Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яримўтказгичлар бозори: Intel тахтни қайтариб олди, NVIDIA илк марта кучли бешликда

Яримўтказгичлар бозори: Intel тахтни қайтариб олди, NVIDIA илк марта кучли бешликда

Фото: Thegioididong.com

Яримўтказгичлар бозори қатнашчилари шу ойда нафақат олдинги чорак, балки 2023 йил якунларини сарҳисоб қилишади. Gartner компанияси ҳозирданоқ жорий маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, Intel асосий рақиби Samsung Electronicsга нисбатан кўпроқ даромад олиб, икки йиллик танаффусдан сўнг етакчи мақомини қайтариб олди. Сунъий интеллект тизимларига талаб ошиши ортидан ишлари юришиб кетган NVIDIA — биринчи марта кучли бешликда!

Умуман олганда, Gartner ҳисоб-китобларига кўра, яримўтказгичлар бозори ҳажми пулли ифодада ўтган йили 11,1 фоиз — $533 млрдгача қисқарди, негаки хотира қурилмалари бозори кузатувлар тарихидаги энг мураккаб, нобарқарорлик ҳукм сурган даврни бошдан ўтказди. Яримўтказгичлар бозорининг 25 та энг йирик ишлаб чиқарувчиси орасида фақат 9 таси 2023 йилни даромад ўсиши билан якунлай олди, 10 тасида эса даромад пасайиши икки хонали фоизларда акс этди. Жами ҳисоблаганда, глобал бозор даромадининг 74,4 фоизи юқоридаги 25 ишлаб чиқарувчига тўғри келди.

Samsung Electronics энг йирик хотира қурилмалари ишлаб чиқарувчиси бўлгани боис, 2023 йилда нархлар тушиб кетишидан ҳаммадан кўп зарар кўрди. Жанубий кореяликлар даромади 37,5 фоизга камайиб, $39,9 млрдни ташкил қилди, оқибатда азалий рақиб — Intel яна ўрнига қайтди. Америка компаниясини ҳам даромад қисқариши (-16,7 фоиз) четлаб ўтмади, аммо якуний — $48,7 млрд даромад пешқадамликни кафолатлади.

Асосан смартфонлар учун процессорларга ихтисослашган Qualcomm глобал бозорда учинчи ўринни банд этди ($29 млрд даромад), аммо бу компанияда ҳам 2022 йилга нисбатан даромад қисқариши кузатилди: -16,6 фоиз.

Тўртинчи ўринда — 2023 йилда даромади 7,2 фоиз ўсиб $25,6 млрдни ташкил этган Broadcom компанияси. NVIDIA жуда катта сакраш қилди — йиллик 56,4 фоиз ўсиш ва $24 млрдлик якуний натижа компанияни 12-ўриндан 5-ўринга олиб чиқди! Албатта, сунъий интеллект билан шуғулланувчилар айнан шу компания чиқараётган график тезлатгичлар эҳтиёж сезгани унинг муваффақиятини таъминлади.

Жанубий Кореянинг SK hynix компанияси 4-ўриндан 6-ўринга пастлаган бўлса (-32,1 фоиз, $22,8 млрд), AMD ўзининг еттинчи ўрнига “содиқ қолди” (-5,6 фоиз, $22,3 млрд).

Автомобиллар сегментидаги юқори талаб ортидан STMicroelectronics даромадини $17,06 млрдга етказиб, 11-ўриндан 8-ўринга кўтарилди. Apple фақат айфон чиқармайди — яримўтказгичлар топ-10талигида 9-ўринда турибди (-5,8 фоиз, $17 млрд). Ўтган йили даромади 12,2 фоизга қисқариб, 16,5 млрд долларга тушиб кетган Texas Instruments зўрға кучли ўнликка илиниб қолди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг