Жанубий Кореяда жаҳондаги энг йирик яримўтказгичлар кластери қурилади
Samsung Electronics яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчилардан саналади, бироқ бозор доимий тараққиёт ва инвестициялар киритишни талаб қилади, шундан келиб чиқиб, Жанубий Корея ҳукумати асримиз ўрталарига бориб маҳаллий компаниялар иштирокида мамлакат ҳудудида чиплар чиқаришга ихтисослашган йирик кластерни қуришни режалаштирган.
Шу мақсадлар йўлида Samsung Electronics ва SK hynix сингари йирик сармоядорлар 2047 йилгача маҳаллий яримўтказгичлар соҳасига ҳозирги курс бўйича $471 млрд инвестиция киритишни мўлжалламоқда. Кореяда ҳозир яримўтказгичларга ихтисослашган 21 та компания бор, уларнинг ёнига 13 та янги компания ва учта тадқиқот маркази қўшилади. Пхёнтхэкдан Йонъингача ҳудудларни эгаллаган ушбу саноат кластери 2030 йилга бориб ҳар ойда 7,7 млн.тагача кремний пластиналар чиқариш қувватига эга бўлади.
Жанубий Корея экспортида яримўтказгичларнинг улуши 16 фоизни ташкил этади, шу боис мамлакат ҳукумати соҳани янада ривожлантиришдан манфаатдор. Жанубий Корея ҳукумати маҳаллий компанияларга бевосита субсидиялар билан ёрдамлашмаса-да, уларга солиқ бўйича имтиёзлар бермоқчи. Samsung Electronics мамлакат ҳудудида жойлашган ўз корхоналарини ривожлантиришга 2047 йилгача қадар $378 млрд, SK hynix эса $92 млрд сармоя киритади.
Жаҳондаги энг йирик кластерни барпо этиш йўлида Жанубий Корея 2030 йилга қадар жаҳон бозоридаги улушини ҳозирги 3 фоиздан 10 фоизга етказишни режалаштирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter