Сунъий интеллект Ўзбекистон тараққиётига қандай ҳисса қўшади?

Сунъий интеллект (СИ) - ХХИ аср технологиясининг юксак чўққиси бўлиб, инсон фаолиятининг турли жабҳаларини тубдан ўзгартириш қобилиятига эга. Бугунги кунда СИ соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, давлат хизматлари ва жамики соҳаларда инқилобий ўзгаришларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон рақамли трансформация босқичида бўлиб, сунъий интеллектдан фойдаланиш мамлакат иқтисодиёти ва жамият ривожига катта ҳисса қўшиши мумкин.
Сунъий интеллект қандай ишлайди?
СИ тизимлари маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва улардан хулосалар чиқариш орқали ишлайди. Бунда машинавий ўқитиш ва чуқур ўқитиш каби замонавий технологиялар қўлланилади. Алгоритмлар маълумотлар асосида машқ қилдирилиб, турли жараёнларга мослаштирилади. Ўқитилган модел янги маълумотлар билан ишлайди ва прогнозлар беради.
Сунъий интеллектнинг тизимларда қўлланилиши
Соғлиқни сақлаш: Касалликларни бошланғич босқичда аниқлаш ва даволашда СИ муҳим рол ўйнайди. Масалан, тиббий тасвирларни таҳлил қилиш алгоритмлари саратон каби оғир касалликларни ўз вақтида аниқлашга ёрдам бермоқда.
Транспорт: Автоном автомобиллар ва ақлли транспорт тизимлари йўл-транспорт ҳодисаларини камайтиради ва шаҳар инфратузилмасини яхшилайди.
Таълим: СИ ёрдамида таълим жараёнини шахсийлаштириш мумкин. Ўқувчилар учун индивидуал дастурлар тузилиб, билимларни самарали ўзлаштиришга ёрдам беради.
Давлат хизматлари: СИ давлат хизматларини автоматлаштиради, фуқаролар учун қулайроқ ва тезкорроқ ечимлар яратади. Масалан, чат-ботлар орқали мурожаатларни қайта ишлаш ёки рухсатномаларни бериш жараёнини соддалаштириш мумкин.
Сунъий интеллектнинг фуқаролар ҳаётига таъсири
Ақлли шаҳарларда қулайлик: СИ тирбандликни камайтириш ва йўл ҳаракатини тартибга солишда фойдаланилади. Шунингдек, экологик муҳитни мониторинг қилиш орқали соғлом яшаш шароитлари яратади.
Шахсий ёрдамчилар: Чат-ботлар ва интеллектуал ёрдамчилар кундалик ишларни автоматлаштиради, вақтни тежайди ва ҳаётни қулайлаштиради. Масалан, хизматлар учун тўловлар, буюртмалар ва учрашувларни режалаштириш каби вазифалар бажарилади.
Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш имкониятлари
Сунъий интеллект Ўзбекистон тараққиёти учун улкан имкониятларни очиб беради. Саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида жорий этилган СИ технологиялари самарадорликни ошириш ва фуқаролар ҳаётини яхшилаш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Биринчидан, СИ қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчидан, саноатда автоматлаштирилган тизимлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, сифатни яхшилайди ва харажатларни камайтиради. Бу нафақат иқтисодий барқарорликни, балки халқаро бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайди.
Учинчидан, давлат хизматларида СИ жараёнларни шаффофлаштириш ва тезкорлаштириш орқали фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини оширади. Бу эса жамиятдаги ижтимоий барқарорликка хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллектни стратегик ривожлантириш орқали Ўзбекистон технологик жиҳатдан тараққий этган, юқори самарадорликка эга ва инновацион иқтисодий моделга асосланган давлатга айланиши мумкин. Шунинг учун СИ ни жорий этиш ва уни ҳар бир соҳага интеграция қилиш устувор вазифа бўлиб қолиши лозим.
Моҳиржон Раҳмонов
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги
“Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” ДМ,
Рақамлаштириш жараёнларининг самарадорлигини баҳолаш бўлими, 1-тоифали мутахассиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter