Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Болангиздан телефонни тортиб олманг!

Болангиздан телефонни тортиб олманг!

Фото: bezformata.com

Нега гаджетларнинг болалар учун хавфли эканлиги ҳақида кўп гапирамиз?

Сабаби, айрим болалар кунига 1 соатдан 4 соатгача, балки ундан ҳам кўпроқ телефон, планшет ва компютерларда вақт ўтказишади.

Гаджетлардан доимий  ва керагидан ортиқ равишда фойдаланилса, болада мулоқот қилиш кўникмаси яхши шаклланмайди.

Яъни, улар атрофдагилар билан мулоқотда фикрини етказиш ва муроса қилишга қийналадилар.

Яқинлар билан мулоқот қилиш ўрнига виртуал дунёда бўлишни ҳохлашади.

Бундай болаларда кайфият ўзгариши, агрессия кучаяди, натижада, улар урушқоқ ва гапга қулоқ солмайдиган бўлиб қолишади.

Мисол учун, бир танишимнинг тили бийрон 4 ёшли фарзандига онаси смартфондан фойдаланишни чекламай қўйганидан сўнг, одамлар билан мулоқот қилишга қийналадиган бўлиб қолди.

Натижада эса оддий сўзларни ҳам имо-ишоралар билан ифодалайдиган даражага етди.

Балки оналар айтиши мумкин:

болаларни телефон билан чалғитиб турмасак, унда биз уй юмушларини қандай бажарамиз, деб.

Аммо ҳар нарсада ҳам меъёр бўлиши даркор.

Болага гаджет берар экансиз, ундан қанча вақт оралиғида ва тўғри фойдаланишни ҳам ўргатишингиз керак.

Жумладан, ҳар 15-30 дақиқа оралиғида ҳаво алмаштириш ва кўз машқларини бажариш лозим.

Масалан, олдин узоқдаги битта нуқтага кейин яқиндаги нуқтага қараб, кўз фокусини тўғирлаш мумкин.

Биласизми, телефон ўйнашни ҳам фойдали ва қизиқарли машғулотга айлантириш мумкин.

Бола мактаб ёшига еткунига қадар гаджетлардан ақлий салоҳиятни ривожлантирувчи ўйинлар ўйнашда, ҳаттоки, чет тилларини ўрганишда фойдаланиши мумкин.

Мактаб ёшига етганидан кейин эса бу ўйинларни АйТи соҳасига ихтисослашган мактабга ўзгартиришингиз мумкин.

Чунки биз кундалик турмуш тарзимизда шуғулланадиган юмушларнинг аксарияти рақамли технологиялар билан боғлиқ.

Ушбу соҳадаги минглаб мутахассислар эса биз ҳар куни таълим олиш, савдо-сотиқ жараёнлари, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш ва ҳоказоларда фойдаланадиган веб-сайтлар, иловалар, электрон тўлов тизимларини яратиш ва хизматларни қулайлаштириш устида ишлашмоқда.

Шу боис ҳам болаларни замонавий соҳаларга йўналтириш бугунги кунда заруратга айланиб бормоқда.

Болага кундалик ҳаётда ҳам, мактабда ҳам  рақамли билим ва кўникмалар керак.

Кўплаб ота-оналар фарзандларининг "эски услубда" таълим олишларини ҳали ҳам қўллаб-қувватлашади, чунки бу уларнинг давридаги усул. Аммо, замон шиддат билан ривожланмоқда.

Смартфонлар ва турли гаджетлар ёшларни илм олишдан чалғитади, деган, эскича қарашларни ўзгартириш вақти келди.

Стреотипларни енгиб, электрон қурилмалардан илм олиш жараёнларини янада осонлаштиришда фойдаланиш керак.

Яъни, телефонда ўйин ўйнашни ёқтирадиган болаларни ана шундай ўйинларни яратишга қизиқтириш мумкин.

Асосийси, бола бўш вақтини фақат ижтимоий тармоқ ва кераксиз ўйинларга сарфламаётганлигини назорат  қилиб туриш керак.

Дунё жуда катта тезликда ўзгармоқда ва биздан, айниқса, фарзандларимиздан янги билим ва кўникмаларни талаб қилмоқда.

Келинг, АйТи соҳаси болажонларимизга нималар бериши мумкинлигини биргаликда кўриб чиқамиз:

— Аввало, айтиш жоизки, дастурлаш соҳаси келажак  касби бўлиб, уларсиз замон билан ҳамнафас бўлишнинг иложи йўқ;

— Дастурлаш асосларини эгаллаш ва уларни янада такомиллаштириш мантиқий  ва танқидий фикрлашни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради.

— Дастурлашни биладиган болалар мактабда тенгдошлари орасида ҳам муваффақият қозонишади;

— Улар кенг дунёқараши ва юқори интеллектуал салоҳияти билан ажралиб туради;

— Айниқса, у фарзандингиз келажаги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган, даромадли касблардан бири ҳисобланади;

— Умуман олганда, болага ўз потенциалини очиб беришга ёрдам беради, уни ғоялар яратишдан қўрқмасликка ва уларни ҳаётга татбиқ этишга ўргатади;

— Дастурлаш дарсларида бола АйТи соҳасидаги энг истиқболли ва талабга жавоб бера оладиган касблар асосларини ўрганади. Бу эса келажакдаги муваффақият калитидир.

АйТи соҳаси жуда динамик, шунинг учун бугунги кунда малакали соҳа мутахассисларига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда роботатехника ва дастурлашга ихтисослашган мактаблар ҳам анча кўпайиб қолган.

Агар сиз ҳам фарзандингизни шундай мактабда таълим олишини истасангиз, уйдан чиқмаган ҳолда, ўзингизни қизиқтирган таълим муассасалари ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали етарлича маълумот олишингиз ва ҳаттоки, маъқул келган мактабга ҳам онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали жойлаштиришингиз мумкин.                       

                                      Нодира Адилова

 

                                                                 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг