Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Титанлар жанги: АҚШ ҳукумати Google компаниясига қарши

Титанлар жанги: АҚШ ҳукумати Google компаниясига қарши

Фото: Yahoo Finance

Монополияга қарши энг йирик иш очилди: IT-саноатнинг сўнгги 25 йиллик тарихида бунақаси бўлмаган. The New York Times ёзишича, АҚШ ҳукумати Google компаниясини онлайн-қидирув бозорини ўзиники қилиб олиб, ҳалол рақобат қоидаларини бузганликда айбламоқда.

Суд камида 2,5 ойгача чўзилади, ҳукм катта эҳтимол билан 2024 йилда ўқилади.

Google ютқазса

Тарози палласи Google фойдасига оғмаган тақдирда, компаниянинг монополия бўйича хатти-ҳаракатларига чора кўриш учун, қатор-қатор суриштирувлар бошланади.

Суд жараёни интернет келажагини аниқлаштириб бериши, онлайн-қидирув соҳасида Google жиддий рақобатга дуч келадими-йўқми — шунга ойдинлик киритиб бериши нуқтаи назаридан ҳам ўта аҳамиятли. Бутун IT-саноат, айниқса, онлайн-қидирув бозорига дахлдор йирик платформалар учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Қолаверса, кўриб чиқилаётган иш ҳукуматларнинг ахборот технологиялари бозоридаги рақобатни мувофиқлаштиришга қанчалик қобиллигини кўрсатиб беради.

Факт: Google 2010 йилдан буён, онлайн-қидирув бозорининг 89 фоизини назорат қилган ҳолда, ўз устунлик мавқеини ноқонуний ушлаб турибди.

Ушбу далилларни илгари сурган АҚШ Адлия вазирлигига кўра, Google истеъмолчиларнинг танлов имкониятини чеклаб қўйган, онлайн-қидирув, контекстли реклама ва фойдаланувчиларнинг аноним маълумотлари йўналишларида ўзининг монопол мавқеини мустаҳкамлаш учун турфа усулларга қўл урмоқда. Биргина мисол — қурилмалар (смартфонлар, планшетлар, компютерлар) ишлаб чиқарувчилари билан тузилаётган шартномалар доирасида қурилмаларга олдиндан Google қидирув тизими ўрнатилади.

Google ишида ҳукумат эътибор қаратаётган энг асосий жиҳат — техногигантнинг қурилмалар ишлаб чиқарувчилари, мобил операторлар ва бошқа компаниялар билан эксклюзив шартномаларга эгалиги. Бунинг оқибатида бошқа компаниялар бозор еткачиси билан рақобатлашишдан мосуво этилган, Google адолатсиз равишда онлайн-қидирув бозори танҳо сардорига айланган.

Суд ишида маълумот берилишича, Google ўз қидирув тизими олдиндан телефонлар ва веб-браузерларда ўрнатилиши учун ҳар йили Apple ва бошқа компанияларга 10 миллиардлаб доллар сарфлайди.

Google эса турган гапки, айбловни инкор этиб, юқоридаги шартномалар рақобатга таъсир кўрсатмаслигини, фойдаланувчилар бошқа қидирув тизимларини ўрнатиш имкониятига эга эканликларини таъкидламоқда. Фаолиятимиз қонуний, муваффақиятимиз хизматимиз сифати билан боғлиқ, дейишмоқда компания вакиллари.

Маълумот учун: Юқоридагига ўхшаш аксилмонопол иш 1990-йилларда Microsoft компанияси бошига ҳам тушганди. Компания Windows операцион тизимини ўрнатишда Internet Explorer браузерини олдиндан ўрнатганлиги учун маҳкамага тортилганди. Алалоқибат Microsoft АҚШ ҳукумати билан муросага келган, айрим бизнес-амалиётларини ўзгартиришга кўнганди. Орадан йиллар ўтди, Microsoft компанияси тинмай Windows тизимини такомиллаштиряпти, аммо ўз маҳсулотларини тиқиштиришни ҳам канда қилган эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг