Электромобиллардан ҳафсаласи пир бўлган Mercedes-Benz бензинга қайтмоқда
Mercedes-Benz автомобилларни электрлаштириш режаларини беш йил ортга сурди (кечиктирди) ва инвесторларга ички ёнув двигателли моделларини такомиллаштиришда давом этишга ваъда берди. Ушбу қарор электромобилларга талаб кутилганидан паст бўлгани билан изоҳланмоқда.
Шу тариқа компания глобал савдога чиқараётган электромобиллари, жумладан гибридларининг жами машиналаридаги улушини 50 фоизга етказиш режасини 2025 йилдан 2030 йилга сурди.
Автомобилсозлар ва етказиб берувчилар ҳамон асосий эътиборни электромобилларга қаратишмоқда, оқибатда ушбу соҳага кириб келаётган сармоялар ва технологиялар реал талабдан ошиб кетди, ўз навбатида автокорхоналар ишлаб чиқариш режаларини ўзгартиришга мажбур бўлишяпти.
Mercedes-Benz бош директори Ола Келлениуснинг фикрича, ҳатто Европада ҳам 2030 йилга бориб электромобиллар янги машиналар бозорини 100 фоиз эгаллай олмайди, негаки, батареялардан қувватланувчи автомобилларнинг улуши ҳозир атиги 11 фоизни (гибридлар ҳам қўшилса 19 фоизни) ташкил этмоқда.
“2027 йилда биз деярли тўлиқ янгиланган автомобиллар линиясига эга бўламиз ва улар билан 2030 йилгача етиб борамиз”, — деди Келлениус.
Компания электрлашган автомобиллар (гибридлар билан бирга) савдо улуши жами чиқарилаётган автомобилларга нисбатан 19-21 фоиз атрофида сақланиб қолишини кутмоқда.
Иқтисодий ўсишнинг секинлашиши, таъминот занжиридаги узилишлар, Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-сотиқдаги зиддиятлар ҳам Mercedes-Benz компаниясининг 2024 йилда автомобиллар ва фургонлар савдосидан тушумлар камайиши ҳақида тўхтамга келишига сабабчи бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter