Киберзаифликларнинг 81 фоизи — юқори даражали хавф тоифасига тегишли
Бугун, 11 август куни Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида “Киберхавфсизлик маркази” ДУК ва “Cyber park” ҳамкорлигида кибермакондаги таҳдидларга қарши курашишнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда қатор вазирликлар, идора ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларидан мутахассислар, ахборот технологиялари бўйича экспертлар, “Cyber park” резидентлари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда “Cyber park” резидентлари — “Onesec”, “Baik technologies”, “Softline education”, “Universoft-IT”, “Cyber-bro” каби компаниялар вакиллари ахборот ва киберхавфсизлик мавзуларида тақдимот қилдилар.
Экспертлар ва “Cyber park” резидентлари томонидан киберҳужумларга қарши курашишнинг замонавий тенденциялари, интернет орқали содир этилаётган қонунбузилишларнинг олдини олиш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ахборот технологияларидан фойдаланиб амалга оширилган жиноятларни криминалистик тадқиқ этиш, фош этиш ва тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, киберхавфсизликни таъминлашда давлат идоралари ва хусусий секторлар ҳамкорлигини мувофиқлаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Маълумот учун: “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан 2023 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистондаги давлат идораларининг 81 та расмий веб-ресурси амалдаги ахборот ва киберхавфсизлик талабларига жавоб бериши даражасини аниқлаш бўйича экспертизадан ўтказилган. Мазкур ресурсларда жами 316 та турли хавф тоифаларига оид киберхавфсизлик заифликлари аниқланган: заифликларнинг 81 фоизи (255 таси) юқори даражали хавф тоифасига тегишли. Ушбу ҳолат, яъни веб-ресурсларни эгаллаш ва уларга рухсатсиз киришга уриниш ҳолатларининг ортиши веб-ресурсларда киберхавсизлик тамойилларини изчил татбиқ этишни талаб этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter