Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Интернет қидирув тизимлари 5 йилдан сўнг қандай бўлади?

Интернет қидирув тизимлари 5 йилдан сўнг қандай бўлади?

Фото: Youthistaan

Сўнгги ўттиз йилда қидирув тизимлари интернет дунёсига сидқидилдан хизмат қилиб келяпти. Бироқ 2023 йил якунланиши арафасида турибмиз, интернетда қидирув моҳияти тубдан ўзгаришига гувоҳ бўляпмиз: шунчаликки, Google, Bing, Яндекс сингари қидирув гигантлари ўз ёндашувларини қайта кўриб чиқяпти.

Москва Ахборот технологиялари департаменти ва мэрлик сайти SEO-раҳбари Юрий Никулиннинг қидирув тизимлари оламини яқин беш йилда нималар кутаётгани, трендга эргашиш учун seo-мутахассислар қандай мослашишлари кераклиги ёритилган мақоласи чиқди. Мақолани ўзбек ва рус тилларида сайтимизда ҳам ўқишингиз мумкин.

ҚИДИРУВ ТИЗИМЛАРИ ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛГАН?

Биринчи босқич: илк қидирув тизимининг туғилиши

1990 йилда ишга туширилган Archie интернетдаги қидирув тизимлари орасида кашшоф бўлганди. Оддий алгоритмдан фойдаланилгани учун очиқ сайтларда фақат файлларни излаш ва уларнинг аниқ номини тушуниш имконини берган. Бироқ Archie ўз хотирасида файл таркибини ташкиллаштириш ва сақлашни билмасди — бу жараён индекслаш дейилади.

Индекслаш — сайт саҳифалари ҳақидаги маълумотни қидирув тизими базасида тартибга солиш ва тизимлашдир, яъни ҳар сафар маълумотларни излашда бутун интернетни кезиб чиқмасдан, сақланган таёёр нусхага мурожаат қилинади.

Иккинчи босқич: қидирув тизими файл таркибини индекслайди

1993 йилда JumpStation қидирув тизими пайдо бўлди, у файл ичидаги сарлавҳа ва URLни индекслай олар, аммо тўлиқ матнни очолмасди. Ушбу қидирув тизими асосчиси Жон Ҳендерсон “қидирув роботи”, “қидирув индекси” ва “қидирув сўрови” тушунчалари муаллифидир. 1994 йилда технология такомиллаштирилиб, янги чиққан WebCrawler қидирув тизими ҳужжатларнинг тўлиқ матнини индекслай оладиган бўлди.

Учинчи босқич: қидирув тизими файлар таркибини индекслайди ва таҳлил қилади

BackRub қидирув тизими ва PageRank алгоритми асосида 1998 йилда Googleнинг туғилиши интернет қидирув тизимлари дунёсида инқилоб ясади. Алгоритм нафақат саҳифаларнинг ички тузилишини таҳлил қилар, балки уларга йўналтирилган ҳавола (линк)лар сонини ҳам ҳисоблай           оларди.

Ўшандан буён ва ҳозир ҳам Google рақобатдан ташқарида — Ер аҳолисининг 90 фоизи асосий қидирув тизими сифатида ундан фойдаланмоқда. Қолганларнинг улуши: Bing — 3 фоиз, Яндекс — 1,8 фоиз, Yahoo 1,22 фоиз, Baidu — 1 фоиз.

ҚИДИРУВ ТИЗИМЛАРИНИНГ ҲОЗИРГИ ЭВОЛЮЦИЯСИ

Қидирув тизимлари концептуал жиҳатдан қарийб 20 йил ўзгаришга учрамади. Биз ҳозир янги ўзгаришлар остонасида турибмиз. Берилган сўровга қидирув тизими керакли ҳужжатлар рўйхатини эмас, балки тайёр матнли жавобларни шакллантиришга уринмоқда.

Бу йўналишдаги илк қадамни айнан Google ташлаган: 2001 йилда у оддийгина машинани ўқитиш алгоритмидан қидирув сўровларидаги имловий хатоларни топишда фойдаланишни бошлади. 2015 йилда компания RankBrain деб номланган тўлақонли қидирув алгоритмига сунъий интеллектни қўшди.

RankBrain қидирув тизимида пайдо бўлган илк аҳамиятли сунъий интеллект саналади, чунки у, топширилган вазифаларни шунчаки ишловчи анъанавий алгоритмлардан фарқли равишда, янги вазиятларга мослашиш учун машинани ўқитишдан фойдаланарди.

Анъанавий қидирув тизимлари аниқ белгиланган кўрсатмалардан оғишмасдан ишлайди. Бу масалан, қоидаларга риоя қилиб шахмат ўйнашга ўхшайди. Бироқ RankBrain олдинги партиялари асосида ўрганаётган ва ўсаётган шахматчини эслатади. Нафақат қатъий қоидалар доирасида, шунингдек, эски тажрибалари асосида олдиндан қайси юришларни амалга ошириши мумкинлигини ва улар орасидан энг яхшисини танлашни билади.

2022 йилнинг 30 ноябрида OpenAI компанияси ChatGPT чат-ботини тақдим этиб, интернет қидирув оламини ағдар-тўнтар қилиб юборди — энди матнли ёки медиа маълумотларни топишнинг ўзи кифоя қилмасди. Қарийб инсон каби мулоқот қилишни уддалайдиган қидирув тизимлари пойгаси ўз-ўзидан бошланиб кетди.

Орадан икки ой ўтиб Microsoft корпорацияси ёпиқ тақдимотда янгиланган ва сунъий интеллектда ишловчи Bing қидирув тизимини кўрсатди, унда фойдаланувчи қидирув тизими билан мулоқот қила оларди.

Google ҳам қараб турган эмас — Bard деб номланган тизимини шошилинч ишга туширди, бироқ шу туришида у Bingнинг ғирт нусхаси эди, холос.

Яндекс ҳам тренддан қолмаслик учун YandexGPT генератив моделини чиқариб, ўз лойиҳаларида татбиқ этди. Масалан, “Яндекс Практикум”да GPT дарс резюмесини келтириб, тушунарсиз атамаларни тушунтириши ёки сиз дастурлаш бўйича ўқиётган бўлсангиз, коднинг нюансларини кўрсатиб беради.

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ҚИДИРУВ ТИЗИМЛАРИ ВА ИНТЕРНЕТГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР КЎРСАТДИ?

Фойдаланувчи ўз сўровига жавоб сифатида ҳам одатий суратни — ҳаволалар рўйхатини, ҳам нейротармоқ ишлаб берган жавобни олиши мумкин. Bing ва Google шу йўлдан кетяпти. Бу қуйидагича кўринишда:

Иккинчи янги концепция — қидирувни ассистент (ёрдамчи) бажаради. Бунинг учун Google компанияси bard.google.com лойиҳасини ишга туширди, Bing эса қидирув тизимида алоҳида жой очди: фойдаланувчи ўзига қулайини — одатий қидирув ёки чат-ботни танлайди. Бу қуйидагича кўринишда:

Дастурчилар янада узоқроққа боришяпти ва сунъий интеллектни браузернинг ўзига ўрнатишяпти. Microsoft Edgeда Bing чат-боти ва иншолар режими бор. Бу воситанинг номи — Copilot. Фойдаланувчи исталган саҳифани очиши ва шу ойнанинг ўзида чат-ботдан маълумотни топишни, оғзаки ёки ёзма кўринишда тайёрлаб беришни сўраши мумкин. Иншо режимида исталган матнни ёзса бўлади — электрон хатдан тортиб сайтлар учун мақолалар ва ижтимоий тармоқлар учун постларгача!

Arc браузерида эса ChatGPT ва CTR+F орқали ақлли қидирув ишга туширилган, энди маълумотлар тасодий аниқликда эмас, балки мазмунан қидирилади.

Сунъий интеллект қидирув машиналарининг ролини ўзгартириб юборяпти. Масалан, фойдаланувчилари сонини ошириш ва уларнинг қидирув рағбатини қўллаш мақсадида, Forbes нашри ўзининг генератив қидирув платформаси — Adelaideни ишга туширди. Adelaide сайтнинг сўнгги 12 ойдаги маълумотларига ўқитилган, жонсиз қидирув машинасидан кўра кўпроқ ассистентни эслатади. Платформа сўровларга жавобни инсон нутқига яқин генерацияланган матн кўринишида беради. Шундай экан, нафақат улкан қидирув тизимларининг ақли ошади, қолаверса, ички қидирув тизимлари ҳам яқин орада гигантлар билан рақобатга киришса ҳайрон қолмаймиз.

2023 йил февралига қадар фойдаланувчилар қидирув орқали нималар қила олишган:

  • Асосий сўров бўйича маълумотларни қидиришган ва берилган жавобларни тадқиқ қилишган.
  • Таълим бўйича маълумотлар қидиришган ва жавоблар (иншолар, мақолалар, дастурлаш) олиш учун форумларда мулоқотлашишган.
  • Алоҳида сайтларда уларнинг ички қидирув машиналари ёрдамида маълумотлар қидиришган.

2023 йилнинг февралидан кейин фойдаланувчилар нима қила олишмоқда:

  • Ўз саволларини ўта аниқ генерациялаб (тайёрлаб), керакли шаклдаги жавобни олишмоқда.
  • Дастурлаш бўйича саволларга лаҳзада жавоб олишяпти.
  • Bing қидирув тизими чат-боти орқали матнлар ёзишяпти. У баъзида таълимий масалалар бўйича мулоқот ўрнини ҳам босмоқда.
  • Вазиятни ифодаловчи сўровларни қидиришмоқда: масалан, филм ёки китоблардан айрим парча бўйича.
  • Қидирув тизими тақдим этган жавоб асосида умумлаштирилган маълумотларни ва генерацияланган ягона жавобни олишмоқда.

ҚИДИРУВ ТИЗИМЛАРИНИ ЯҚИН БЕШ ЙИЛДА НИМАЛАР КУТЯПТИ?

Ҳаётимизнинг рақамлаштирилиши ва ахборот истеъмоли тобора ошиб боряпти. Бозорни ўзгартираётган ва ўнлаб йиллар трендини белгилаб бераётган глобал инновациялар, масалан, Google қидирув тизими ёки тўлиқ сенсор экранли Apple телефонлари (айфонлар) пайдо бўлиши — ноёб ҳодиса. Яқин бир неча йилларга татигулик худди шунақа инновация туғилиб бўлган — бу ChatGPT кўринишидаги генератив модел. Бу гўёки аввал пайдо бўлган ва кейинчалик мулоқотлашиш ва ёзиш ўрганилган тил мисоли ихтиро. Технологиялар оламида кейинги беш йилда пайдо бўладиган нарсаларнинг барчаси бевосита юқоридаги генератив моделларнинг такомиллашиши ҳосиласи бўлади:

  1. Бир-икки йилдан сўнг Google ёки Bing диалогли, сунъий интеллект функцияли янгича қидирув тизимларини ишга туширса эҳтимол. Маълумот билан танишиш формати оддийлашади: қидирув тизими ҳамма саволларингизга жавоб бера олувчи ассистентга айланади.
  2. Янги технологиялар қидирув билан ўзаро алоқалар моҳиятини ўзгартириши мумкин. Масалан, Apple кўзойнаги — Vision Pro билан ҳозир интернетда қўлни ишлатмаса ҳам бўлади, келадакда бу восита биз учун керакли нарсаларни дўконларнинг пештахталаридан ёки реал ҳаётдан излаб топиб бериши кутиляпти.
  3. Интернетдан десктоп қурилмалар (компютерлар, ноутбуклар)да фойдаланиш яқин 7 йилда кескин қисқариб, смартфонлар одамлар интернетдан фойдаланадиган асосий воситага айланади. Қидирув динамикаси ва мултифункционаллиги ошади. Масалан, Google график маълумотларни реал вақтда матнли сўров билан биргаликда қидириш имконини берувчи Google Lensни такомиллаштириш устида анчадан буён ишлаяпти.

КЛАССИК ҚИДИРУВ ТИЗИМЛАРИ НЕГА БУТУНЛАЙ ЙЎҚОЛМАЙДИ?

Янги пайдо бўлган қидирув концепцияси ноодатий

Чат-бот кўринишидаги қидирув эски тизимдагига нисбатан қулайлигини одамларга исботлаш имконсиз. Бунинг замирида инсонга хос табиий консерватизм (кўникма) ётибди — кўплаб сиёсий ва ахлоқий аспектларни енгиб ўтишга тўғри келади.

Жавоб сифати қониқарли эмас

Ҳозирда сўровга берилаётган жавоб кўринишидаги маълумотларнинг аниқлиги борасида муаммолар бор. Бироқ алгоритмларнинг келгуси оптималлаштирилиши ҳисобига яқин йилларда муаммо ҳал бўлиши кутилмоқда. Бу чат-ботларнинг жавоблари сифатини максимал даражада оширади.

Танлов имкониятидан маҳрумлик

Ақлли қидирув бир нечта манбалар асосида тайёр жавобни беради ва инсондаги вазиятни назорат қилиш ҳиссини ўзиники қилиб олади. Бу эса фойдаланувчига ҳар доим ҳам ёқмайди.

Электрон тижорат

Компаниялар қидирув тизимлари орқали ўз товарларини сотиш, янада юқорида ранжировка қилиниш учун кўп пул тикмоқда. ChatGPT ҳамда янгиланиб бораётган Google ва Bing концепцияси қидирув тақдим этадиган жавоблар кўрсатилишини чеклайди, бу эса бизнес ва монетизация манфаатларига зид. Муаммонинг ечими — нейротармоқ генерациялаган жавоб орқали товарни сотувчи моделни шаффофлаштириш.

Google 2023 йил июнида генератив модел орқали товарлар сотиш моделини синовдан ўтказди, бироқ кузга келиб ушбу усул орқали товарлар пайдо бўлиши камайди. Сабаблари ҳозирча номаълум.

Янгиликлар формати

Янги қидирув моделига медиа вакиллари қаршилик кўрсатишлари мумкин. Нейротармоқ нашрларнинг асл материалларига асосланиб жавобни шакллантирсаю, уларга ҳавола кўрсатмаса, демакки, медиа сайтлари трафиги ўз-ўзидан тушиб кетади.

Ечимини топмаган яна бир муаммо: нейротармоқ инфографикани қай тарзда беради. Уни муаллифсиз кўрсатиш иложсиз. Бир пайтлар интернет телефон китоблари (справочниклари)нинг бошига етгани каби, вақти келиб нейротармоқлар веб-қидирувларга нуқта қўйиши мумкин, бироқ ҳозир эмас.

ТРЕНДДАН ҚОЛМАСЛИК УЧУН SEO-МУТАХАССИСЛАР ВА КОМПАНИЯЛАР НИМА ҚИЛИШИ КЕРАК?

Қидирув оптимизацияси билан шуғулланувчи мутахассис қидирув тизимига дастурий ва шаклий даражада таъсир кўрсата олмайди. Қўполроқ ифодалаганда, сиз ўзингиз қарши курашаётган нарса олдида ожизсиз. Бироқ сайтларни оптималлаштириб, “рақиб”га қарши ўз қуроли — генератив модел технологиясини қўлласа бўлади.

Генератив моделлар ботларини блокламаслик керак

Айни пайтда Bing, Google қидирув тизимларининг ботлари ва ҳатто ChatGPT сайтларни таҳлил қилиш билан шуғулланмоқда. ChatGPT охирги пайтларда матнни шакллантириш пайтида фойдаланилган манбаларга ҳаволалар кўрсатишни синовдан ўтказяпти. Ботларни блокламаган ҳолда сиз ўз сайтингизнинг сўровларга жавоблар рўйхатидан жой олишига йўл очасиз, бу эса сизга кўпроқ қидирув трафигини беради.

Нейротармоқлар ёрдамида тайёрланган матнларни ишлатишда ҳушёрлик лозим

Google айтади: матнни нейротармоқ ёрдамидами ёки ўзингиз яратингизми, муҳиммас, энг муҳими — матннинг сифати. Нейротармоқлар матнларни инсон иштирокисиз, муайян алгоритм бўйича тайёрлайди, промптлардан фойдаланилгандаги сифат эса ҳозирча мақтагулик эмас. Қидирув тизимлари ушбу тоифа контентларни аниқлай олади, аммо биринчи ўринда турадиган нарса барибир — матн сифати.

Аниқ калит сўзларни қидириш

ChatGPTдан калит сўзлар  йўналишларини белгилаб беришни сўранг. Кейин эса Bert нейротармоғи воситасида кластеризацияни амалга оширинг, оддийроқ айтганда, ўзингизнинг калит сўзларингизни маънодош гуруҳларга тақсимланг. Microsoft Edge Copilot ёрдамида эса маълум мавзудаги саҳифада энг кўп учрайдиган калит сўзларни кўрса бўлади.

Мазмун ва фактларни тақдим этиш

Генератив модел сизга ҳаволани бериши ва сизнинг контентингизни сифатли дея баҳолаши учун, маълумотларни рақамлар билан аниқ беринг. У фактларга таянади. Балки у “сув қўшилган” матн ва сизнинг сифатли материалингиз асосидаги миксни тақдим этар, аммо аниқ маълумотлар манбаси ҳавола қилиниши эҳтимоли катта.

Аралаш тақдим этиш

Генерацияланган матн билан аралаш  тақдим этишда, қидирув тизими фойдаланувчи текшириб кўриши учун ахборот манбасини кўрсатади. Бу ҳолатда асосий ролни сарлавҳа ўйнайди, чунки ахборот қаердан олинишидан қатъи назар, сайтлар рўйхатлар кўринишида акс этади. Ушбу концепцияни генератив моделга қурилган трендаги янги қидирув тизими — Perplexityда учратиш мумкин.

Коммюнити ёки ассистент яратиш

Фойдаланувчилар қидирув тизимларига тобора камроқ мурожаат қилишмоқда. Саволлар беришни ҳамжамиятларга, жумладан, профессионалларга ишонишмоқда. Харидлар учун — Amazon, тасвирлар учун — Pinterest ва ҳоказо. Ички Adelaide қидирувига эга Forbes ҳам бор, буларнинг ҳаммаси коммюнити келлажакда бизнес-маслаҳатчига айланиши мумкинлигига ҳам ишора беради.

ҚИДИРУВ ТИЗИМЛАРИ ЭВОЛЮЦИЯСИ ДАВОМ ЭТАДИ

Қидирув тизимлари файл номини топувчи оддий интернет қидирувчидан сунъий интеллектли мураккаб тизимларгача бўлган узоқ йўлни босиб ўтди. Анъанавий қидирув тизимлари ўлмайди, балки эволюцион ривожланишда давом этади, фойдаланувчиларга кўпроқ маъқул келувчи қидирув моделлари уларнинг ўрнини бирма-бир эгаллаб боради.

ChatGPT — барча қидирув тизимлари рақобатдан четга чиқиб қолмаслик учун нусха олаётган янги технология. Яқин йилларда аксарият қидирув тизимлари қидирув асссистентларига айланади ва фойдаланувчилар билан мулоқот асосида нафақат интернетда, балки реал ҳаётда ҳам маълумот излаш билан шуғулланади.

Генератив моделлар технологияси энди-энди қад ростлаётган бўлса-да, унинг оптималлашиши узоқ жараён эмас. Янги қидирув модели билан бирга фаолиятнинг янги турлари (масалан, бир вақтлардаги seo-мутахассислар каби) пайдо бўлиши ёки айримлари ўзгариши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг