Рақамли технологиялар вазирлиги эътирофга сазовор бўлди (фото)

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Европа ва Марказий Осиёда рақамлаштиришни тезлаштиришга бағишланган ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.
Форум Европа ва Марказий Осиёнинг 15 мамлакатидан 100 дан ортиқ ҳамкорларни, жумладан, давлат амалдорлари, ҳукумат вакиллари, хусусий сектор раҳбарлари, ёшлар ва фуқаролик жамияти ташкилотларини — хотин-қизлар учун инновациялар, технология ва иқтисодий адолатни кучайтириш мақсадида бирлаштиради. Унда Ўзбекистон номидан Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова ва Рақамли технологиялар вазирлиги Стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Шукуров иштирок этди.
Тадбирда БМТ Аёллар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси Рақамли технологиялар вазирлигини “Гендер тенглиги учун технология ва инновациялар” йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиб, келгусида бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширишни белгилаб олганлиги муносабати билан мукофотлади.
Тадбирда БМТ Аёллар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги “Гендер тенглиги учун технология ва инновациялар” йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиб, келгусида қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишни белгилаб олди:
• “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини гендер тенглиги ва имконияти чекланган инсонлар учун рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масалаларини кучайтириш нуқтаи назаридан такомиллаштириш;
• Хотин-қизларнинг рақамли кўникмаларини ошириш;
• Ёш қизларга иш фаолияти учун зарур тажриба алмашиш ва технологияларни ўрганишга қаратилган халқаро анжуманларда иштирок этиш имкониятини кенгайтириш;
• Рақамли технологиялар фойдаланишда хотин-қизлар учун мавжуд имкониятларни кенгайтириш мақсадида венчур капиталини жалб қилиш учун халқаро тажрибадан кенгроқ фойдаланиш кабилардир.
Шунингдек, тадбирда рақамли технологиялар, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва уларни иқтисодиётга кенг жорий қилиш юзасидан бир нечта сессиялар ўтказилди.
Бундан ташқари, гендер тенглигини ошириш, барқарор жамият, хавфсиз ва ақлли шаҳарларни барпо этиш бўйича рақамли ечимлар, маҳсулотлар, мамлакатдаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter