Сохта ҳаволага ишонган аёл пулидан айрилди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи 33 ёшли (аёл) А.Э. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 1 275 000 сўм пул номаълум тарзда ечиб олинганлигини маълум қилди.
Тезкор-қидирув хизматининг киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи 31 ёшли О.О. содир этганлиги аниқланди.
Гумон қилинувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган О.О. интернет фойдаланувчиларига Telegram мессенжери орқали турли мазмундаги ёлғон эълонлар остида сохта ҳавола жўнатиш билан шуғулланган. Алдовларга ишониб, сохта ҳаволага банк картаси маълумотларини киритган шахсларнинг банк карталари бошқарувини қўлга киритиб, уларнинг ҳисобидаги пулларни ўзлаштириб келган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, О.О.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter