблағ тежайди, лекин бир қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Масалан, дастурчиларда иш ва уй ўртасидаги саргузаштли ҳаёт бўлмайди. IТ-мутахассисга ранг-баранглик муҳим – тасаввур қилинг, мутахассис иш вақтида ўз уй столида вазифа устида ишлаяпти. Одатда иш куни тугагач, у ишни тўхташи керак, аммо фикрлар ҳали ҳам у ҳал қилмоқчи бўлган муаммо ҳақида давом этади. Бундан келиб чиқадиган нарса – у бутунлай ўзгара олмайди, оила ёки бошқа фаолият тўғрисида диққатини жамлаёлмаслик эҳтимоли кўп. Қолаверса, хаёлига бирор ечим келса, уни эсдан чиқармаслик учун иш столига яна ўтиради.
Ўзим бу борада имкон қадар оила ва иш балансини мувазанатда сақлашга уринаман. Дам олиш кунлари ишимга тегмайман, китоб ўқийман ва албатта турмуш ўртоғим билан вақт ўтказаман. Ҳар дам олиш кунлари биз бирон жойга борамиз ёки сайрга чиқамиз.
Ишонаманки олиб-сотарлар эмас, яратувчиларга айланамиз
6 ой олдин бир дўстим шундай маслаҳат берди: «Ўз соҳангда янги билим олиш учун ҳар куни камида ярим соат вақт ажрат». Ўшандан буён мен яхшигина ўсишга эришдим. Танаффуслар бўлмади, демайман. Гоҳида тўхтаб ҳам қолдим. Лекин ҳар сафар шу маслаҳатга амал қилишга киришганимда ўсаётганимни ҳис қилдим. Шу вақтдан бери 2 та китоб ўқидим ва ўз профессионал соҳам бўйича 2 та курсни муваффақиятли тугатдим.
Ёшларга тавсиям — «Соҳангизда янги билим олиш учун бир кунда минимум ярим соат вақт ажратинг». Шунда, биз ишонаманки олиб-сотарлар эмас, яратувчиларга айланамиз.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter