Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Аҳрор МАҲМУДОВ: “Айти” мутахассиси доим янги маррага интилади(ВИДЕО)

“IТ-Motivatsiya” кўрсатувининг бу галги қаҳрамони IТ хизматларини тақдим этиш бўйича дунё миқёсида етакчилардан бири бўлишни асосий мақсад қилиб олган Genesis Innovation компанияси бошқарувчиси, IТ-Парк резиденти, IТ тадбиркор Аҳрор МАҲМУДОВ.

Аҳрор МАҲМУДОВ 1984 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган;

Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган;

Ўзбекистон IТ бозорининг етакчи ва тан олинган экспертларидан бири ҳисобланади.

Ассалому алайкум, аввало бугунги кундаги фаолиятингиз ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

– Хабарингиз бор, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон бозорида IТ соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, бизнинг компаниямиз ҳам қисқа фурсат ичида катта ютуқларга эриша олган компаниялардан бири, десам муболаға бўлмайди. Дунё ҳамжамиятида IТ бозори кундан-кунга ривожланаётган бўлса, биз ҳам шунга қараб ривожланишга ҳаракат қиляпмиз.

2019 йилда ўз иш фаолиятини бошлаган ушбу компания қисқа фурсат ичида кўплаб мижозларнинг ишончини қозона олди. Бунинг сири нимада?

– Менинг фикримча, бу албатта, менежментга боғлиқ. Корхонани тизимли бошқаришни йўлга қўймаса, кутилган маррага эришиш осон бўлмайди. Аввало, бирор-бир янгиликни ёки хизмат турини ўзимизда синаб кўриб, кейингина ҳамкорларимизга ва мижозларимизга таклиф қиламиз.

– Сир бўлмаса шу пайтга қадар нечта компанияларга хизмат кўрсатгансиз?

– Ҳозирги вақтда шу қисқа вақт ичида 60 га яқин давлат идораларига хизмат кўрсатиб келяпмиз.  Бу хизматлар, албатта, йил давомида амалга оширилади.

– Сизнингча, IТ бизнес муҳитининг ўзига хос жиҳати нимада?

– Ҳар бир IТ мутахассиси қайсидир маррага етганидан сўнг янада янги марраларни забт этишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Компаниямиз ҳам аввало нима қилсак янада кўпроқ марраларни забт эта оламиз, деб ўз олдимизга мақсад қўйган ҳолда фаолият юритамиз.

Ҳар бир соҳанинг энг зўри бу IТ мутахассиси ҳисобланади. Оддий бир этикдўзни олайлик, у агар ахборот технологияларидан хабардор бўлса, ўз бизнесини рақамлаштириш орқали янада кўпроқ фойда кўради, ривожланади.

Бизнесни автоматлаштириш учун Genesis Innovation компаниясида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Ҳозирги кунда дунё бозори очиқ. IТ-Парк ҳам ўз резидентларига жуда катта имкониятлар бермоқда. Компаниялар ҳам, шу жумладан, бизнинг компаниямиз ҳам ўз навбатида бу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, ўз мижозларига янада сифатли хизмат кўрсатишмоқда. Ўзбекистонда энг катта даромад топадиган соҳа вакиллари ҳам айнан IТ мутахассислари эканлиги ҳам компаниямизга кўплаб ёшлар томонидан қизиқишлар ортаётганлигига сабаб бўлмоқда.

– Пандемия компаниянгиз фаолиятига қандай таъсир кўрсатди?

– Панадемия бир тарафдан қандайдир қийинчиликларга олиб келган бўлса, бошқа тарафдан жуда катта имкониятларни берди. Авваллари уйдан туриб масофавий ишлашни кўпчилик тасаввур ҳам қила олмасди.

Ҳозирги кунда IТ мутаҳассислари эркин график асосида иш фаолиятини олиб борганда иш коэффициентининг янада ортганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, харидорларга уйда ўтирган ҳолда харид қилиш, турли тадбиркорларга эса онлайн савдо қилиш имкониятини берди. Бу ҳам пандемиянинг тадбиркорлик соҳасининг ривожланишига таъсирига яққол мисол бўла олади.

– Нега ёшлар IТ соҳасини танламасликлари керак?

– Агар менга шундай имконият берилганда, ҳамма ёшларни IТ мутахассиси бўлишини истар эдим. Аслида ҳар бир соҳада IТ мавжуд. Масалан, тиббиёт соҳасини оладиган бўлсак, яқин келажакда катта-катта жарроҳлик амалиётларида ҳам сунъий интеллектдан фойдаланилади.

Компания раҳбари ёш дастурчиларни илҳомлантириш учун нима қилиши керак?

– Ёшларни илҳомлантириш учун уларни қўллаб-қувватлаш керак, уларга имкониятлар эшигини очиш керак. IТ соҳасида жуда катта бир офис шарт эмас. Ҳатто уйдан туриб ҳам ишлаш мумкин. Ёшларимиз орасида, ҳатто қишлоқ шароитларида ҳам ўз устида ишлаб, турли янгиликлар яратаётган ёшлар мавжуд. Уларни топиб, эътибор қаратиб, қўллаб-қувватласак, нур устига нур бўлади.

Бошқарувчилик фаолиятингизда қарор қабул қилишга қийналган пайтларингиз ҳам бўлганми?

– Биласизми, агар раҳбар киши қарор қабул қилишга қийналса у ўз жойини бўшатиб қўйиши керак, Бизда эса жамоа билан “Куч бирликда” ақидасига амал қилган ҳолда маслаҳатлашиб қарорлар қабул қилинади.

–  Жамоани шакллантиришда нималарга эътибор қаратасиз?

– Бизнинг жамоа – бир оила. Бирининг қўлига зирапча кирса, бутун жамоага таъсир қилади. Бизда мана шу оила билан ҳамфикрликда, ҳеч қандай сир сақламаган ҳолда ишлаш талаб қилинади. Ишга олинаётган ходимларга энг катта талаб ўзига камида иккита шогирд олиши керак бўлади. Яъни, устоз-шогирд анъанасига амал қилган ҳолда иш олиб борилади.

                                               Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг