Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“CRIF” компанияси Ўзбекистонда минтақавий бош қароргоҳини очиш имкониятини кўриб чиқмоқда

“CRIF” компанияси Ўзбекистонда минтақавий бош қароргоҳини очиш имкониятини кўриб чиқмоқда

“Shared Services va Offshore Outsourcing Conference” доирасида IT Park Uzbekistan вакиллари ҳамда “CRIF” Осиё филиали директори Винченсо Реста бошчилигидаги Италиянинг “CRIF”  компанияси делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар компаниянинг минтақавий бош қароргоҳини Ўзбекистонда очиш масаласини муҳокама қилдилар.

“CRIF” Европа қитъасидаги етакчи банк кредит ахборотлари етказиб берувчиларидан бири ҳисобланиб, молиявий хизматлар соҳасида технологик ечимлар тақдим этувчи дунёнинг етакчи компаниялари рейтинги — “FinTech 100”га киритилган. Бош қароргоҳи Италияда, қўшимча офислари эса Ҳиндистон, БАА ва Словенияда жойлашган компания 4 қитъадаги 37 мамлакатда ўз хизматларини кўрсатади. “CRIF” ходимлари сони 6400 дан ортиқ мутахассисни ташкил этади.

Аввал томонлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маҳаллий офиснинг “CRIF” учун янги минтақавий қўшимча офисга айланиш ва ўз хизматларини Ўзбекистон орқали хорижий бозорларга олиб чиқиш салоҳияти мавжудлиги муҳокама қилинган эди. Мамлакатимиз АйТи соҳасига зарур кўмак ва ёрдам кўрсатишда ҳукуматнинг очиқлигини намойиш этаётгани, шунингдек, бизнес муҳитини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва ислоҳотлар туфайли Италия компанияси вакиллари учун жозибадор ҳисобланади.

Бу сафар “CRIF” вакиллари маҳаллий инфратузилма, истеъдодларни тайёрлаш даражаси ва бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар билан танишиш мақсадида “ICT WEEK UZBEKISTAN 2024” тадбирига ташриф буюришди. Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг, Италия делегацияси бошқа компанияларнинг муваффақиятли тажрибалари билан танишиш учун IT Parkнинг бир қатор резидентларига ташриф буюради.

“CRIF”  компаниясининг Ўзбекистонда минтақавий бош қароргоҳини очиш истиқболлари ҳар икки томон учун ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Бу Ўзбекистон учун АйТи соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва юқори малакали иш ўринларини яратиш бўйича янги имкониятлар очади. “CRIF” компанияси учун эса бу Марказий Осиёдаги фаолиятини стратегик кенгайтириш ва халқаро бозорларга чиқиш учун Ўзбекистоннинг қулай бизнес муҳитидан фойдаланиш имкониятини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг