Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёдаги энг баланд бўйли дастурчи аёл – 5 та рекорд соҳибаси

Дунёдаги энг баланд бўйли дастурчи аёл – 5 та рекорд соҳибаси

Фото: Yandex.ru

Туркияда Румейса Гелги исмли қиз Уивер синдроми деб номланувчи ноёб генетик мутация билан дунёга келган. Бу дард тананинг тез ўсишига олиб келади, кўпинча суякларни заифлаштириб, бўғимлар ҳаракатини чеклайди.

Румейса 5 ёшга тўлар-тўлмас иккита оғир жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди. Шундан сўнг, у илк бор қадам босишга муваффақ бўлган. Бунгача у махсус мослама (ходунок) ёрдамидагина юра олган.

Саккиз йил аввал туркиялик мактаб ўқувчиси энг баланд бўйли ўсмирга айланган эди

2014 йилда Румейса «Дунёдаги энг баланд бўйли ўсмир қиз» деган номга сазовор бўлди. 17 ёшида унинг бўйи 213,6 см.ни ташкил этган. Йиллар давомида қиз яна бироз ўсди.

2021 йил октябрь ойининг ўрталарида Гиннеснинг рекордлар китоби вакиллари ҳозирда яшаётган энг баланд бўйли аёл унвони бўйича жаҳон рекордини расман тасдиқлашди. Бу ўша пайтда 24 ёшни қарши олган Румейса Гелгига насиб этди: унинг бўйи 215,16 сантиметрга етганди.

Румейса баланд бўйи ва соғлиги туфайли кўпинча ногиронлар аравачасидан фойдаланади. Шунга қарамай, у қатъиятли ва келажагини фақат ёрқин ранглардагина кўради.

«Ҳар қандай камчиликни фазилатга айлантириш мумкин. Шунинг учун ўзингизни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилинг. Ўз салоҳиятингизни рўёбга чиқариш учун қўлингиздан келганича ҳаракат қилинг», – деди у Guinness нашрига берган интервьюсида.

Румейса ўзининг баланд бўйли ўсмирлик давридаги шон-шуҳратини шундай изоҳлайди: «Рекорд ўрнатиш – энг катта орзуларимдан бири. Рекордчи бўлиш жуда ажойиб».

У чинакамига ўзига хос инсонларгина рекорд ва жаҳон шон-шуҳратига эриша олади, деб ҳисоблайди.

Қизнинг ўзи ҳам узоқ вақтдан бери шу қоида бўйича яшайди ва ўз шон-шуҳратидан кам учрайдиган касалликларга чалинган бошқа одамларга ёрдам бериш учун фойдаланади. Румейса блог юритади, хайрия ташкилотига аъзо бўлган, турли форум ва тадбирларда фаол, маърузачи сифатида иштирок этади.

Ҳатто, 2019 йилда вояга етган Румейса Туркиядаги сайловларда овоз берди. «Сайловларни мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа деб биламан. Мен овоз берган ҳокимликка номзод имконияти чекланган инсонларга ёрдам беришига ишонаман. Бу жуда муҳим», – деганди у.

Aфсуски, ташқи кўриниши туфайли у танқидларга ва ҳатто тенгдошларининг масхараларига дучор бўлди. Aммо қиз кўнглини чўктирмади ва шундай деди: «Мен ҳаммадан ажралиб туришни яхши кўраман. Бу қизиқарли ва ўзимни ўзгача ҳис қиламан. Баланд бўй менга энг юқори жавонларга осонгина етишга имкон беради ва бундан ташқари, ҳеч ким менга юқоридан қарай олмайди!»

«Гиннеснинг рекордлар китоби бутун дунёдаги ғайриоддий одамларни тан олади. Румейса ўз касаллиги билан яшаркан ақл бовар қилмайдиган чидамлилик ва жасоратни намоён қилмоқда. У билан учрашиб, уни тақдирлаш мен учун шарафдир», – деди Гиннеснинг рекордлар китоби ходими Сейда Субас-Гемиси.

Бир аёл учун бешта жаҳон рекорди

Румейса ўзининг баланд бўйи туфайли эришган иккита жаҳон чемпионлигига қўшимча равишда яна учтасини қўлга киритган. Ҳозир яшаётган аёллар орасида у энг узун бармоқ (11,2 см), энг катта аёл қўллари (ўнги 24,9 см, чапи 24,2 см) ва аёллар орасида энг узун бел (59,9 см) соҳибаси ҳисобланади.

Румейса учун пойабзал ҳам алоҳида ишлаб чиқарилади. Унинг оёқ ўлчами эркаклар пойабзалининг 47-ўлчамига тўғри келади.

Румейса орзусини амалга оширишда ҳеч ниманинг тўсқинлик қилишига йўл қўймади. Мактабга боришга жисмоний имконияти бўлмагач, қиз ўқишини уйда тамомлади. У ҳамиша технология соҳасида ишлашни хоҳларди. Шу боис у дастурчиликни ўргана бошлади. Румейса фронтенд дастурчилигини мустақил равишда ўрганиб олган. Бундан ташқари, у ҳуқуқшунос ва тадқиқотчилик билан ҳам шуғулланади. Румейса мазали таомлардан татиб кўриш учун оиласи билан кафеларга боришни, Netflixда телекўрсатувларни томоша қилишни, бўш вақтларида сузишни, дўконларга боришни, янги жойларда сайр қлишни ва мушугини эркалашни ёқтиради.

Рекорд янгиланиши мумкинми?

Шифокорлар бундан буён Румейса ўсмаслигини, Ер юзидаги энг баланд бўйли, 2 метр 51 сантиметрли ватандоши Султон Косендан ўзиб кетмаслигини айтишмоқда.

Унгача канадалик 2 метр 41 сантиметрли Aнна Хейнинг Свон дунёдаги энг баланд бўйли қиз ҳисобланган. Тарихдаги энг баланд бўйли одам эса америкалик Роберт Уодлоу бўлиб, унинг бўйи 1940 йилда 2 метр 72 сантиметрни ташкил этган.

Дунёдаги энг баланд аёл шахсий рекордини янгилади

Туркиялик Румейса Гелги расман Ер юзидаги энг баланд аёл ҳисобланади. Aммо яқинда унинг ҳаётида шахсий рекорд содир бўлди – қиз 25 йил ичида биринчи марта самолётда парвоз қилди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.

Румейсанинг Истанбулдан Сан-Францискога парвози 14 соат давом этди, деб ёзади Aмериканинг New York Post нашри. Саёҳат қулай бўлиши учун Turkish Airlines ходимлари олтита ўриндиқни махсус каравотга алмаштиришди.

Гелги дастурий таъминот соҳасида ишлайди. У AҚШга хизмат сафари учун борганлиги айтилмоқда.

«Биринчи дақиқадан сўнгги дақиқагача бўлган ажойиб саёҳат. Бу менинг биринчи парвозим эди, лекин, албатта, охиргиси эмас...», – дея ҳаяжон билан Румейса ўзининг Инстаграмдаги 20 мингдан зиёд обуначиси билан ўртоқлашди.

«Саёҳатимда иштирок этган ҳар бир инсонга чин дилдан миннатдорчилик билдираман», дея қўшимча қилди у ва ўз саҳифасида саёҳат давомида олинган бир нечта фотосуратлар билан бўлишди.

Қизнинг айтишича, у кейинги олти ойни Қўшма Штатларда ўтказишни режалаштирмоқда ва ҳозир Калифорния бўйлаб саёҳат қилмоқда.

У нафақат баланд бўй соҳибаси...

2021 йилда Туркиядаги йирик ёнғинлар пайтида у Инстаграмдаги профилида ёрдам сўраб ҳайқирди: «Бизга ёрдам бера оладиган барча давлатларга мурожаат қиламиз.

112 та ёнғин оқибатида адойи тамом бўлдик. Биз тўхтата олмаган ёнғин ҳали ҳам даҳшатли. Буни тўхтатиш учун бизда ўт ўчириш самолётлари етарли эмас.

Биз 8 кишини, жуда кўп ҳайвонларни ва ўрмонларимизни йўқотдик. Илтимос, бизга ёрдам беринглар! Бизга зудлик билан самолётлар керак. Битта дунёмиз бор».

Кўриб турганингиздек, қаҳрамонимиз нафақат катта бўй, балки бошқа одамларнинг муаммоларига бефарқ бўлмаган катта қалб соҳибаси ҳамдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг