Ўзбекистон хорижий компаниялар учун бизнес юритиш ва инвестициялар киритишга энг қулай мамлакатлардан биридир
Куни кеча, 23 октабр куни Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасидаги “Ўзбекистон халқаро бизнеснинг янги маркази сифатида: хорижий компаниялар учун имкониятлар” мавзусидаги халқаро тадбир ташкил этилган эди.
Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Латвия Республикасининг собиқ Президенти Раймондс Веёнис, Сербия Республикасининг собиқ Президенти Борис Тадич, Халқаро электралоқа иттифоқи собиқ бош котиби Ҳамадоун Туре, Ирландиянинг IDA (Industrial Development Authority) ташкилоти маслаҳатчиси Шон Макклин, “NEC” корпорацияси собиқ вице-президенти ҳозирги кунда Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Акиҳиро Сакураи иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Сербия Республикасининг собиқ Президенти Борис Тадич сўзларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ажойиб ўзгаришлар амалга оширилмоқда ва бу ишлар бутун дунё томонидан Марказий Осиё тарихидаги муҳим воқеалар сифатида тан олинган.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан АйТи соҳасига берилаётган эътибор туфайли Ўзбекистон “Минтақавий IT-Hub”га айланмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон хорижий компаниялар учун бизнес юритиш ва инвестициялар киритишга энг қулай мамлакатлардан биридир.
Ўзбекистонда Рақамли стартапларни ривожлантириш орқали ҳукумат, бугунги давр талабларига дош беришга тайёр бўлган тадбиркорларнинг янги авлодини кенг қўллаб-қувватламоқда. Бу стартапчилар нафақат иқтисодий иштирокчилар, балки ижтимоий қиймат яратиш ва турмуш даражасини оширишда муҳим ҳамкорлардир.
Ўзбекистонда Рақамли стартапларни ривожлантириш учун киритилган хорижий инвестициялар миқдорида маҳаллий маблағ ажратилиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан спикерлардан бири “NEC” корпорацияси собиқ вице-президенти ҳозирги кунда Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Акиҳиро Сакураи фикрича, Жаҳон меҳнат бозори ва иқтисодиётининг рақамлашувини инобатга олган ҳолда, мамлакат замонавий билим ва кўникмаларга эга янги авлод мутахассисларини тайёрлашга катта эътибор қаратмоқда. АйТи таълим дастури 300 000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратишни ва ҳар йили 15 000 дан ортиқ мутахассис тайёрлашни ўз олдига мақсад қилган.
Давлат дастурлари ёшларнинг халқаро АйТи сертификатларини олиш харажатларини қоплашни ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу уларнинг миллий ва халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширади. Шунинг ёрдамида ўзбекистонлик мутахассислар нуфузли лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлиб, мамлакатнинг АйТи бўйича халқаро миқёсдаги ролини кучайтиради.
2023–2024 йилларда 826 000 дан ортиқ фуқаро онлайн платформалар орқали таълим олди. Бу рақамли таълимга талаб юқори эканлигини кўрсатмоқда.
Мазкур барча чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёти учун етакчи кадрлар тайёрлашга қаратилган бўлиб, улар нафақат мамлакат эҳтиёжини қондиради, балки Ўзбекистонни рақамли технологиялар соҳасида глобал занжирларга интеграция қилишга ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter