Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Интернет бошқа ОАВларни синдириш учун яратилмаган

Интернет бошқа ОАВларни синдириш учун яратилмаган

Фото: Eaomedia.ru

Ахборот технологиялари тараққий топган ҳозирги жамиятда “Яқинда ҳеч ким газета ўқимай, радио эшитмай, телевизор кўрмай қўяди, интернет барчасини синдиради”, деган фикр, тўғрироғи, қўрқув мавжуд.

Эҳтимол, бу умидсизлик инъикосидир. Аммо, ҳақиқат шуки, интернет бошқа ОАВларни йўққа чиқармайди, у бундай мақсадда вужудга келмаган. Бундай фаразлар тарихан ҳам ўзини оқламаган. Бинобарин, телевидение инсоният ҳаётига кириб келганида “Энди газетадан тортиб китоб, радио, театргача касодга учрайди”, деган гаплар болалаганди.

Ўнта бўлса ўрни бошқа, деганларидек, интернет ривожи бошқа ОАВларни барбод қилмайди. Сўзимизни давом эттириб айтамизки, синмаслик учун бошқа ахборот воситаларининг ўзида ҳам сифат ва таъсирчанлик бўлиши шарт. Ўзи шундоғам кунини зўрға кўраётган, саҳифалари “сув”дан иборат газетанинг синишига интернет айбдор эмас, балки бир баҳонадир. Ўз аудиторияси талабига монанд ишлаётган газета таҳририяти, радио ва телеканаллар интернет бўрони остида ҳам омон қолади.

Интернет-дўкон бир имконият ўлароқ пайдо бўлгач, кўчадаги бозорлар йўқ бўлиб кетмаганидек, веб-оламда ахборот ресурсларининг кўпайиши медиа оламни бойитиб бериши мумкинки, асло бошқача дахл солмайди. Шунингдек, сифат ва самарага эга газета, радио, телевидение, китоб нашриётлари ўз фаолиятига ахборот технологияларини сингдириб, аудиториясини янада кенгайтириб олишга муваффақ бўлади. Нуфузли нашрлар глобал тармоқнинг пайдо бўлишидан фақат фойда кўрди, чунки улар интернет имкониятларига тезда мослашди ва энди у билан тандемда ҳаракат қилмоқда. Бугун газетанинг интернет-талқини ва унинг босма нашрлари яхши уйғунлашгани, бир-бирини тўлдираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ижтимоий тармоқлар аҳолининг салмоқли қисмини қамраб олганига қарамай, журналист касби аҳамиятини йўқотгани йўқ. Ҳамон аудитория бехато ёзилган матн, сифатли тасвир ва адабий тил янграйдиган радиоэфирларга, мутолаа завқига муҳтож. Фақат интернет уларнинг фаолиятига ойна тутиб, камчиликларни юзага чиқариб қўйди, холос. Буни хатоларни вақтида тузатиш учун яхши бир сабоқ, деб қабул қилиш керак. Халқда ишончли ахборот эҳтиёжи узлуксиз давом этади ва бу борада ОАВлар рақобатдан кўра ҳамкорликка кўпроқ урғу берсалар, тўғрироқ бўлади.

Интернетнинг пайдо бўлиши билан журналистикада янги давр бошланди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари вакиллари журналистикада рўй бераётган туб ўзгаришлардан яхши хабардор бўлиши, одамларнинг эҳтиёжларини тўғри аниқлаши ва халқ талабларига жавоб берадиган ахборий маҳсулотларни тақдим эта олиши керак.

Тўғри, ҳозирда босма оммавий ахборот воситаларининг ҳаётимиздаги ўрни ўтган аср охиридагидек катта эмасдир. Газеталар ахборот пойгасида нафақат интернетга, балки телевидение ва радиога ҳам ютқазиб қўяётганини тан олишга мажбурмиз. Аммо уларнинг яшаб кетишига умид сўнмаган. Битта одамнинг ўзи кун давомида бир неча ОАВга мухлислик қилиши ҳам сир эмас. Масалан, фаол интернет фойдаланувчиси бўлиш билан бир қаторда машина ҳайдаб кетаётганда радио тинглаш, уйда кечки овқат пайти телевизор кўриш, эрталаб газета ва журналларни варақлаш замонавий инсоннинг кун тартибидан ўрин олган.

Интернет ягона ОАВга айланиб қолиш ҳадиги сунъий интеллект, нейротармоқлар, робототехника тараққиётидан иш ўринлари қисқариб, одамлар ишсиз қолишидан қўрқув билан жуда ўхшаш. Аслида бу соҳаларнинг кенгайиши мутахассисларнинг ишини осонлаштириши, янги иш ўринларини пайдо қилиб, ходимлар вақти ва меҳнатини тежаши рост-ку. Уларнинг яратилишидан ҳам мақсад шу бўлган. Ўз навбатида, интернет ҳам бошқа ОАВларни синдириш мақсадида ўйлаб топилган эмас.

Демак, қўрқув исканжасидаги ОАВлар ўз ишларини қайта кўриб чиқишлари, интерактивликка интилиб, аҳоли ўй-фикрларини кўпроқ кўрсатиб беришга ҳаракат қилишлари керак. Шунда интернетга муккасидан кетган авлод вакиллари орасидан даврий нашр ўқиш ва радио тинглашдан, телевизор қаршисида вақт ўтказишдан завқланадиганлар кўп топилади.  Оддий қилиб айтганда — “Карвон кўп, ризқи бўлак”.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг