Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Технонаҳанглар ва геосиёсат қандай қилиб сувости интернет инфратузилмасини шакллантираётгани тўғрисида

Технонаҳанглар ва геосиёсат қандай қилиб сувости интернет инфратузилмасини шакллантираётгани тўғрисида

Фото: Vietnam.vn

The Economist нашри йирик технология компаниялари ва геосиёсат таъсири остида сувости интернет инфратузилмаси қандай шаклланаётганига бағишланган мақола чиқарди. Мақолани ўзбек тилига ўгириб, сайтимизда эътиборингизга ҳавола этяпмиз.   

Маълумотларни узатиш кабеллари иқтисодий ва стратегик бойликларга айланмоқда

Шу ойнинг бошида Буюк Британия, Финляндия ва Эстония ҳарбий-денгиз кучлари Болтиқ денгизида ҳамкорликда ўқув ўтказди — уларнинг мақсади жанговар тайёргарликни янада тоблаш эмас эди. Бунинг ўрнига ҳамкорлар сувости газ қувурлари ва кабелларни ҳимоялашни машқ қилишди. Ҳарбий ўқув ҳудудда сувости кабелларига шикаст етказилган октябр ойидан пича муддат ўтиб бошлангани эътиборга молик. Ўшанда Финляндия президенти Саули Ниинистё бир саволни ўртага ташлаганди: воқеада айбланган Хитой кемаси океан тубига лангарни “атайин ташлаганми ё кема бошқарувчилари нўноқлик қилишганми”.

Сувости кабеллари илгари Бутунжаҳон тўри (интернет)нинг шунчаки бир қисми саналган. Энди бўлса Amazon, Google, Meta ва Microsoft каби “маълумотлар иқтисодиёти” наҳанглари, АҚШ ва Хитой ўртасидаги жаҳон рақамли инфратузилмасини бўлаклаб юбориш хавфига замин яратаётган зиддиятли муносабатларга ҳам қарамасдан, маълумотлари оқими назоратини кучайтиришни талаб қилишмоқда. Натижада сувости кабеллари бебаҳо иқтисодий ва стратегик бойликларга айланмоқда.

Қитъалараро интернет-трафикнинг қарийб 99 фоизи сувости каналлари орқали ўтади. TeleGeography компанияси тадқиқотларига кўра, ҳозирда ишлаб турган ва режалаштирилган сувости кабелларининг узунлиги 1,4 миллион километрдан ошади. Ҳар бир кабел 12-16 та оптик толали боғлам (ҳар бири тахминан боғ-роғларни суғоришда ишлатиладиган шланг қалинлигида)дан иборат бўлиб, ўртача 3 600 км чуқурликдаги денгиз тубидан ўтган. Кабелларнинг деярли ярми сўнгги 10 йилда ётқизилган. Янги кабеллар бир сонияда 250 терабит маълумот ўтказишга қодир, 1,3 миллионта видеороликнинг оғирлиги тахминан шунча келади. Маълумотлар булутларда (булутли технологиялар) сақланади, аммо океан туби бўйлаб “оқади”.

2019 йилдан буён интернетнинг халқаро ўтказувчанлик қобилияти уч карра ёки сониясига 3800 терабитгачадан кўпроқ ошди, деб баҳолади TeleGeography. Улкан ҳажмдаги маълумотларни истеъмол қилувчи сунъий интеллектнинг оёққа тураётгани инобатга олинса, бу тенденция янаям ривожланади. Келгуси олти йил давомида йирик булут провайдерларининг дата-марказлари қуввати салкам уч бараварга ошади, дея прогноз қилди маълумотларни таҳлил қилишга ихтисослашган Synergy Research Group компанияси. Маълумотлар билан ишловчи бу марказларни интернетга улаш учун 2020 йилдан 2025 йилгача бўлган оралиқда тегишли кабел саноати 440 минг км янги сувости линияларини ўтказиши зарур бўлади.

Йирик технология компаниялари шарофати билан сувости кабеллари соҳасида катта қадамлар ташланди. 2000-йилларнинг бошларига қадар сувости кабелларидан бутун дунё бўйлаб асосан овозли хабарларни жўнатишда фойдаланилган. Бу салоҳиятнинг улкан қисмини BT ва Orange (собиқ France Telecom) назорат қилган. 2010-йилларга келиб маълумотлар трафиги кескин ошиб кетиши натижасида Amazon, Google, Meta ва Microsoft каби интернет ва булутли ҳисоблаш гигантлари ушбу линияларни ижарага олишни бошлади.

Маълумотларга талаб ўсиши баробарида технология компаниялари ўз кабелларини ётқизишга киришиб кетди. 2012 йилда юқоридаги тўрт компания халқаро маълумотлар ўтказиш кабелларининг тахминан ўнда бир қисмидан фойдаланарди. Ҳозир ушбу квартетнинг улуши салкам учдан бир қисмга яқинлашиб қолди. “Катта технологияларнинг” чуқур чўнтаклари лойиҳалар ниҳоясига етказилишини кафолатлайди. Соҳанинг Submarine Telecoms Forum ташкилоти маълумотларига қараганда, барча эълон қилинган кабел тизимлари лойиҳаларининг ярмига яқини чиндан ҳам қурилмоқда, бевосита технология компанияларининг кабел қуриш режалари эса деярли доим амалга ошириляпти.


Келгуси тўрт йилда яратилиши режалаштирилган кабел тизимларига сарфланадиган $12 млрднинг бешдан бир қисми йирик технология компанияларига тўғри келмоқда. Amazon — битта, Microsoft — тўртта кабел линиясида ҳамшерик ҳисобланади. Meta эса бир кабел линиясига тўлиқ ўзи эгалик қилишдан ташқари, бошқаларнинг 14 та линиясига сармоя тиккан. Булар орасида Googleга етадигани йўқ — интернет гиганти иштирокидаги 26 та кабел тизимининг 12 таси — тўлиқ ўзиники. 2023 йилда Google якунига етказган 360 млн долларлик Firmina лойиҳаси доирасида 14 000 км узунликдаги сувости кабеллари Шимолий Америка шарқий соҳилларидан бошланиб, Бразилия ва Аргентинагача етиб борди.

Махсус кабеллар сабабли технология гигантлари бегона каналларнинг ўтказиш қобилиятидан фойдаланишга эҳтиёж сезишмайди ёки бўлмаса фойдаланувчиларнинг талабларига тез мослашишади, исталган муаммоларга (мабодо маршрут кабелига шикаст етган бўлса, маълумотлар компаниянинг бошқа линиясига йўналтирилади) тез чора кўриша олади.

Алан Маулдин (TeleGeography вакили) таъкидлашича, оператор-хўжайин мақоми ҳам техногигантларга ўз ихтисослашувига мувофиқ қарорлар чиқаришда қўл келади. Аксарият операторлар денгизости кабелларини қуруқликдаги мижозларнинг маълумотларига ишлов бериш марказлари билан бирлашувчи умумий “алоқа боғламлари”дан фойдаланишга мажбур. Ўз кабелларига эга компаниялар эса кабелларни бевосита ўз дата-марказларига улашади ва маълумотларни юқорироқ тезликда узатишади.

Кабелларнинг ўтказувчанлиги ва тезлиги “ақлли” технологияларнинг жорий этилиши ҳисобига қўшимчасига ошмоқда. 2019 йилда Google кабелдаги оптик толали “арқонлар” сонини 16 тадан 24 тагача ошириш имконини берувчи инновацияси (кенг бўлинишли мултиплексирлаш)ини жорий этди. Бу йил эса компания янада илгарилаб, оптик тола кластерлари ядросини икки ҳисса оширди. Натижада Тайван ва Филиппинни Америка билан боғловчи ушбу кабел тизими ўтказувчанлиги ошиб, унга хизмат кўрсатиш харажатлари камайди.

Буларнинг барчаси маълумотлар узатиш кабеллари бизнеси қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Бир пайтлар телекоммуникация компаниялари кабелларидан ижара ҳақи тўлаб фойдаланган технология гигантлари бугун ўз кабелларини алоқа операторларига ижарага бермоқда. Жараёнинг бундай ўзгариши телекоммуникация компанияларига ҳам маъқул, негаки, улар мижозларнинг кабеллар (интернет) тезлигини ошириш борасидаги доимий босими остида ишлашади, бироқ узундан-узун кабел линияларини ётқизиш учун етарлича сармоя тўплаш телеком-компанияларнинг азалий муаммоси бўлиб келган. Кабелларни ётқизиш учун керакли техника ва жиҳозларни (бевосита кабелларни ҳам) ишлаб чиқарувчи компаниялар учун ҳозир — энг яхши давр.

Бошқа глобал соҳалар каби, маълумот узатиш кабеллари ишлаб чиқариш бизнеси ҳам Америка ва Хитой ўртасидаги технологиялар пойгасига айланиб кетди. Мисол учун, Тинч океани кабел тармоғи (Pacific Light Cable Network, plcn)ни олайлик. 13 минг километрли ушбу маълумотлар ўтказиш тизимини яратиш ҳақида Google ва Meta 2016 йилда эълон қилганди. Мақсад — Америка ғарбий соҳилини Гонконг билан боғлаш эди. Режага кўра, Америкада қурилиши бошланган кабел 2020 йилда Филиппин ва Тайванга етиб келиши керак эди. Бироқ ўтган йили Хитой ҳукуматининг америкаликларнинг маълумотларига кириши осонлашишидан хавотирланган АҚШ ҳукумати Гонконггача бўлган сўнгги бўлакни қуришга рухсат бермади. Гонконгни улкан тармоққа боғлаши лозим бўлган юзлаб километр кабеллар океан тубида ётибди.

Америка Хитойга бошқа йўл билан ҳам халақит беришга уриняпти. Уммон чуқурликларида кабел ётқизиш — ўта машаққатли иш. Бу кўникмага эга пудратчилар эса саноқли. Океанлар тубида ётқизилаётган кабеллар харажатларининг 80 фоизи уч компания — Alcatel Submarine Networks (Франция), Nec (Япония) ва SubCom (АҚШ)га тўғри келади. Huawei шарофати билан пайдо бўлган HMN Tech (Хитой)нинг улуши эса 9 фоиз атрофида. Бироқ Ғарб ва Хитой ўртасидаги зиддият фонида Америкага мўлжалланган янги кабеллар етказиб бериш бўйича шартномаларнинг кўпи HMN Techни четлаб ўтяпти. Хитойлик компаниядан таъминотчи сифатида фойдаланишдан уларни айнитишаётганини телекоммуникация компаниялари раҳбарларининг ўзлари ҳам тасдиқлашмоқда. 2022 йилда бир гуруҳ операторларга (улар орасида Bharti Airtel (Ҳиндистон, SingTel (Сингапур) ҳам бор) тегишли, Жануби-Шарқий Осиёни Европа билан боғловчи 19 минг километрли SEA-ME-WE 6 линиясини қуриш бўйича фойдали шартнома SubCom (АҚШ) компаниясига насиб этди, ҳолбуки, айрим хабарларга кўра, хитойликлар (HMN) арзонроққа қуриб беришмоқчи бўлган.

Хитой ҳам индамай турадиганлардан эмас. Кения ва Францияни Покистон орқали боғловчи 21 500 километрли Peace сувости кабели Хитойнинг глобал таъсирини кучайтириши кутилаётган “Рақамли ипак йўли” дастури доирасида тўлиқ хитойликлар томонидан қурилди. Reuters агентлиги хабар беришича, бу йил Хитойнинг уч алоқа оператори (China Telecom, China Unicom ва China Mobile Limited) Хитойни Сингапур, Покистон ва Миср орқали Франция билан боғловчи кабел тармоғига 500 млн доллар сармоя киритмоқда. Лойиҳани HMN Tech компанияси амалга оширади, янги линия америкаликлар тендерини ютиб олган SEA-ME-WE 6 линиясига жуда жиддий рақобат туғдиради (иккаласининг маршрути деярли бир хил).

Хитой-Америка рақобатининг кескинлашувига қарамай, 2019–2023 йиллар давомида икки мамлакат ўртасида маълумотлар ўтказиш қобилияти 20 фоизга ўсган. Ҳар икки мамлакатнинг жумладан кабеллардан ҳам фойдаланувчи мобил алоқа операторлари бир-бирининг ҳудудидаги тармоқларга уланиш имкониятларини кенгайтиришда давом этмоқда. Бирок керакли лизенцияни қўлга киритиш тобора мураккаблашмоқда.

Шу йилнинг март ойида Америка федерал алоқа комиссияси лицензия эгалари ҳақида катта маълумотлар тақдим этиш шартлиги белгиланган таклифни эълон қилди. Ушбу баёнотда, шунингдек, Америкада China Telecom жисмоний инфратузилмасининг мавжудлиги “миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботга хатар туғдириши” айтилган. Оқибатда бит ва байтлар янада чалкаш ва узун, демакки, янада қиммат йўлларни босиб ўтишга маҳкум. Тинч океанидаги зиддият кескинлашиб бораверса, кунларнинг бирида сувости маршрутларидан асар ҳам қолмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг