Оила мустаҳкам бўлишининг энг муҳим шартлари
![Оила мустаҳкам бўлишининг энг муҳим шартлари](https://ict.xabar.uz/static/crop/3/8/920__95_3813016582.jpg)
Халқимизда азалдан оила юксак қадрият ҳисобланган. Ҳар қандай шароитда ҳам оилани сақлаб қолиш учун масъулият юқори бўлган. Оила жамиятнинг кичик бир ячейкаси бўлиб, жамиятнинг ривожланишида, фаровон ва барқарор бўлишида роли муҳим. Шундай экан ҳеч бир инсон оиладан ташқарида яшай олмайди. Олимларнинг ўтказган тадқиқотларига қараганда, оиласиз, ёлғизликда яшаган инсоннинг умри қисқа бўларкан. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал бўла олмайди.
Кеча, 8 ноябр куни “UNICON.UZ — Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази” давлат унитар корхонасида “Оила ҳуқуқи асослари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Тошкент давлат юридик университетининг юридик фанлари доктори Феруза Муҳитдинова иштирок этиб, корхона ёшларига оила, унинг жамиятдаги ўрни, оилани сақлаб қолиш омиллари ҳақида сўзлаб берди.
— Жуда долзарб мавзуни танлабсизлар, бу бугунги кунда энг оғриқли мавзулардан ҳисобланади, — дея сўз бошлади нотиқ. — Оилаларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш борасида ишлар олиб борилаётганлигига қарамасдан, кейинги пайтларда ажримлар сони ортиб бораётганлиги ҳар қандай нормал одамни жиддий ташвишга солади. Статистик маълумотларга қараганда, жорий йилнинг бошидан шу кунига қадар 40 мингдан зиёд ажрим қайд этилган. Бу рақамлар нақадар даҳшатли эканини тасаввур қиляпсизми, азиз ёшлар? Бунинг ортида қанчадан-қанча болалар ё отасиз ёки онасиз қолмоқда. Биз азалдан оилани қадрлаган халқмиз. Шундай экан, оила мустаҳкамлиги йўлида масъулиятимизни унутиб қўймаслигимиз керак. Хўш, қандай оила мустаҳкам оила ҳисобланади? Қайсики оилада эркак кечиримли, аёл сабрли бўлса, ана ўша оилада тинчлик, фаровонлик, барқарорлик, бахтиёрлик ҳукм суради.
Давра суҳбати чоғида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди ҳамда шундай учрашувлар тез-тез ўтказилиб турса мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлашди.
Солижон Зоиров,
“Хабар” мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter