Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сунъий интеллект илғори OpenAI ва унинг машҳур СhatGPT ишланмаси ҳақида

Сунъий интеллект илғори OpenAI ва унинг машҳур СhatGPT ишланмаси ҳақида

Фото: ZDNET

Ҳозирги кунда ақлли машиналар борган сари тезроқ ишлайдиган ва қийин алгоритмларга эга бўлиб бормоқда. Олдин компютерлар фақат маълум соҳаларда, жиддий масалаларни ечишда фойдаланилган бўлса, ҳозир деярли ҳар бир хонадонда мавжуд.

Ақлли машиналар тезлашиб кетди. Оддий инсон 31 688 765 000 йилда бажариши мумкин бўлган мисолларни 1 сонияда бажарувчи компютерлар ишлаб чиқарилмоқда. Компютер ва бошқа ускуналар энди нафақат ҳисоблашларни бажаради, улар энди турли маҳорат, кўникма ва ўз сунъий идрокига эга бўлишни бошламоқда.

Сунъий идрок — машиналарнинг когнитив функцияларни бажара олиш имконияти. Когнитив функциялар инсон идроки томонидан бажарилади: ўзлаштириш, ўрганиш, фикрлаш, масалаларни ҳал қилиш ва ҳаттоки ижод қилиш. Сиз ўзингиз билиб-билмаган ҳолда аллақачон сунъий интеллектдан фойдаланиб кўрган бўлсангиз керак. Масалан, Siri, Alexa, Яндекс Алиса овозли ёрдамчилар ҳамда машҳур ChatGPT сунъий интеллект асосида ишлайди.

ChatGPT ким ҳақида

ChatGPT сунъий интеллектни тадқиқ қилиш компанияси — OpenAI томонидан яратилган. Компания ChatGPTни 2022 йил 30 ноябрда ишга туширди.

OpenAI компанияси 2015 йил охирида Сан-Францискода Сэм Алтман, Илон Маск ва Кремний водийсининг бошқа тадбиркорлари томонидан ташкил этилган. Сармоядорлар ўшанда инсониятга фойда келтирувчи сунъий интеллектни яратиш учун $1 млрд ажратишганди.

Худди шу воқеадан аввалроқ, 2014 йилда Илон Маск “Твиттер”даги саҳифасида “Сунъий интеллектдан жуда эҳтиёт бўлиш керак. У ядро қуролидан ҳам кучлироқ”, дея твит қолдирганди.

OpenAI тарихида энг машҳур ном — Илон Маск. Илон Маск 2018 йилда келажакда ўзига қарашли Tesla компанияси билан манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли юқори бўлганлиги сабабли OpenAI директорлари кенгашини тарк этган. Аммо лойиҳага сармоя киритиш ва жамоага турли маслаҳатлар беришда давом этган.

2019 йилда IT-соҳаси гиганти — Microsoft компанияга $1 миллиард сармоя киритади ва OpenAI тижорат компаниясига айланади. 2021 йилда ҳам Microsoft лойиҳани қўллаб-қувватлаб келган. 2023 йилнинг январ ойида эса OpenAI ва Microsoft компаниялари ўртасида кўп йиллик ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади. Ушбу ҳамкорлик қиймати — $10 миллиардатрофида, аммо аниқ миқдори очиқланмаган.

Microsoft ҳамкорлик нималардан иборат бўлишини қуйидагича тушунтирган:

  • Компаниялар янги суперҳисоблаш технологияларини ишлаб чиқиш устида биргаликда иш олиб борадилар;
  • Microsoft дастурчилари OpenAIнинг маҳсулотларидан тўлиқ фойдалана олиши ва уларни янги сунъий интеллект технологияларини устида ишлашда қўллай олиши;
  • Microsoft Azure — Open AI учун булутли хизматларни етказиб беради.

OpenAI компаниясининг ишланмалари

OpenAI компанияси ўз фаолияти давомида турли маҳсулотларни тақдим этиб келган. Уларнинг дастлабкиси Gym платформаси — сунъий интеллектни ўйинлар ва алгоритмли вазифалар орқали машқ қилдирган. Иккинчиси Universe — cунъий интеллектга компютердан фойдаланиш имкониятини беради.

2018 йилда OpenAI GPT алгоритмини тақдим этади. Унинг мақсади табиий тилни қайта ишлаш — NLP алгоритми моделини яратиш бўлган. GPT ўз тилини яратиш учун 5 ГБ китоб матнларидан фойдаланган.

2019 йилда уни янада такомиллаштиришди ва GPT-2 маҳсулотини тақдим этишди. Энди у ўз маълумотлар базасида 40 ГБ матнни сақларди. Бу 7  000 та китоб ва 8 млн.та сайтлар дегани эди. Нейротармоқ таржима қилиш, матнларни тугатиш, уларни умумлаштириш имкониятига эга бўлган. Ушбу маҳсулот ҳар қандай сарлавҳа бўйича “фейк” янгиликлар ёза олгани сабабли, интернетда фейк янгиликлар кўпайиб кетмаслиги учун маҳсулот кенг оммага тақдим этилмаган.

2020 йилда маълумотлар базасида 570 ГБ матнни сақловчи GPT-3 маҳсулоти ишга туширилди. Учинчи авлод маҳсулоти анча кенг имкониятларни ўз ичига олган бўлиб, у инглиз тилида ОАВ учун ҳақиқий тўлақонли мақола ёзиб бериши, ҳар қандай матнли вазифаларни бажара олади.

Ҳозирги кунда ҳар бир даврада кенг муҳокама қилинаётган лойиҳа — СhatGPT чат-боти 2022 йил ноябр ойида тақдим этилди. Чат-бот GPT-3нинг янада такомиллаштирилган талқини, GPT-3.5 асосида ишлайди.

2023 йил 14 мартда OpenAIкомпанияси томонидан GPT-4 тақдим этилди. GPT-4 талқинидан фойдаланиб кўриш учун чат-ботнинг пулли талқини СhatGPT Plusга обуна бўлишингиз керак бўлади. Обуна нархи — $20.

СhatGPT ишга туширилган илк 5 кун ичида 1 миллиондан кўп фойдаланувчиларни ўзига жалб этди, икки ой мобайнида фаол фойдаланувчилар сони 100 миллионга етди. Таққослаш ўрнида айтиб ўтиш жоизки, TikTok 100 миллион фойдаланувчига эришиш учун 9 ой керак бўлган.

 ChatGPT ўзи нима?

СhatGPT — бу табиий тилдан фойдаланган ҳолда одамларга ўхшаш суҳбатни яратувчи сунъий интеллект асосида ишлайдиган чат-бот. Сунъий интеллект шеърлар, илмий ишлар ёзиши, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар учун контент-режалар тузиши ва дастурий кодда хатоларни аниқлаши мумкин.

СhatGPT билан мулоқот қуриш мумкин. Аммо чат-бот баҳсли мулоқотлардан қочади. СhatGPT инглиз ва рус тилларида вазифаларни бажаради. Аммо таъкидланишича, инглиз тилида анча сифатлироқ ишлайди.

Ҳозирги кунда СhatGPTдан фойдаланиш бепул. Чунки ҳозир СhatGPT тадқиқот ва фикр-мулоҳазаларни йиғиш босқичида. Чат-ботнинг СhatGPT Plus деб номланган пулли талқини шу йил феврал ойи бошида ишга туширилди. 14 март кунидан бошлаб пулли талқин GPT-4 асосида ишлашни бошлади. Унда нафақат матнли ахборотни, балки тасвирларни ҳам қайта ишлаш мумкин.

Эслатиб ўтиш жоизки, СhatGPTнинг маълумотлар базасида 2021 йилгача бўлган воқеа ва янгиликлар ҳақида маълумотлар мавжуд.

Келажакда нималар кутилмоқда?

2023 йилга келиб, OpenAI жамоаси ходимлари сони 375 нафарга етди. Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда стартап 9 нафар ходим билан ўз фаолиятини бошлаганди. Ҳозирда OpenAI АҚШнинг энг қиммат стартапларидан бири ҳисобланади — $29 миллиардга баҳоланмоқда.

Соҳадаги экспертларнинг фикрича, СhatGPT кўп соҳаларни ўзгартириши мумкин. Ижтимоий тармоқларни бошқариш, дастурлаш, журналистика, таржимонлик, дизайн, таҳрир ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳозир чат-ботни ёрдамчи восита сифатида ишлатишмоқда.

Ҳаётий мисол: 2023 йил 31 январ куни “Твиттер”да Aleksandr Zhadan номли фойдаланувчи СhatGPTда ёзилган дипломни ҳимоя қилгани ҳақида твит жойлади. Жойлаштирган расмини “ChatGPT ёзган диплом ишини ҳимоя қилдим. Жараённи қандай ташкил этганим, тайёр бўлган матн ҳақида нима изоҳлар эшитганим ва нима учун чизкейкга тушганим ҳақида бўлишаман. Зўриқишсиз ва ажойиб бўлди!”, — дея изоҳлаганган твитда.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, келажакда сунъий интеллект ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланади. Айнан сунъий интеллект ва нейротармоқлар кўплаб технологиялар билан боғлиқ соҳалар (робототехника, автомобил ишлаб чиқариш, булутли хизматлар ва бошқалар)нинг ривожланиш драйверига айланади.

Next Move Strategy Consulting маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб сунъий интеллект билан боғлиқ маҳсулотлар бозори қарийб ўн баробар ошиб, 2 триллион долларни ташкил қилади. Аксарият сунъий интеллект технологиялари маркетинг, дизайн ва маълумотларни таҳлил қилиш соҳаларида пайдо бўлади.

Нигора Ташходжаева,
Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини
ривожлантириш маркази бош мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг