Электрон китобни ихтиро қилган одам
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни. Байрам. Бугун, шунингдек, машҳурликка эришмаган, бироқ инсониятга улкан ва беқиёс мерос қолдириб кетган бир инсоннинг таваллуд куни.
Майкл Стерн Ҳарт 1947 йилнинг 8 март куни Такома (Вашингтон штати, АҚШ)да туғилган. Ёзувчи, электрон китобни ихтиро қилган, жаҳондаги биринчи электрон кутубхона — “Гутенберг” лойиҳаси асосчиси. Ушбу лойиҳа ва унинг таъсирида пайдо бўлган бошқа электрон китобларни интернет орқали сайёрамиз аҳли бепул ўқимоқда.
“Гутенберг” лойиҳасига 1971 йилнинг 4 июлида асос солинган. Ўша куни Иллинойс университети талабаси Майкл Ҳарт АҚШ Мустақиллик декларациясини қўлда кўчириб, ARPANET (ҳозирги интернетнинг аждоди) тармоғи орқали бошқа фойдаланувчиларга жўнатган.
Шундан сўнг Ҳарт 20 йил давомида 100 га яқин китобни қўлда ёзиб, электрон шаклга айлантирди. 1990-йиллар ибтидосида, интернет оммалаша бошлагач, китобларни рақамлаштиришга университетнинг волонтёрлари ҳам қўшилишди. Ҳартнинг ўзи эса маъмурий ишлар ва веб-сайт учун пул топиш билан шуғулланишга ўтди. “Гутенберг” электрон китоблари сони 1997 йилда — 1000, 2003 йилда — 10 000, 2011 йилда — 40 000, 2021 йилда 60 000 тадан ошди.
Фото: The Guardian
Саводсизликка қарши курашга бел боғлаган, одамлар китоб ўқисин деб ҳаловатидан воз кечган Ҳарт деярли қашшоқликда умр кечирган. Шифокорларга пул сарфлашдан қочиб, уйида даволанган. Топганини лойиҳасига сарфлаган.
Майкл Ҳарт 2011 йилнинг 6 сентябр куни ўз уйида (Урбан, Иллинойс штати) юрак хуружи оқибатида вафот этган.
Электрон китобнинг ихтиро қилинишини шунчаки технологик инновация ёки замонавий ахборот воситалари аждоди дейиш нотўғри. Бундан-да аҳамиятли. Электрон китоблар — адабиётларни чекланмаган миқдорда ва бепул тарқатиш учун энг қулай восита. Электрон китоблардан фойдаланиш имконияти бевосита саводхонликни ошириш имкониятини беради. Саводхонлик ва китоблардаги ғоялар имкониятлар яратади. Шу нуқтаи назардан, Майкл Стерн Ҳартни “Иккинчи Гутенберг” десак асло муболаға бўлмайди. Бири китобларни босма усулда чоп этишни, иккинчиси шу китобларни рақамлаштиришни ихтиро қилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter