Қозоғистонда мактаб ўқувчиларининг дарс пайтида смартфонлардан фойдаланиши тақиқланиши қонунийлаштирилмоқда
Қозоғистонда мактаб ўқувчиларининг дарс вақтида смартфондан фойдаланиши тақиқланиши режалаштирилмоқда. Бу “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига таълим ва мураббийлик масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида назарда тутилган. Янги ўзгаришлар ҳақида депутат Асхат Аямагамбетовга асосланиб, Orda.kz хабар берди.
Айни пайтда қонунчиликда мактабларда дарс пайтида мобил телефонлардан фойдаланиш бўйича аниқ чекловлар мавжуд эмас.
“Бу масала анчадан бери муҳокама қилинмоқда. Чеклов фақат дарслар вақтига тааллуқли, бола мактабга мобил телефон олиб келиши ва танаффус вақтида ундан фойдаланиши мумкин. Яъни, бу борада ҳеч қандай чекловлар йўқ. Дарс давомида бола фақат таълим олиши, яъни ҳеч қандай ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслиги, масалан, TikTokда ўтирмаслиги керак”, — деб тушунтирди Аягамбетов.
Депутатнинг аниқлик киритишича, мактаб ўқувчиларига фақат истисноли ҳолатлардагина телефон ишлатишга рухсат берилади.
“Ҳозир бизда кўплаб замонавий мутахассислар, турли иловалардан фойдаланадиган ўқитувчилар кўп. Қайсидир инновацион усулда ишлаш учун ўқитувчи (ва унинг рухсати билан ўқувчилар — таҳр.) мобил телефонлардан фойдаланиши мумкин. Бу борада ҳеч қандай чекловлар йўқ. Агар бола дарс пайти ўз шахсий ишлари учун телефон ишлатмоқчи бўлса, албатта, рухсат этилмайди”, — деди депутат.
Демак, ўқитувчининг қарори билан дарсда фойдаланиш зарурияти бўлган ҳоллар инобатга олинмаганда, машғулотлар пайти ўқувчилар ва педагогларнинг смартфонлардан фойдаланиши ман этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter