Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кимсасиз "келажак шаҳри" ёки Осиёнинг инқирозга учраган энг оламшумул қурилиш лойиҳаси ҳақида (фото)

Кимсасиз

Фото: IMP Features/Chris White

2002 йилда Сеулдан 25 километр нарида Сонгдо (SongDo) — "келажак шаҳри"ни қуришга киришилди.

Маълумот учун: ўша йили Жанубий Корея Япония билан биргаликда футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган.

Хуллас, ҳатто энг бой-бадавлат пойтахтликларнинг ҳам етти ухлаб тушига ҳам кирмаган замонавий шаҳарни қуришга старт берилди. Бунинг учун Сеулдан бир соатлик масофада жойлашган, ҳавоси мусаффо, яшилликка бурканган, технология инфратузилмалари етарли Сонгдодан яхшироқ номзод топилмади. Сонгдо чиндан ҳам аҳолиси ҳаддан зиёд кўп, йўллари автомобиллар тиқинидан бўшамайдиган, ҳавоси бузилган Сеулнинг ғирт тескариси эди.

Орадан шунча йиллар ўтди. Хўш, масалан, сиз Кореяда шунақа зўр шаҳар борлигини эшитганмисиз?..

300 минг киши яшаши кутилган Сонгдо бугун ҳувиллаб ётибди. Юқори технологияли қурилмалар ва ифратузилмадан биров фойдаланмайди. Бир пайтлар ваъда қилинган Ердаги жаннат — хайтек-утопияга кўчиб келганлар Сонгдони ташландиқ қамоқхонага ўхшатишади.

Корейслар “ақлли шаҳар”ни қуриш учун нақ 40 млрд доллар сарфлашган. Янги шаҳарда яшовчилар учун жуда кенг экомуҳит — кўплаб боғлар ва яшил майдонлар, яёв юриб фойдаланса бўладиган дўконлар, мактаб ва шифохоналар, кўнгилочар масканлар барпо этиш кўзда тутилганди.

Сармоядорларга улар Кореянинг бўлғуси таълим ва бизнес пойтахтига пул тикишаётгани, ҳадемай Сонгдо Осиёнинг етакчи мегаполисларига рақобатчига айланиши уқтириб келинган.

Шаҳар лойиҳаси:

Сонгдо бошқа йирик мегаполисларга хос муаммолар: чиқиндилар, автомобилларнинг заҳарли тутунлари ва ҳоказолардан буткул холи бўлиши бошданоқ режа қилинган. Бунинг учун транспортлар сонини кескин камайтиришни кўзда тутишди — фақат олисга қатновчи машиналар учун йўллар қурилади, маҳаллий аҳоли эса велосипедлардан ёки жамоат транспортидан фойдаланади.

Сонгдо реклама суратларида:

Бироқ шунча саъй-ҳаракатлар, меҳнат ва маблағ ҳавога совурилди: Сонгдода деярли ҳеч нарса ишламайди, қурилган нарсаларнинг кўпи — бўм-бўш қути, янада улканроқ бинолар қуриш учун ажратилган жойлар шаҳарни янада ғариб ва ташландиқ кўрсатади.

Лойиҳа муаллифлари энг асосий муаммони — шаҳарни қандай қилиб одам билан тўлдиришни ҳал этолмадилар. Бу имконсиз ҳам эди: барча йирик шаҳарлар узоқ тарихи давомида аста-секин аҳоли билан гавжумлашиб борган, нулдан қурилган шаҳарга шунча одамни қаердан олиб келиш мумкин?!

Бугунги Сонгдо:

Бугун ҳувиллаб ётган велосипед йўлакчалари аслида келажак шаҳрининг қон томирларига айланиши керак эди, пневматик қувурлар орқали бинолардан тўпланган чиқиндилардан эса, бир жойда саралаб, электр ишлаб чиқаришда фойдаланиш мўлжалланганди.

Ҳатто бугунги кун нуқтаи назаридан ҳам олис келажак учун мўлжаллаб 2002 йилда қурилиши бошланган айрим технологик ечимлар эриш туюлади: масалан, ҳозир ҳеч ким видеочатга кириш учун кўчадаги компютер терминалидан фойдаланмайди, эски йирик шаҳарлар эса чиқиндиларни саралашни ўрганиб олмоқда.

"Келажак шаҳри"га ташрифидан олган таассуротини блогер Ян Жеймс Korea Expose нашрига шундай тушунтирди:

“Сонгдо — ўхшаши йўқ шаҳар: ҳаммаёқ сунъий, қунт билан лойиҳлаштирилган, топ-тоза ва бўм-бўш. Бу инсоният саҳроси”.

Блогернинг айтишича, Сонгдо келажак шаҳрини эмас, кўпроқ Чернобилни эслатади, маҳаллий аҳоли бу ерда тараққиёт нишоналари — маданият, театр, кўнгилочар масканлар йўқлигидан шикоят қилган.

Шаҳарда фойдаланишга топширилган бинолар ўта қиммат, бу ерга пул тикиб қўйган сармоядорлар янги туманларни қуришда давом этишяпти, Европа, Буюк Британия, Янги Зеландиядан экспатлар (хорижлик ишчилар)ни, тадбиркорларни жалб этиш мақсадида ҳаммаёққа инглизча ёзувлар осиб ташланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг