Воз кечилган 1,5 миллион ёхуд kpi.com нинг муваффақият тарихи

Ўзбекистонда глобал мақсадларга эга бўлган технологик стартаплар сони тобора ортиб бормоқда. kpi.com эса Тошкентда яратилиб, халқаро бизнес даражасига кўтарилган муваффақиятнинг ёрқин намунасидир.
Лойиҳа асосчиси Музаффар Карабаев “Shell” компаниясида ишлаш ва Оксфордда таълим олишдан тортиб, ўз IТ жамоасини тузишгача бўлган йўлни босиб ўтди.
IТ ва аутсорсинг лойиҳаларидаги фаолиятим 2000 йилларнинг бошида бошланган, дея ўз ҳикоясини бoшлади, бугунги қаҳрамонимиз.
Менинг дастлабки лойиҳаларим — "Uzreport.com” ва "Uzjobs” — 1999 йилда “Yahoo” каби платформалар бошлаб берган рақамли инқилобдан илҳомланган эди. Тадбиркорликка бўлган иштиёқим эса Оксфорд университетида МBА дастурида таҳсил олаётган пайтим янада кучайди.
Ўша ерда курсдошларимдан бири автомобиль саноатида фирибгарликни аниқлашга мўлжалланган инновацион ғояни тақдим этди, кейинчалик у "Contego.com” номи билан машҳур бўлди.
Тошкентдаги жамоам биринчи МVPни ишлаб чиқди. Бу менинг технологик стартаплар ва тадбиркорлик оламига кириб боришимнинг чинакам бошланиши бўлди.
Ўша вақтга келиб, мен Буюк Британия учун аутсорсинг лойиҳалари устида ишлайдиган 30 нафар дастурчидан иборат жамоага эга эдим, бу эса барқарор даромад манбаини таъминлади.
Бу менга ишонч ва молиявий таянч берди, шунингдек, доимий иш жойимни тарк этиб, ўзимни тўлиқ тадбиркорликка бағишлаш учун имкон яратди.
кпи.cом ғояси 2008 йилда пайдо бўлди ва дастлаб менинг онлайн сўровлар билан боғлиқ аввалги тажрибам асосида ишлаб чиқилган 360 даражали баҳолаш воситаси сифатида мўлжалланган эди.
“Shell” компаниясидаги иш тажрибам, айниқса М&А бўлимидаги фаолиятим ҳаётимда бурилиш нуқтаси бўлди. Бу менга инвестицияларни баҳолаш, стартапларни молиялаштириш ва операцион стратегияларни шакллантириш бўйича чуқур билим берди.
Fintech стартапларини баҳоловчи таҳлилчи сифатидаги вазифам тадбиркорликка бўлган қизиқишимни сезиларли даражада оширди.
Бундан ташқари, “Shell” менинг Оксфорддаги МBА дастурида таҳсил олишимни молиялаштирди, бу эса менга алоқалар ўрнатиш ва мижозларни топиш учун янги имкониятлар яратди.
“Shell” компаниясидан кетиш осон бўлмади, бироқ тадбиркорликка бўлган иштиёқим устун келди. Аутсорсинг шартномалари орқали шаклланган мижозлар базамиз туфайли тадбиркорликка ишонч билан қадам қўйдим ва бу қароримдан ҳануз фахрланаман.
kpi.com учун илк жамоа менинг ўша пайтдаги компаниям — “Datasite Technology” таркибидаги тажрибали 30 нафар дастурчидан шакллантирилди.
Биз беш нафар истеъдодли мутахассисни танлаб, уларни маҳсулот ядроси устида ишлашга йўналтирдик ва 2011 йилга келиб, бу гуруҳни аста-секин ўн кишигача кенгайтирдик.
2012 йилда $1,5 миллион инвестициядан воз кечиш мен учун камтарлик ва стратегия борасида муҳим сабоқ бўлди.
Аввалига мустақил равишда кенгайишимиз мумкин деб ўйлагандим, бироқ кейинчалик ташқи инвесторларнинг қадрини англадим.
Уларнинг алоқалари, тажрибаси ва фаол маркетингга сармоя киритиш ҳамда бозорни тезда эгаллаб олиш имконини берадиган капитали жуда муҳимлигини тушундим.
Бугунги кунда ушбу инвестицияни қабул қилиш kpi.comнинг ўсишини сезиларли даражада тезлаштирган бўларди деб ҳисоблайман. Бу тажриба менга ҳамкорлик ва шериклар билан очиқ муносабатда бўлишнинг муҳимлигини бошиданоқ, ҳатто МVP босқичида ҳам ўргатди.
Мен жамоаларга бошқарувни аниқ ўсиш мақсадларисиз топширдим. Натижада, асосчининг фаол иштироки ушбу босқичда ниҳоятда муҳим эканини англадим.
Бироқ kpi.comнинг мустаҳкам пойдевори менга бошқа лойиҳаларни, масалан, “Souq.com” томонидан муваффақиятли инвестиция қилинган “Wing.ae” стартапини яратиш имконини берди.
Бизнинг бизнес моделимизнинг асоси — шахсийлаштирилган қўллаб-қувватлаш, айниқса бу маданий жиҳатдан муҳим бўлган бозорларда катта аҳамият касб этади.
Менимча, Ўзбекистон ва бир қатор Африка мамлакатлари ҳам биз яқин келажакда киришни режалаштирган бозорлардир.
Биз мижозларнинг кутилмаларига мос келиш мақсадида инсон омилини сунъий интеллект технологиялари билан уйғунлаштирамиз, бу эса уларнинг содиқлигини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Ўзбекистон ҳукумати кўрсатаётган қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ва Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг IТ Park орқали илгари сураётган ташаббуслари туфайли биз маҳаллий бозорга фаол кириб келмоқдамиз. Рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш мақсадида компанияларга 75 фоизгача чегирмалар таклиф этмоқдамиз, шунингдек, демо-версияларни синаб кўриш ва бепул фойдаланишни бошлаш имконияти ҳам мавжуд.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 100 дан ортиқ компания бизнинг маҳсулотимиздан фойдаланмоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз — рақамли трансформацияни қўллаб-қувватлаш ва бозордаги иштирокимизни кенгайтириш.
Шу билан бирга, юртимиздаги иқтидорли ёшларни ривожлантириш мақсадида олий ўқув юртларида ҳакатонлар ва ERP лойиҳалари учун лабораториялар ташкил этишни режалаштиряпмиз.
Ҳозирда “New Uzbekistan University” ҳамда яқинда очилган “American University in Tashkent” билан музокаралар олиб боряпмиз.
Маҳсулот ишлаб чиқишнинг ҳар бир босқичида сунъий интеллектдан фойдаланиш ва уни кундалик иш жараёнларига интеграция қилиш муҳим. Ким бу технологиядан тўғри фойдаланса, бозорга албатта ажралиб туради!
Бугунги кунда kpi.com IT Park Uzbekistan кўмагида маҳаллий компанияларга замонавий ERP ечимларини жорий этишга ёрдам бермоқда, унинг асосчиси эса минтақавий IТ ҳабларни ривожлантиришга сармоя киритмоқда.
Худди шу муваффақиятни такрорламоқчимисиз? Кичик ғоядан бошланг, аммо глобал миқёсда ўйланг — ва стратегияни ўзгартиришдан қўрқманг!
Сизда стартап ғояси борми ёки ёрдамга муҳтож бўлган стартапга эгамисиз? StartupBase платформаси орқали ариза топширинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter