Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Махфуза Рўйиддинова

«Кема учун энг хавфсиз ҳудуд – қирғоқ. Аммо у бунинг учун яратилмаган».

Google’даги хатоликларга ечим излаётган ўзбек қизи (ВИДЕО)

Нега айнан Google компаниясини танладингиз?

Буни олтинчи ҳиссиёт деса ҳам бўлади, мен ушбу компанияга эркинлик излаб борганман. Бу мен учун жуда муҳим. Шунингдек, айнан ушбу компаниядаги “муаммога бўлган очлик” ўзига жалб қилади. Барчага маълумки, Google компанияси ўзининг “work life balance”и билан машҳур. Буни улар қандай уддалашади билмайман, аммо ишчилар илҳомланиб ишлашади ва самарадорлик  20 баробарга ошади. Бу оддий ижтимоий тармоқ ёки социал лойиҳа эмас, бунинг асосида катта фан ётади, бу ҳам албатта жуда қизиқ. Хуллас реаллик, кутганларимдан анчайин устун бўлиб чиққан.

Ҳозирги кунда Google қидирув тизимига альтернатив вариантлар бирин-кетин пайдо бўлмоқда. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон сегментида ҳам бундай лойиҳаларни амалга ошириш керакми?

Ўзбекистон бозорида мавжуд тизимларни қайта ишлаб, миллий бозорга мослаштириш жуда муҳим деб ҳисоблайман. Бу билан жуда кўп нарсани ўрганиш мумкин. Янги ғоя ва имкониятлар пайдо бўлади. Нафақат қидирув тизимлари, балки операцион тизим, хариталар борасида ҳам ўзимизникини яратишимиз керак. Ҳеч ким кафолат бермайди, балки у вақт ўтиб Google’дан ҳам машҳурроқ бўлар. Windows пайдо бўлган йилларни эслайлик, у ҳам бошида жуда катта монополия эди. Аммо ҳозирда кўпчилик Linux операцион тизимини афзал кўряпти.

Қайси дастурлаш тилидан фойдаланасиз?

Computer scientist сифатида илк бор С++ дастурлаш тилидан фойдаланганман, кейинчалик Javascript, сунъий интеллект учун эса Python’ни танладим. Ҳозир эса мавжуд муаммодан келиб чиқиб, дастурлаш тилларидан фойдаланаман.

Лойиҳаларингиз ҳақида гаплашсак...

Ҳозирда альтернатив қидирув тизими устида ишлаяпман. Бу университет миқёсидаги оддий лойиҳа. Бунда Google тизимини яхшилаб ўрганиб, расмли, овозли ва шунга ўхшаш қулайликларга эга бўлган қидирув тизимини 4 ой ичида яратиш керак.

Айнан ушбу лойиҳаларингизда математиканинг ўрни...

Google’да илк бор иш бошлаган вақтимда, бир дона ҳам код ёзмаганман. Математик ечимлар орқали мавжуд муаммоларга ечим излаганман. Лойиҳа ҳақида бироз гапирадиган бўлсам, мураккаб тизимли лойиҳаларда хатоликларни топиш жуда қийин ва у бироз чалкаш жараён. Тизимни яхшироқ тушуниш учун эса астракцияни кўтарган ҳолда, унинг алгоритмларини қисқартириб, кичикроқ қилиб тасвирлашингиз керак. Биз тасаввур қилишга қийналган лойиҳаларни шундагина тушуниш осон бўлади. Бунда эса математика ёрдам беради. Google’да амалга оширган ишим ҳам худди шу эди. Компаниянинг реклама тизими билан боғлиқ катта абстракцияларни математик мантиқ ёрдамида кичиклаштириш йўлларини тақдим этдим.

Икки хил таълим тизимини кўрган инсон сифатида биз нималарга эътибор беришимиз керак деб ўйлайсиз?

Амалиёт кўпроқ бўлиши керак. Фақат ижтимоий лойиҳалар эмас, дастурчи инструментлари устида ҳам ишлаш лозим деб ўйлайман. Шунингдек, амалиёт бу – ҳар олти ойда бир қилинадиган иш эмас, мунтазам шуғулланиш керак. Масалан, бир курсда ўқийдиган талабалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, ментор билан мунтазам турли лойиҳалар устида ишлашса, бунда нафақат тажриба ортади, балки жамоавий ишлаш кўникмалари шаклланади, кимдир ўзида лидерлик қобилиятларини шакллантиради. Бунда секин-аста эгоизм йўқолишини кўрса бўлади. Факт шуки, дарсликлардан кўра, талаба ўзаро бир-бирига кўпроқ нарса ўргата олади.

Агар IT соҳасига талаб кўп бўлса, инфратузилма ривожланишини истасак, яна бир нарсага катта эътибор қаратишимиз лозим. Бу соҳада неча фоиз одам ўқияпти-ю, ундан неча фоизи реал вақтда IT соҳасида фаолият юритяпти. Камида 50 фоиз инсон ўзи ўқиган соҳасида ишлаши керак деб ўйлайман. Ўзим ўқиган даврни солиштирсам, бизда 10 фоизи ўз соҳасида фаолиятини давом эттирган холос.  

Яна бир масала, ўқув дарсликларини, айниқса, ўзбек тилидаги дарсликларни кўпайтириш. Германияга борганда дастлаб энг қийналган нарсам, айнан немис тилидаги дарсликлар бўлган. Ҳайрон қолардим, “қандай қилиб IT’ни немис тилида ўрганиш мумкин деб”. Лекин бу энг тўғри ечим. Дастурчилар энг камида соҳа доирасидаги атамаларини ўзбекча изоҳини билишлари керак.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда йирик IT Hub’га айланиши учун нималарга эътибор қаратилиши керак деб ҳисоблайсиз?

Буни ҳеч қандай қийинчиликларсиз кўра оламан, негаки, бунинг учун барча шароит ва имкониятлар бор деб ҳисоблайман. Аммо айрим жиҳатларга эътибор бериш ҳам муҳим. Масалан, интеллектуал мулк ҳимоясига. Бу чет эллик компанияларни Ўзбекистонга жалб қилишда энг асосий омилдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг