KOICA билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (Korea International Cooperation Agency) директори Шин Мюнг Сеоп билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ал Хоразмий ворислари лойиҳасини Қорақалпоғистон ва Қашқадарё вилоятларига кенгайтириш учун грант лойиҳаси ташкил этиш ва уларни керакли жиҳозлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
KOICA мутахассислари ва вазирлик вакиллари Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида лойиҳа юзасидан таҳлил ишлари олиб борган.
Натижада лойиҳа учун Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятлари танлангани қайд этилди.
Мазкур ўрганишларнинг асосий мақсади Урганч, Нукус ва Қарши ҳудудларида рақамли таълимни ривожлантириш эҳтиёжлари ва имкониятларини ўрганишдан иборат эди. Ушбу ўрганиш натижалари "Рақамли инновацияларни ривожлантириш: Ўзбекистон ҳудудларида технология йўналишида иқтидорли мутахассисларини тайёрлаш" истиқболли лойиҳасини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Лойиҳа 2026-2032 йилларда амалга оширилади.
Хусусан, лойиҳа доирасида Рақамли таълим марказларида ҳудуд аҳолиси учун компютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника ва инглиз тилини ўқитиш учун зарур бўлган АКТ жиҳозларини харид қилиш мўлжалланган.
Ушбу ҳамкорлик ташаббуси орқали Рақамли технологиялар вазирлиги ва KOICA ўзбекистонлик ёшларни зарур рақамли кўникмалар билан таъминлашни мақсад қилган.
Маълумот учун: Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг асосий вазифаси халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва турли грантлар ҳамда техник ҳамкорлик дастурлари орқали ривожланаётган мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини оширишдан иборат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter