Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ТХИФ–2026: Мақсаддан натижага — беш йил рақамларда

ТХИФ–2026: Мақсаддан натижага — беш йил рақамларда

2026 йилнинг 16–18 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ўтказилди.

Сўнгги беш йил ичида ТХИФ давлатлар, тараққиёт институтлари ва халқаро бизнес вакиллари ўртасидаги мулоқот учун минтақанинг энг муҳим платформаларидан бирига айланди. Жорий йилда форум дунёнинг 100 мамлакатидан қарийб 4 минг нафар иштирокчи, жумладан, ҳукумат раҳбарлари, халқаро молиявий институтлар, инвестиция фондлари ва йирик компаниялар раҳбарларини бир жойга жамлади.

Мақсаддан натижага: беш йил рақамларда

Биринчи форумда Ўзбекистон 2026 йил якунига қадар ялпи ички маҳсулотни (ЯИМ) 100 миллиард долларга етказишни мақсад қилган эди. Ҳукуматнинг айни дамдаги баҳолашига кўра, бу кўрсаткич 180 миллиард доллардан ошади.

Сўнгги беш йил давомида мамлакат 123 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилди. Халқаро валюта захиралари 70 миллиард доллардан ортиқни ташкил этмоқда, 2025-йилда ЯИМ ўсиши эса 7,7 фоизга етди.

Макроиқтисодий кўрсаткичлардаги ушбу ижобий ўсиш халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқишини янада оширди. Бугунги кунда ТХИФ минтақавий инвестиция тақвимида мустаҳкам ўрин эгаллаган.

Институционал муҳит янги устувор йўналиш сифатида

Бу галги форумда Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида умумий иқтисодий ўсиш омилларидан кўра инвестиция инфратузилмасининг аниқ параметрларига урғу берди. Шу мақсадда Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилмоқда. Ушбу марказда фаолият юритадиган компаниялар 50 йил давомида фойда солиғи, ҚҚС ва божхона тўловларидан озод этилади. Марказда мустақил назорат органи ва инглиз ҳуқуқи асосида ишлайдиган тижорат суди фаолият юритади. Бу эса хорижий инвесторлар учун янада ишончли ва қулай муҳит яратиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда сунъий интеллект ва дата-марказлар учун махсус ҳудуд ташкил этилади. Бу ерда фаолият юритадиган компаниялар 2040 йилгача барча асосий солиқлардан озод қилинади. Электр энергияси нархи эса ҳар киловатт-соат учун 5 цент этиб белгиланади. Бу ташаббуслар қисқа муддатли имтиёзлар эмас, балки инвесторларни узоқ муддатга жалб қилиш ва бизнес учун барқарор шароит яратишга қаратилган.

Транспорт-логистика боғлиқлиги

Президент ўз нутқида минтақадаги транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

Бугунги кунда Ўзбекистон бир нечта муҳим транспорт йўналишлари устида ишламоқда. Улар орасида Хитой – Қирғиз Республикаси – Ўзбекистон темир йўли, Афғонистон орқали жанубий денгиз портларига чиқадиган Трансафғон коридори ҳамда Каспий денгизи орқали ўтувчи Ўрта коридор бор. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон Ўрта коридорни фаол ривожлантирмоқда. Ушбу йўналиш Марказий Осиёни Озарбайжон орқали Европа бозорлари билан боғлайди ва халқаро савдо ҳамда юк ташиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон — Озарбайжон ҳамкорлиги

17 июнь куни форум доирасида Ўзбекистон–Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда давлат институтлари, эркин иқтисодий зоналар вакиллари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирок этди. Кун тартибидан саноат кооперацияси, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш, логистика ва транспорт алоқаларини кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон–Озарбайжон Инвестеция компанияси (АУИК) бош директори Назим Гажиевнинг таъкидлашича: «ТХИФ доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжонга бағишланган алоҳида сессиянинг ташкил этилгани икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тобора кучайиб бораётганини кўрсатади. Бугунги кунда эркин иқтисодий зоналар, логистика ва саноат кооперацияси йўналишларида ҳамкорлик кенгаймоқда. АУИК эса айнан шу соҳалардаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш билан шуғулланади».

АУИК 2023 йилда Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан ишлаб чиқариш, технологиялар ва инфратузилма соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни тўғридан-тўғри молиялаштириш воситаси сифатида ташкил этилган бўлиб, устав капитали 500 миллион долларни ташкил этади. Форум АУИК фаолият юритаётган йўналишлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётганини кўрсатди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг