Bitcoin табиатга қарши: рақамли аср чанқоғи
Биткоин операцияларига жуда кўп электр энергияси сарфланишини кўпчилик билади, аммо худди шу мақсадлар учун жуда кўп сув ишлатилишидан барчанинг ҳам хабари бўлмаса керак. Биткоин экотизими 2023 йилнинг ўзида 2237 гигалитр (1 гигалитр = 1 млн м3) сув сарфлайди, — Digiconomist асосчиси ҳамда Амстердам эркин университети эксперти Алекс де Вризнинг сўзларини келтирмоқда The Register.
Ушбу криптовалютани ундириш учун АҚШда йил давомида 39–120 гигалитр сув ишлатилди, 300 минг хонадон ёки Вашингтон катталигидаги шаҳарнинг сув сарфи тахминан шунга тенг. Ўтган йили биткоин арзонлашиб, электр ва сув сарфи бирмунча пасайганди, бироқ бу йил яна қимматлашди, 2023 йилнинг мартида энергия ишлатилиши рекорд даражага етди. Йил якунига кўра, биткоинга электр сарфи 141,9 ТВт/с ни ташкил этиб, 2021 йилгидан 33 фоиз кўп бўлади.
2021 йилда жаҳон бўйича биткоинга қарийб 1600 гигалитр — ҳар транзакция учун 16 минг литрдан сув сарфланди. Бу банк карталари транзакцияларига сарфланаётганидан 6,2 млн баравар кўп!
Экспертнинг фикрича, сув ва электр сарфини камайтириш йўллари бор, бироқ афтидан бу иш билан ҳеч ким шуғулланмоқчи эмас, негаки, биткоин ҳамжамияти анчайин консерватив, яъни ислоҳотларни хушламайди. Ethereum каби самарали механизмларга ўтилаётганидан дом-дарак йўқ. Боз устига биткоин эгалари ва майнерлар айнан ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаслигини нисбий ишончлилик ва барқарорлик кафолати деб билишади. Эксперт таъкидлашича, атроф-муҳитга етказилаётган зарар, айниқса, жаҳонда сув тақчиллиги кузатилаётган ҳозирги шароитда, жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Масалан, Хитойда айни фаолият тақиқланганидан сўнг биткоинлар учун энг йирик майдонга айланган Қозоғистонда сув тақчиллиги чинакам инқирозга сабаб бўлади. Иқлимий ўзгаришлар нуқтаи назаридан, 2030 йилга бориб қўшни мамлакатда сув тақчиллиги 75 гигалитрга етади. 2021 йилда Қозоғистонда биткоинлар майнинги учун тахминан 1 минг гигалитр сув сарфланди. Шунинг баробарида, таъкидлайди эксперт, ташвишли хабарларга биткоин ҳамжамияти пинагини ҳам бузаётгани йўқ. Биткоинларга сарфланаётган сув муаммоси фонида нейротармоқларни ўқитиш ва ишлатишга кетаётган сув денгиздан томчи бўлиб кўринади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter