Квант компютер вазифани суперкомпютердан 220 млн баравар тез уддалади, бироқ...
Google квант технологиялари соҳасидаги муваффақиятлари ҳақида ҳисобот берди. Компаниянинг 70 кубит кучга эга компютери дунёдаги энг кучли Frontier суперкомпютери 47 йилда амаллайдиган вазифани бир неча сония ичида уддалади.
Бироқ танқидчиларга кўра, гарчи академик нуқтаи назардан бу улкан ютуқ саналса ҳам, Google қўллаган алгоритмни реал ҳаётда амалиётга татбиқ этиб бўлмайди.
Хўш, Google қўллаган алгоритм нима ўзи?
Бунда квант схемаларда тасодифий ҳолат генерация қилинади, тизим эса когерентлик (квант ҳолатнинг бузилиши) бузилишига қадар уларни ҳисоблайди. Google маълум қилишича, 70 кубитда масала 6,5 сонияда ечилади, бу ишни уддалаш учун замонамизнинг қудратли суперкомпютери — экзафлопс тезликларга эга Frontier 47 йил сарфлаган бўларди.
Universal Quantum компанияси раҳбари Себастян Вайдт Google ютуғи амалиётда бир наф бермаслигини таъкидламоқда, бироқ келажак универсал квант компютерлари олдида муаммо бўлиб турган жиҳат — квант ҳисоблашларнинг шовқинларга бардошлилигини ўрганишга бағишлангани билан ҳам юқоридаги натижа аҳамиятли.
Ҳисоб-китобларга кўра, тижорий фойдаланишга яроқли бўлиши учун квант компютерларнинг кучи 4 000 дан 10 000 кубитгача етиши шарт. Бироқ ҳозиргача ишлаб чиқарилган энг кучли квант компютерда 500 кубит ҳам йўқ.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter