Муаммо ва ечим: Ботир Орифжонов янгича таълим тизими зарурлиги ҳақида
Таълим қандай бўлган, қандай бўлади — қандай бўлиши керак? Khan Academy Uzbekistan, Astrum IT Academy ва бошқа бир қатор йирик лойиҳалар асосчиси Ботир Орифжоновнинг ҳозирги ва келажакдаги таълим тизими тўғрисидаги фикрлари билан танишаркансиз, бу борадаги тушунчаларингиз, ҳатто қарашларингиз ўзгариб кетиши мумкин.
Нега синфхона думалоқ ёки бошқа шаклда эмас? Нима учун дарс айнан 45 дақиқа давом этиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Яхши хулқ-атвор — итоаткорлик деганими? Шу ва бошқа кўплаб қизиқарли маълумотлар ва суратлар билан бойитилган ушбу мақолани албатта ўқишни тавсия қиламиз!
Ҳаммамизга маълумки, пандемия таъсирида таълим жараёнларида онлайн платформаларнинг роли ошди. Чунки мавжуд вазият барча таълим муассасаларини шу тизимда ишлашга мажбур этди. Истайсизми-йўқми, бу барчада ўзига хос тажрибани вужудга келтирди. Шу боис онлайн таълим олиш платформалари жуда тез суръатларда ривожлана бошлади ва кўплаб университетлар (Coursera ва бошқалар) учун муҳим воситага айланди.
Аммо бир вақтнинг ўзида онлайн таълим тизимидан норозилик кайфияти ҳам кучая бошлади, чунки:
- Кўпчилик ўқувчилар дарс вақти веб-камерасини ўчириб қўяди, бу эса ўқитувчилар билан ўқувчилар орасида етарлича мулоқот қилмасликка олиб келди. Бу кўпроқ видео орқали трансляция қилинган оффлайн дарсга ўхшарди.
- Ўқитувчилар онлайн дарсга тайёргарлик кўриш учун ўртача 2 баробар кўпроқ вақт сарфлашади. Улар материалларни тайёрлашдан ташқари, онлайн дарс учун ўз устида янада кўпроқ ишлаши керак бўлиб қолди.
- Онлайн тест жуда паст даражада эди, кўпчилик ташқи ёрдамдан фойдаланганлиги сабабли баҳолаш жараёни қийинлашди. Кўпгина муассасалар керакли натижага эриша олмадилар. Масалан, ZOOM орқали иншо ёздириш, уларни текшириш муаммоли ҳолатга айланди.
- Ота-оналар фарзандларининг интернетда ўқиётганидан норози бўлишди ва бу кўпчиликка маъқул бўлмади.
- Интернет орқали ўқийдиганлар мулоқот йўқлигидан шикоят қилишди.
Энди келинг, тарихга қайтайлик. Шу вақтгача таълим 4 та асосий тушунчага асосланган эди:
- Ўқитувчи бўлиши шарт.
- Маъруза-дарс технологиясига асосланган.
- Тест синови ва баҳолаш жараёни.
- Маълум бир жой (бино) бўлиши керак.
Энди 100 йил олдинги ва бугунги кундаги анъанавий синфхоналарнинг суратига эътибор қаратайлик.
Агар диққат билан қарасангиз, унчалик катта фарқ тополмайсиз. Ўқитувчи ҳам, ўқувчилар ҳам ўша-ўша жойида. Синфлардаги деразалар доимо ўқувчиларнинг чап томонида жойлашган. Бунга асосий сабаб, соя ўнг томонга тушиши керак. Чап қўл билан ёзадиганлар ҳам бўлиши мумкинлиги ҳисобга олинмаган. Чунки ҳар ким ўнг қўли билан ишлаши керак эди.
Нима учун синфхона айнан шундай кўринишга эга эди?
Дарҳақиқат, нима учун синф думалоқ ёки бошқа шаклда эмас? Бунинг асосий сабаби: ҳамма бир хил стандартда бўлишини назорат қилишнинг бундан ортиқ қулай усулини топиша олмаганликларида. Хўш, нима учун ўқувчилар бир хил стандартда бўлишлари керак эди? 1760–1840 йилларда саноат инқилоби содир бўлди ва ишчи кучига жуда катта эҳтиёжни келтириб чиқарди. Бу таълим тизимини саноат конвейерига тайёрлаш эди, десак муболаға бўлмайди. Яъни:
- Ўқитувчи ҳар доим ҳақдир — менежер.
- 45 дақиқалик дарс — смена.
- Яхши хулқ — итоаткорлик.
- Ҳаммаси бир хил тезликда ишлаши — конвейер
Бу инқилобга қадар мавжуд дарслар чекланган миқдордаги муайян кишиларга ва параллел равишда диний эътиқодни ўргатувчи черковларда ташкил этилганди. Бироқ, саноат учун катта миқдордаги ишчи кучи керак эди. Шунинг учун ҳам шу режимдаги, яъни, саноат учун ишчи тайёрлайдиган стандарт мактаблар ўйлаб топилди.
Бундай мактабда биринчи қоида — ўқитувчи ҳар доим ҳақ. Бола ёшлигидан ўқитувчининг гапига қулоқ солади, катта бўлиб заводда ишласа, доим раҳбари ёки иш бошқарувчининг гапидан чиқмайди. Бу, агар менежер унга қандайдир танбеҳ берса, ходим унинг фикрига эътироз билдирмаслиги учун ўйлаб топилган.
Иккинчи қоида — 45 дақиқа. Нима учун дарс айнан 45 дақиқа давом этиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Нега 35 дақиқа ёки 65 дақиқа эмас, айнан 45 дақиқа? Ва мактаб ўқувчиларига ҳар доим махсус қўнғироқдан кейин чиқишга рухсат берилади. Чунки фабрикалар ҳар 45 дақиқалик ишдан кейин ишчига 15 дақиқа дам олиш вақти берган. Негаки, инсон 45 дақиқадан кўпроқ ишласа, унинг эътибори чалғий бошлайди.
Учинчи қоида — итоаткор бўлиш, яъни яхши хулқ-атворга эга бўлиш.
Эҳтимол, сиз ҳам синфдаги итоаткор, яхши деб аталадиган ўқувчилар “исёнчи”ларга қараганда кўпроқ рағбатлантирилганини пайқагандирсиз, гарчи “исёнкор”ларнинг билими ёмонроқ бўлмаса, ҳатто қолганларникидан яхшироқ бўлса ҳам.
Тўртинчи қоида — бир тезликда. Сиз мактаб ўқувчиси бўлишингиздан анча аввал ўйлаб топилган стандартларга бўйсундириласиз. Стандартга мувофиқ белгиланган билим ва бу билимни қисмларга бўлинган ҳолда, улар белгилаган вақт ичида олишингизга тўғри келади. Яъни, таълим жараёни худди конвейердаги каби давом этиши керак эди. Мисол учун, бола ўқишни 1-синфда бошлайди ва 11-синфда тугатади. Шу сабабли, ҳар бир киши мактабни тугатгунга қадар керакли билимларни олади, деган тушунча мавжуд эди. Ва бу аслида нимага олиб келади? Келинг, дарс жараёнини кўриб чиқайлик.
Дарс тахминан 5 дақиқа давом этадиган давомат билан бошланади. Кейин 15-20 дақиқа давомида уй вазифаси текширилади. Дарс ўзи 45 дақиқа экан, юқоридаги жараённинг ўзи дарс учун ажратилган вақтнинг деярли ярмини олади. Ҳаш-паш дегунча дарс тугашига 15 дақиқа қолади. Янги билимларни ўргатиш учун атиги 10-15 дақиқа. Мана шундай тиғиз вақт туфайли маъруза шаклида ўқитиш шакли жорий этилган, бу жараёнда билимнинг ягона манбаи ўқитувчи бўлади. Бу ўқитувчи нима деса, ҳар доим сукут сақлаган ҳолда ҳақиқат сифатида қабул қилинишига олиб келади, яъни итоаткорлик.
Қизиқарли бир илмий тадқиқотга диққатингизни қаратмоқчимиз. Бу тадқиқот муваффақиятга эришган машҳур одамлар орасида ўтказилган бўлиб, тадқиқотнинг мақсади улар орасида умумий бўлган фазилатлар ёки уларни муваффақиятга олиб келган одатларни аниқлаш эди. Тадқиқот давомида тадқиқотчилар қизиқарли фактга дуч келишди. Суҳбатлашган кўплаб муваффақиятли одамлардан олинган маълумотларнинг таҳлили, уларнинг аксарияти дислексиянинг баъзи шакли билан азият чекаётганини кўрсатди. Маълумот учун, дислексия — бу неврологик келиб чиқиши бўлган ўзига хос ўрганиш чекланганлиги. Дислексиянинг шаклларидан бири бу ўқиган нарсани бир мартада англаш ёки тушуниш билан боғлиқ муаммодир.
Аслида эса, дунё аҳолисининг 25 фоизи бу касалликдан азият чекади.
Яъни, бу касалликдан азият чекадиган одамлар, бирор нарсани ўқиб бўлгач, ёзилганларнинг моҳиятини бир мартадан тушунмайдилар. Бунинг учун улар қайта-қайта ўқиши ёки бошқа йўл билан тушунтирилиши керак бўлади. Ва шу билан бирга, бу одамнинг ақли заифлигини англатмайди. Чунки агар дислексияга чалинган инсон бир марта моҳиятни тушуниб олса, у буни бошқалардан ҳам яхшироқ эслаб қолади.
Бу шуни кўрсатадики, ҳамма ҳам маълумотни бир хил қабул қилмайди. Кимгадир буни икки марта тушунтириш лозим ёки тушунтириш учун бутунлай бошқа усулдан фойдаланиш зарурдир.
Келажакда таълим тизимини такомиллаштириш борасида бошқача йўлдан боришимиз керак!
Биринчидан, таълим тизимига сунъий интеллектни жорий этиш, маъруза-дарс технологиясини инкор этиш лозим. Бу ҳар бир кишига зарур билимларни якка тартибда олиш имкониятини беради. Бу бугунги кунда таълим тизимининг ўзига хос механизмига айланиб бормоқда.
Иккинчидан, маъруза-дарс керак эмас! Аввалига бу ҳаммани ҳайратда қолдиради. Бу қандай бўлиши мумкин? Дарс, янги мавзуни ўқувчи-талабалар қаердан ўрганади? Мактабдаги анъанавий машғулотларнинг барча камчиликларини санаб ўтдик:
- Таълим бериш учун вақт жуда кам;
- Ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашувга вақт йўқ;
- Ўқувчилар конвейер тизимидан чиқа олмайди;
- Ўқитувчи ҳамиша ҳақ ва ҳоказо.
Аслида, агар анъанавий мактаблардаги юқорида санаб ўтилган барча эски стандартлар олиб ташланса, ўқувчи-талабалар олдида турган тўсиқлар йўқолади.
Учинчи масалада, келинг, баҳолаш масаласини таҳлил қилайлик. Баҳолаш бу маълум вақт ичида берилган билимлар қай даражада ўрганганлигини текшириш жараёни. Мисол учун, сиз имтиҳонга тайёргарлик кўраётганингизда, имтиҳон куни ҳамма нарсани мукаммал биласиз, аммо имтиҳонлардан сўнг, бирмунча вақт ўтгач, ҳеч нарсани эслай олмайсиз. Аслида эса баҳолаш муайян бир вақтда амалга оширилиши шарт эмас. Доимий бўлиши ва доимо сизнинг тараққиётингизни кўрсатиши керак. Бу жараён таҳлил қилиш ва олинган билим даражасини тушуниш учун маълумотларни тақдим этади.
Тўртинчи масала. Мактабда 10 йил ва университетда 4 йил. Нима учун шундай деб ўйлайсиз? Нега 10 йил? Бунинг сабаби яна саноатга тайёргарликдир. Яъни, 18 ёшга тўлгунга қадар ҳар бир киши ушбу шаклланишдан ўтиши керак. Ва агар у юқори чўққига чиқмоқчи бўлса, унда ҳали университетда яна 4 йил ўқиши лозим.
Анъанавий муаммо
Бола уйга келгач, уй вазифасини бажаришга киришади. Бу ҳар доим бола учун стрессли вазиятда кечади.
Kелинг, бунинг тескарисини ташаббус қиламиз. Бола барча билимларни уйда якка тартибда олади, лекин топшириқлар таҳлилини мураббийлар билан биргаликда кўриб чиқади. Бу “Тескари айлантирилган синф”дан мисол.
Биз юқорида келажакдаги таълим тизимининг асослари ҳақида гаплашдик, энди эса нимани қолдириш, нимани алмаштириш кераклигини аниқлаймиз.
Биринчидан, биз ўқитувчи иштироки билан юзага келаётган чекловларни билиб олдик.
- Вақт етишмаслиги.
- Ўқитувчининг функционал вазифаси — ёш авлодни ҳаётга тайёрлаш эмас, балки уларда итоаткорликни шакллантириш мақсадида махсус "шакл" яратиш ва ҳоказо.
Шу боис ўқув жараёнида тўлиқ сунъий интеллектдан фойдаланиш таклиф этилади.
Ва шу ўринда айтиб ўтиш муҳимки, биз ўқитувчиларимизни қоралаш ёки жамиятдаги ўрнини пасайтириш фикрдан мутлақ йироқмиз. Аслида улар айнан ментор бўлиб, яъни йўналтирувчи ва ҳаётга тайёрловчи мутахассис вазифасини бажаришлари зарур, деб ҳисоблаймиз.
Иккинчидан, маърузани платформа билан алмаштириш. Бу ўринда Astrum IT Academy платформасини мисол келтириш мумкин. Ўқувчи барча маърузалар ўрнига ушбу платформадан фойдаланади.
Учинчидан, баҳолаш маълум бир вақтда амалга оширилиши шарт эмас. Бу доимий бўлиши ва ҳамиша таълим олувчининг натижаларини кўрсатиши керак. Бу кўрсаткичларни ва олинган билим даражасини таҳлил қилиш учун маълумот бўлади.
Тўртинчидан, бундай шароитда ўқув биноси шунчаки анъана учун эканлигини тушуна бошлайсиз. Бутун ўқув жараёни онлайн тарзда ўтказиш мумкинлиги аёнлашади.
Мисол: Туркия охирги 30-40 йил ичида STEM таълим соҳасига катта эътибор бера бошлади. Натижада жамиятда бирданига муҳандислик тафаккури ривожланди ва бу соҳани чуқур биладиган мутахассислар пайдо бўлди. Натижалардан бири бу “Байрактар” дронидир. Бу муҳандислик ихтироси бугунги кунда дунёдаги геосиёсий мувозанатни тубдан ўзгартирди.
Хулоса шуки, таълим четдан қараганда қандайдир иккинчи даражали, унчалик муҳим эмасдек туюлиши мумкин. Аммо, аслида, ҳар қандай жамият тараққиётининг замирида таълим биринчи ўринда бўлган ва шундай бўлиб қолади. Уинстон Черчилл айтганидек, “Агар бугун мактабларимизга сармоя киритмасак, эртага фарзандларимизни душманларимиз асирлигидан қутқаришга пул сарфлашга мажбур бўламиз”.
Оддий қилиб айтганда, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига юзаки қарамасак, жамият ўзгаради. 20 йил ичида мактаб тизими қандай вайрон бўлганини деярли ҳаммамиз кўрдик ва албатта унинг “самараси”ни яна камида 15 йил ҳис қиламиз. Чунки бугун мактаб битирувчиларининг тайёргарлигини ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Университетлар кўпайса-да, ҳеч қандай натижа йўқ, чунки пойдевор мустаҳкам эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter