UZTELECOM Марказий темир йўл вокзалида илк SIM-комат қурилмасини ишга туширди
UZTELECOM Тошкент Марказий темир йўл вокзалида автоматлаштирилган SIM-карта сотиш қурилмаси – SIM-коматни ишга туширди. Бу янгилик мобил алоқага уланиш жараёнини соддалаштиришда муҳим қадам бўлиб, пойтахт меҳмонлари ва фуқароларга SIM-карталарни оператор офисига ташриф буюрмасдан тез ва қулай олиш имконини беради.
SIM-комат – бу автоматик ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қурилмаси бўлиб, фойдаланувчиларга SIM-картани олиш ва рақамни бир неча дақиқа ичида фаоллаштириш имконини беради.
SIM-коматнинг ишга туширилиши вокзалнинг кенг кўламли реконструкцияси якунланиши билан бир вақтда амалга оширилди. Бу ўз ўрнида вокзал қулайликларини оширишга хизмат қилади. UZTELECOM томонидан ўрнатилган SIM-комат саёҳатчиларнинг мушкулини енгиллаштирувчи янги технология. Энди меҳмонларимиз вокзалнинг ўзида SIM-карталарни ортиқча оворагарчиликларсиз олишлари мумкин, бундан саёҳатчилар ҳам мамнун бўлишига шубҳамиз йўқ.
Янги SIM-комат Тошкент Марказий темир йўл вокзалининг қулай ҳудудида жойлашган. Фойдаланувчилар ускуна ёрдамида экрандаги содда кўрсатмаларга амал қилиб SIM-карта олишлари ва фаоллаштиришлари мумкин. Яқин келажакда UZTELECOM бундай қурилмалар сонини бутун Ўзбекистон бўйлаб кўпайтиришни режалаштирмоқда, бу мамлакат фуқаролари ва меҳмонлари учун мобил алоқага уланишни янада қулайлаштиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter