Бизнинг болаларимиз ҳам “Нютон билан виртуал реаллаштириш жараёнлари”га реал гувоҳ бўлиш ҳуқуқига эга

Яқин бир неча йиллар ичида “рақамли” сўзи дунё тиллари луғатида энг кўп қўлланилган сўз десак асло муболаға бўлмаса керак. Ушбу терминнинг келиб чиқиши XV асрга бориб тақалади ва олдинда яна неча асрлик “рақамли келажак” кутаётгани бизга қоронғу.
Таълим соҳасида рақамли технологияларнинг иштироки жуда узоқ тарихга эга эмас. Хусусан, 1950-йиллардан Америка синфхоналарида проекторлар ва телевизор билан жиҳозланган синфхоналар ташкил этила бошланган. Ҳатто интернет ихтиро қилинмасидан аввал Иллинойс университети (АҚШ) устозлари тармоққа уланган компютерлар орқали онлайн маъруза ўқишган экан. 1984 йилда эса Торонто университети (Канада)да тўлиқ онлайн курслар таклиф қилинган, Феникс университети (АҚШ) эса дунёда биринчи бўлиб ҳам бакалавр, ҳам магистрлик даражаси учун онлайн дарсларни йўлга қўйган олийгоҳ деб топилган. 2019 йилга келиб, кенг кўламли виртуал дарсларнинг жорий қилинишидан сўнг, бугун рақамли таълим нафақат ўқувчиларнинг ихтиёрий танлови, балки онлайн ўқитиш бозорининг катта молиявий пойдеворига айланди.
Техноасрнинг рақамли таълим (ёки виртуал/онлайн таълим) деган тушунчаси бугун таълимга оид платформалар, онлайн дарслар, таълимий дастурлар ва катта ахборот алгоритмларини англатади. Океанорти олимлари бу тушунча маъносини янада кенгайтириб, виртуал реаллик асосида синфхоналарга кириб бориш мумкинлиги устида иш олиб боришмоқда.
Тадқиқотларга кўра, инсон мияси ўқиш орқали 10 фоиз, эшитиш орқали 20 фоиз ва тажриба қилиб кўриш орқали 90 фоиз маълумотни эслаб қолар экан. Виртуал реаллик айнан тажриба қилиб кўриш имкониятини бериш мумкин бўлган катта таълимий ихтиро сифатида кўрилмоқда. Тортишиш қонунини ўрганаётган болажонлар Нютон билан бирга ушбу физик ҳодисани тажриба қилиб кўришлари китобдаги кичик иллюстрациялардан кўра кўпроқ таъсир аҳамиятига эга. Ваҳоланки, бу нафақат тарих дарсларининг идеал шаклда ўтилиши, балки Ҳарвард профессорининг ўз стулидан қимирламасдан талабалар билан реал мулоқот қилишини таъминлайди (Zoom платформаларидаги дарслар назарда тутилмаган).
Рақамли таълимдан кўзланган энг катта мақсад инсоният учун дастлабки эҳтиёж ҳисобланган ёзиш, ўқиш ва фикрлаш қобилиятларини шакллантиришни осонлаштиришдан иборат. Узоқ ҳудудларда истиқомат қилувчи ёки таълим олиш учун қурби етмаган оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу таълим режаси ривожланган давлатлар олимлари томонидан ишлаб чиқилишда давом этмоқда. Онлайн ўқитиш бозорининг йиллик фойдаси 187,87 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, бу натижа яқин олти йил ичида рақамли таълимдаги ўсиш 400 фоиз баландлаганини кўрсатади. Рақамли таълим дастурларининг энг чаққон харидорлари эса Африка, Ҳиндистон ва Хитой аҳолиси ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳам ушбу соҳани ривожлантириш йўлида бир қанча тизимли ва режали ишлар бошланган. Масалан, энг ҳуқуқий томонига назар солсак, Ўзбекистон президентининг “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йилдаги фармонига асосан, электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларининг маҳаллий бозорини янада ривожлантириш, республиканинг барча ҳудудларида IT Park филиалларини ташкил этиш, шунингдек, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашни кўзда тутувчи 220 дан ортиқ устувор лойиҳаларни амалга ошириш бошлаб юборилган. Ушбу фармон доирасида “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини ташкил қилиш ва рақамли таълимни ривожлантириш йўлида ахборот хавфсизлигини ҳам таъминлашга оид лойиҳалар йўлга қўйилган. Шунингдек, президентнинг 2023 йил 24 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 162-сонли қарорига мувофиқ рақамли таълим ресурсларини ташкил қилиш энг дастлабки миссия эканлигини таъкидлаш ўринлидир.
Рақамли таълим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни кенг миқёсда йўлга қўйишда рақамли таълим ресурсларини ташкил қилиш бирламчи масаладир. YouTube, Udemy, Khan Academy, Coursera ва шу каби бошқа платформа ҳамда веб-сайтлар бугун онлайн таълимнинг энг кўп ташриф буюрувчи фойдаланувчиларига эга таълим ресурслари ҳисобланади. Рақамли таълимнинг яна бир ўзига хос жиҳати — вақт ва масофа масаласини четлаб ўта олишидир. Яъни, исталган фойдаланувчи юқоридаги платформаларда рўйхатдан ўтиб, дарс бошлаши, исталган вақтда курсни давом эттириши ва дунёнинг исталган бурчагидан алоқага киришиши мумкин. Таълимнинг ушбу тури турфа хил дунёқараш ва саводхонлик даражасига эга индивидуаллар билан ишлай олиши, турли ёндашувлар таклиф қила олиши билан яна бир эътирофга сазовор бўлган.
Айнан шу имкониятларни мамлакатимизда ҳам ишлаб чиқиш ва уни ўз таълим бозоримизда тарғиб қилиш учун етарлича ҳуқуқий асослар ҳамда молиявий қулайликлар мавжуд. Асосий масала эса ижтимоий жамиятда улардан қай даражада фаол фойдаланишимиз, шу билан биргаликда рақамли дунёнинг кейинги режаларини қанчалик тез қабул қилишимиз ва мослашишимиздадир. Зеро, бизнинг болаларимиз ҳам “Нютон билан бўладиган виртуал реаллаштириш жараёнлари”га реаллик асосида гувоҳ бўлиш ҳуқуқига эга.
Мирлазиз Акбаров,
Паркент туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби
информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter