Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мобил алоқа сигналини кучайтириб берувчи репитер қурилмалари: улардан фойдаланиш тартиби қандай?

Мобил алоқа сигналини кучайтириб берувчи репитер қурилмалари: улардан фойдаланиш тартиби қандай?

Фото: Ўзкомназорат

Репитер (ретранслятор) қурилмаси мобил алоқа ва мобил интернет сигналини кучайтириб берувчи қурилма ҳисобланади. Ундан асосан мобил алоқа сигнали сатҳи паст бўлганда, яъни овозли сўзлашувда халақитлар пайдо бўлиши ёки узилиб қолиш, мобил интернет тезлиги паст бўлган ҳолатларда фойдаланилади.

Репитер қурилмаси ишлаш принципига кўра ташқи антенна орқали мобил алоқа операторларининг база станцияларидан келаётган сатҳи паст бўлган сигнални қабул қилиб уни кучайтирган ҳолда бино ичида ўрнатилган ички антенна орқали тарқатиб беради.

Шуни эсдан чиқармаслик керакки, репитерлар мобил операторларнинг уяли тармоқларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки ушбу қурилмалар нотўғри созланганда халақит манбалари бўлиб, бошқа абонентларга сифатли хизмат кўрсатишга халақит бериши мумкин.

Мисол учун, репитер қурилмасининг чиқиш қуввати рухсат этилган параметрлардан ошса, қурилмадан чиқаётган сигнал база станциялари сигналларини сусайтиришга қодир. Шунинг учун ҳам ҳозирда мобил операторларнинг репитерлар ҳақидаги шикоятларининг 95 фоизи улардан фуқаролар томонида йирик шаҳарларда фойдаланиши билан боғлиқ эканлиги бежизга эмас. Репитер қурилмасидан шаҳарнинг зич жойларида фойдаланилганда уларга алоҳида эътибор талаб этилади, чунки қурилма антеннасидан тарқалаётган сигнал яқин турган таянч (база) станцияларига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, шаҳар ташқарисида (қишлоқларда, дам олиш зоналари ва бошқаларда) база станциялари абонентлардан кўп километрлаб узоқликда жойлашганда репитерлар деярли оператор база станцияларига салбий таъсир кўрсатмайди.

Яна бир асосий муаммолардан бири репитер қурилмаларининг айрим турлари автоматик қувват бошқаруви (AGC-automatic gain control) функциясига эга эмаслиги ва бу қурилманинг доимий равишда ортиқча юкланиш режимида ишлашига олиб келиши мумкин. Агар бундай қурилма оператор база станцияси яқинида нотўғри ўрнатилган бўлса, оператор учун салбий халақитларни яратишга олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Радиочастоталар бўйича республика кенгашининг 2022 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобил алоқа тармоқлари сигналларини кучайтириб берувчи ретранслятор қурилмаларидан фойдаланиш тўғрисидаги” 707-сон қарори билан Ўзбекистон ҳудудида мобил алоқа сигналларини кучайтириб берувчи ретранслятор қурилмаларидан қуйида келтирилган техник шартлар бажарилганда радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш рухсатномаларини расмийлаштирилмаган ҳолда иккиламчи асосда фойдаланишга рухсат берилган. Яъни:

  • бошқа радиоэлектрон воситалар (шу жумладан, мобил алоқа операторлари тармоқлари таянч станциялари) ишлашига салбий радиохалақитлар кўрсатмаслиги ва радиохалақитлардан ҳимоя талаб қилмаслиги;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқилган (яратилган), модернизация қилинган, ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган (хориждан харид қилинадиган) ва фойдаланиладиган ретранслятор қурилмалар республикада белгиланган тартибда электромагнит мослашув нормаларига ва техник талабларга мувофиқлик буйича сертификатга эга бўлиши;
  • ретранслятор қурилмаларнинг техник тавсифлари республикада радионурланиш параметрлари учун белгиланган стандарт ва меъёрларга ҳамда Халқаро электралоқа иттифоқи томонидан қабул қилинган норма ва тавсияларга мос келиши;
  • мобил алоқа операторларининг таянч станцияларида юзага келаётган интерференцион ҳолатларни камайтириш мақсадида, қўлланилаётган ретранслятор қурилмалари — радиосигналларни кучайтириш қувватини автоматик созлаш/бошқариш функцияси/тизими (AGC-automatic gain control)га эга тегишли модул билан жиҳозланган бўлиши;
  • ретранслятор қурилманинг чиқиш қуввати 500 мВт (27 дВт)дан ошмаслиги, курилма ташқи антенна билан жиҳозланган тақдирда эффектив нурланиш қуввати 1 W (30 дВт) дан ошмаслиги;
  • ретранслятор қурилмаларининг ишлаши учун фойдаланиладиган радиочастота полосалари Радиочастоталар бўйича республика кенгаши томонидан Ўзбекистон ҳудудида мобил алоқа операторлари тармоқлари ишлаши учун ажратилган диапазонларга мос келиши;
  • ретранслятор қурилмаларнинг ишлаши вақтида радиочастота спектрида пайдо бўладиган (битта сўзлашув радиоканалида) ҳар қандай полосадан ташқаридаги радиосигналлар, сўзлашув каналининг асосий нурланишига нисбатан 60 дВ гача кучсизланиши керак.

Ҳозирги кунда Электромагнит мослашув маркази ва Ўзкомназорат инспекцияси ходимлари томонидан республикамиз ҳудудларида олиб борилаётган мониторинг ишлари натижасида юқорида келтирилган 707-сон қарор билан белгиланган талабларга риоя қилмасдан репитер қурилмаларидан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Яъни сифатсиз репитер қурилмаларидан тарқалаётган халақитлар операторларнинг кўплаб таянч (база) станцияларига салбий тасир кўрсатиб, оқибатда абонентларга сифатли мобил алоқа хизматлари кўрсатишга тўсқинлик қилмоқда.

Шунингдек, мазкур қарорда юқорида келтирилган техник шартларни бажариш ҳамда мобил алоқа тармоқларига халақитли таъсирлар келтирмаслик талабларига мажбурий риоя қилган ҳолда мобил алоқа тармоқлари сигналларини кучайтириб берувчи репитер қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариш, модернизация қилиш ва ўрнатиш бўйича ишларни бажаришга (шу жумладан, уларга хизматлар кўрсатишга) фақат фаолият тури буйича тегишли лицензияга эга бўлган ёки мобил алоқа операторлари номидан шартнома асосида иш юритувчи юридик шахсларга рухсат этилганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ёдда тутинг! Тегишли қарор билан белгиланган талабларга риоя қилмасдан сифатсиз репитер қурилмаларидан фойдаланиш оқибатида бошқа қурилмалар ишлашига салбий таъсир кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 152-моддаси 1-қисми “Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш тартибини бузиш” билан маъмурий чора кўришга сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.

Мирзиёд Агзамов,
Ўзкомназорат инспекцияси
Мобил алоқа тармоқларини назорат қилиш
бўлими етакчи мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг