Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Рақамли авлод қизлари – 2022» – «Айти»чи қизлар учун кенг имкониятлар эшигини очади

28 февраль - 4 март кунлари «Рақамли авлод қизлари – 2022» лойиҳаси доирасида IT соҳасининг турли йўналишлари бўйича оромгоҳ ташкил этилган. Танлов шартлари асосида қабул қилинган қизлар лойиҳа давомида малакали менторлардан таълим олишади.

Айнан «Рақамли авлод қизлари – 2022» лойиҳаси аёл ва қизларга IT нинг турли йўналишлари, жумладан, мобиль дастурлаш, брендинг, SMM ва PR, бизнес таҳлил, рақамли дизайн соҳалари бўйича фундаментал билим шакллантиришга ва ўз соҳалари бўйича тажриба орттиришга ёрдам беради. Лойиҳа кимлар учун қизиқ?  IT соҳасида ўз келажагини кўраётган, аммо ушбу касб сир-синоатларини ўрганишда нималарга аҳамият бериш кераклиги билмаётган, ўз фаолиятини йўлга қўйишга иккиланаётган опа-сингилларимиз учун ушбу лойиҳа айни муддаодир.

Президент таълим муассасалари агентлиги ва «Digital Generation Uzbekistan» ННМ томонидан ташкил этилган ушбу лойиҳада 1500 та талабгорлардан танлаб олинган 60 нафардан зиёд иқтидорли қизлар  беш кун давомида тажрибали экспортлар билан суҳбатлашиш, тажриба алмашиш, қобилиятларини намоён этиш ва ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказишга муваффақ бўладилар.  

Мазкур лойиҳалардан кўзланган мақсад, аёл-қизларнинг ахборот технологиялар соҳасидаги ролини ошириш, уларнинг замонавий касбларга йўналтириш ҳамда ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдир.

Тадбирнинг очилиш маросимида агентлик раҳбари Ҳилола Умарова сўзга чиқиб, йиғилганларга омад тилади: 

«Сўнгги йилларда ахборот технологиялари соҳасида аёл-қизларнинг роли тобора ортиб бормоқда. Бу йил “Рақамли авлод қизлари” тадбири иккинчи марта ташкил этилди ва сизларни бу ерда кўриб турганимдан хурсандман. Умид қиламанки, машғулотлар давомида эгаллаган билимларингиз келгусидаги фаолиятингизда ҳам ўз самарасини беради».

Эслатиб ўтамиз, ўқувлар инклюзив шаклда ташкил этилган бўлиб, унда эшитиш заифлигига эга ва таянч ҳаракат тизимида нуқсони бор ёшлар ҳам бошқалар билан биргаликда таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган.

Лойиҳа сўнггида ўз йўналиши бўйича иқтидорли опа-сингилларимиз қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг