Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

10 дақиқада 35 миллион долларни ҳалол топиш мумкинмиди?

10 дақиқада 35 миллион долларни ҳалол топиш мумкинмиди?

Фото: "1Zoom"

Гулхандан исиниб роҳатланиш ҳам, куйиб ҳалок бўлиш ҳам мумкин. Қуёш ўз тафти ила мевага ширин, қалампирга аччиқ таъм беради. Доимо юксакликдан жой эгаллаган илм тушунчаси ҳам икки турга бўлинар экан: саодатли ва фалокатли. Инсон илм ва албатта эзгу манфаатли илм талабида бўлсагина, ибрат кўрсата олади.Кибержиноят орқасидан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган йигит ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. У ҳозирда келажаги порлоқ соҳа ҳисобланмиш ахборот технологияларини яхши эгаллабди, техника билан тиллаша олибди, аммо афсуски, бу илмини ноҳалол йўллар билан пул топишга сарфлабди-да.Меҳнати ижобий манфаат келтирганларгина «касбининг устаси» деган таърифга лойиқ. Агар маҳорати ғараз мақсадларга қаратилса, у «учига чиққан фирибгар» номигагина муносибдир.

Ижтимоий тармоқлар орқали инсонлар томонидан фикр билдирилиб, «бу болани қўйиб юбориш керак, билимидан фойдаланиш керак» деяётганлар учраяпти. Йўқ, қонун барчага баробар. Ҳар қандай жиноятчига нисбатан озодликка чиқарилса, яхши ишлар ҳам қилиши мумкин, дея тахмин билдириш мумкин, лекин бу жазодан соқит қилишга асос бўлолмайди-ку. Жиноятга жазо муқаррар. У қилмишига яраша жавоб олиш орқали керакли сабоқни чиқариши, бузоқнинг югургани подахонагача эканини англаб етиши керак.Албатта, вазият юзасидан чиқариладиган сабоқ жуда серқирра. Бу ёшларнинг онги устида ишлаш, уларни вайронкор ғоялардан муҳофазалаш бўйича ҳам хулосага чорлайди. Аввалбошданоқ ҳар қандай ихтиро, барча турдаги меҳнат инсонлар розилигига хизмат қилиши лозимлиги ўргатилиши керак. Ҳалол даромад билан бой бўлганлар кўп, ана шу инсонларнинг ибратли умри етишиб чиқаётган авлодларга ота-оналар, устозлар томонидан тўла-тўкис акс эттириб берилиши лозим.

Илм эгаллаган авлоддан кўнгилни тўқ қилиб, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш қандай оқибатларга олиб келиши ҳам ўз исботини кўрсатди. Демак, маълум кўникмани эгаллаган ҳар қандай касб вакилининг мунтазам равишда малакасини ошириш, унинг ғоялари билан ўртоқлашиш муҳим вазифа экан. Бу йигит ҳам шу вақти ва зеҳнини фойдали дастурлар, керакли ихтироларга сарфлаши, ўғирлаган пулларини ишлаб ҳам топса бўлар эди.

Кадрлар маҳоратини вақтида аниқлаш, уларни мос ўринларда банд қилиш, ўз ватанида сақлаб қолиш, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, турли йўллар билан рағбатлантириш ҳам албатта долзарб масала.

Сўнгги даврларда ахборот технологиялари соҳаси анча равнақ топди, ривожланиш йўлидан бормоқда. Ушбу соҳа вакиллари юксак обрў ва даромад эгаси сифатида бўй кўрсатмоқдалар. Ҳатто ижтимоий сўровномаларда ота-оналар фарзандлари «айти»чи бўлишини орзу қилишлари маълум бўлди. Умид қиламизки, бу соҳанинг илғор мутахассислари яратган фойдали ихтиролар тарозида оғирроқ тош босади.

P/S: 10 дақиқада 35 миллион долларни ҳалол йўл билан топиш балки мумкин, балки иложсиздир. Аммо бу улкан рақамлар оқибатида 8 cони ҳосил бўлгани-чи? 8 йиллик жазо... Озодликда ўтган бир сония ҳам 35 миллион доллардан анча қиммат туриши эса баҳс туғдирмайдиган ҳақиқат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг