Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассислар учун зўр янгилик!

Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассисларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди (17.02.2024, 95-сон).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (01.02.2023, ПҚ–51-сон) 1-бандида халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби ва инглиз тилида B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатлар олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилиши белгилаб берилган эди.
Шу мақсадда Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Унга кўра, 1 мартдан бошлаб:
- Халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиши ҳамда ушбу сертификатларни олиш учун сарф қилган харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланди.
- Шу билан бир қаторда, инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори даражага эга бўлган ёшларнинг профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатларни олиш ҳамда ўқиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби белгиланди.
- Бунда, ёшлар халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон тарзда ариза юборади.
Шунингдек, ваколатли орган томонидан республикада талаб юқори бўлган халқаро IT-сертификатлар ва ушбу сертификатларни тақдим этувчи компаниялар рўйхати Global Knowledge компанияси ва бошқа халқаро нуфузга эга ташкилотлар томонидан ҳар йили шакллантириладиган халқаро IT-сертификатлар рўйхатидан келиб чиқиб, эҳтиёжлар ўрганган ҳолда тасдиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter