Мамлакатимизда “IT Park Ventures” фонди ишга туширилди
Жорий йилнинг 7 декабр куни “Digital Startups Week 2024” доирасида стартапларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган “IT Park Ventures” венчур фондининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимни Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров, IT Park Uzbekistan бош директори Фарҳод Ибрагимов ва “IT Park Ventures” директори Азамат Караматов олиб борди.
“Бизнинг асосий мақсадимиз юқори салоҳиятли стартапларни топиш, уларнинг ривожланишига сармоя киритиш ва халқаро бозорларга чиқишларига ёрдам бериш орқали Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишдир,“ — деди Азамат Караматов фонднинг стратегик вазифасини таъкидлаб.
“IT Park Ventures” асосий йўналишларда ривожланаётган стартапларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратади: сунъий интеллект ва машинали ўқитиш (AI/ML), яшил технологиялар (GreenTech), таълим технологиялари (EdTech), молиявий технологиялар (FinTech) ва ўйин ишлаб чиқариш (Game Development).
Ушбу йўналишлар глобал ривожланиш ва инновацион ечимларни жорий этиш учун энг истиқболли соҳалар сифатида танланди.
Жамғарма стартапларни ривожланишнинг барча босқичларида қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда, бу эса уларга улкан ғояларни амалга ошириш учун сармоя олиш имкониятини беради.
Масалан, ғоя босқичидаги стартаплар 10 000 доллардан 30 000 долларгача, тайёр МVP билан эса 50 000 доллардан 150 000 долларгача молиялаштириш олиши мумкин.
Ўсиш босқичидаги стартаплар 150 000 доллардан 300 000 долларгача сармоя жалб қилиши мумкин.
Шу билан бирга, агар лойиҳа юқори салоҳиятни кўрсатса ва кенгайтиришга тайёр бўлса, жамғарма А церийадаги раундларга сармоя киритиши мумкин, бунда инвестициялар миқдори 1 миллион долларгача етиши мумкин.
Қарорга кўра, “IT Park Ventures” халқаро венчур фондлари ёки бизнес фаришталари томонидан стартапларга киритилган ҳар бир хорижий инвестицияни 100 000 АҚШ доллари миқдорида икки бараварга оширади.
Бундан ташқари, стартаплар гаровсиз 300 миллион сўмгача кредит олишлари мумкин бўлади. Бу ставка Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизга юқори бўлади.
Шу билан бирга, “IT Park Ventures” ўз олдига янада кенгроқ вазифаларни қўяди. Жамғарма нафақат молиялаштиришни тақдим этади, балки стартапларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Бунга юридик ва маркетинг ёрдами, бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш ва халқаро алоқалар тармоғига кириш имконияти киради. Бундай ёндашув ёш компаниялар дуч келадиган тўсиқларни бартараф этиш ва уларнинг барқарор ўсиши учун шароит яратишга қаратилган.
Ўзбекистонда стартап экотизимининг ўсиш динамикаси ташаббуснинг муҳимлигини тасдиқлайди. 2024 йилнинг 11 ойи якунларига кўра, мамлакатда 400 дан ортиқ истиқболли стартаплар рўйхатга олинган бўлиб, улар 148 миллион доллардан ортиқ инвестицияларни жалб қилган.
Мазкур маблағларнинг катта қисми халқаро жамғармалардан келиб тушган, бу эса Ўзбекистоннинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини кўрсатади.
“IT Park Ventures” фондининг ишга туширилиши нафақат стартаплар ривожланишини рағбатлантирадиган, балки мамлакатда янги инвестиция маданиятини шакллантиришга ҳисса қўшадиган стратегик қадамдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter