IT-таълим ёшларга кенг имконият эшигини очади
Президентимиз 2023 йилнинг 20 декабрь куни Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюриб, соҳадаги натижалар ва режалар билан танишган эди. Рақамли технологияларни ривожлантириш мақсадида қатор вазифалар белгиланиб, топшириқлар берилди. Жорий йил 13 май куни мазкур топшириқлар ижроси юзасидан давлатимиз раҳбарига рақамли технологияларни ривожлантириш, бу соҳада ёшларни ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди.
Тақдимотда давлатимиз раҳбари IT хизматлар ва экспортнинг асосий улуши Тошкент шаҳрига тўғри келишини таъкидлаб, мутахассисларнинг 80 фоизи марказда яшашини, соҳани чекка ҳудудларда ҳам ривожлантириш учун IT шаҳарчалар ташкил этиш режалаштирилганини билдирди.
2017 йилда юртимизда IT компаниялар сони 147 та бўлган бўлса, бугунги кунда 2 мингга яқинлашди. Уларда 30 минг ходим юқори даромадли иш билан банд. 70 мингдан зиёд ёш IT билан мустақил шуғулланяпти. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида соҳадаги хизматлар ҳажми 20 фоиз ўсди, 200 миллион долларлик экспорт қилинди, 5 мингта иш ўрни яратилди.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизни минтақавий IT-хабга айлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2030 йилгача рақамли технологияларни ривожлантириш, IT-хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард AҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шунингдек, 2030 йилга бориб электрон ҳукумат халқаро рейтингида мамлакатни ТОП 30 таликка олиб чиқиш, IT соҳасида 300 мингдан ортиқ юқори малакали мутахассис тайёрлаш бўйича устувор йўналишлар белгиланди.
Ўзбекистонда IT компаниялар учун қулай шароит яратилмоқда. Aгар ҳориж компанияси Ўзбекистонга келса, у солиқлардан озод қилинади. Шунингдек, мазкур компания ишчилари ҳам кам миқдорда солиқ тўлайди. Яна бир муҳим жиҳати – мамлакатимизда талантли ёшлар кўп. Улар ҳам чет тилларини, ҳам IT соҳасини ўрганган ҳолда улғайишмоқда. Бу эса ҳориж компаниялари учун қулайлик яратиши шубҳасиз.
Юртимиз ёшларини IT соҳасига ўқитишда АКТ соҳасида фаолият юритаётган таълим ташкилотлари ҳамда хусусий ўқув марказларининг ўрни катта. Шу билан бирга, бу ерда ўғил-қизларга берилаётган таълим қанчалик талабга жавоб беради, деган савол туғилиши табиий.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-357-сонли қарори билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида таълимни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги «IT-таълим уюшмаси» ташкил этилиши айни муддао бўлди.
Бугунги кунда уюшма фаолияти нималардан иборат бўлмоқда, қандай лойиҳалар устида ишланмоқда. Шу каби саволлар билан «IT-таълим уюшмаси»нинг ижрочи директори Нодирбек Барнаевга мурожаат қилдик.
– Энг аввало Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сонли қарори билан «IT-таълим уюшмаси» олдига қўйилган вазифаларга тўхталиб ўтсангиз.
– Шуни қайд этишни истардимки, давлатимиз раҳбари томонидан IT соҳасига катта эътибор берилмоқда. Буни қабул қилинаётган кўплаб фармон ва қарорлардан ҳам билиб олиш мумкин. Бизнинг уюшмамиз олдига ҳам қатор вазифалар белгиланган. Жумладан: АКТ соҳасида фаолият юритаётган таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш; АКТ таълимида глобал бозор талабларини инобатга олувчи ягона экотизимни шакллантиришда интеллектуал кўмак бериш; ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ягона сертификатлаш тизимини жорий этиш; соҳадаги хусусий ўқув марказлар рейтингини шакллантириш ва уни доимий равишда юритиш; Ўзбекистонда IT-таълимни ривожлантириш учун хориждаги ватандошлар тажрибасидан фойдаланиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш.
– Мазкур вазифалардан келиб чиққан ҳолда уюшма томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берсангиз.
– Албатта, юқоридаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда, «IT-таълим уюшмаси» томонидан бир қатор йўналишлар белгилаб олинди. Мисол учун, ягона рейтинглаш тизимини олсак.
Рейтинглашдан мақсадимиз: республикамиздаги хусусий ўқув марказлари учун ягона рейтинг тизимини ишлаб чиқиш; соҳадаги хусусий ўқув марказларида халқаро стандартларни жорий қилиш; таҳлилий маълумотлар базасини шакллантириш ва ўқув марказларига маълумотларни бериб бориш; хусусий ўқув марказлари мижозлари учун шаффоф рейтинг тизимини кузатиб бориш имконини яратиш; ўқув методикалари ва битирувчиларга қўйилаётган талаблар ҳамда маълумотлар алмашиниш ягона платформасини шакллантириш; доимий равишда йиллик сарҳисоб тадбирини ўтказиш ва энг яхши ўқув марказларини мукофотлашдир.
– Хусусий ўқув марказларини рейтинглашда алоҳида бир методикадан фойдаланасизларми?
– Хусусий ўқув марказларини баҳолаш рейтинглаш методикасига асосланади. Мазкур методикамиз 3 та йўналишдан иборат бўлиб, йўналишлар ўз навбатида 5 та бўлим ва 22 та кўрсаткичга бўлинади. Рейтинглаш методикаси 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Методика ўз ичига қуйидагиларни олади: хусусий ўқув маркази бошқаруви ва ўқувчилар ҳавфсизлиги, таълим сифати назорати ҳамда хусусий ўқув марказининг жиҳозланиши каби.
– Рейтинглаш нечта босқичдан иборат?
– Рейтинглаш методикамиз 3 та босқичдан иборат. 1-босқичда республикамиздаги хусусий IT ўқув марказлари рўйхатини шакллантирамиз. 2-босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган хусусий ўқув марказларининг рейтингини аниқлаштирамиз. 3-босқичда эса республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги хусусий ўқув марказлари рейтингини тузиб чиқамиз.
– Шу ўринда савол туғилиши табиий. Хусусий ўқув марказлари рейтингда иштирок этиш мажбурийми?
– Йўқ, хусусий ўқув марказини баҳолаш рейтингида иштирок этиш мажбурий эмас.
– Рейтинглашда иштирок этиш ўқув марказига нима беради?
– Рейтинглашда иштирок этиш орқали ўқув маркази барча йўналишлари бўйича айни дамдаги ўз ҳолатини билиб олади. Рейтинглаш якунида «IT-таълим уюшмаси» томонидан ҳар бир йўналиш бўйича тавсиялар тақдим этилади.
– Энг яхши хусусий ўқув марказлар рағбатлантириладими?
– Рейтинглаш якунида энг юқори натижа кўрсатган хусусий ўқув марказлари мукофотланади ва барча иштирок этган хусусий ўқув марказлари рейтинги «IT-таълим уюшмаси» веб-сайтига жойланади.
– «IT-таълим уюшмаси» томонидан қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?
– 2003 йил давомида «Digital leadership» форуми, 35-халқаро Информатика олимпиадаси, «IESF Jahon Esport 2023» чемпионати, «ICT WEEK Uzbekistan 2023» халқаро анжумани, «Google DevFest 2023 Tashkent" тадбири, «IT Ladies Uzbekistan» лойиҳаси ва бошқаларни мисол тарзида келтирсак бўлади.
Бундан ташқари, «ICT WEEK Uzbekistan 2023» халқаро анжумани доирасида 6 та халқаро саммитлар, 5 та халқаро форумлар, Ўзбек-Корея бизнес форуми, «ICT Expo» кўргазмалари ташкил этилди. Мазкур тадбирларда 50 та давлатдан 100 дан ортиқ экспертлар, 20 дан ортиқ ҳорижий ОАВ вакиллари, 5000 кв.м. майдонда ташкил этилган «ICT Expo» кўргазмасига 10 000 дан ортиқ мутахассислар ташриф буюрди.
– Бугунги кунда қандай лойиҳалар устида ишлаяпсизлар?
– «UNICEF» ташкилоти билан ҳамкорликда «GIGA-Accelerator Model» лойиҳасини амалга ошириш устида ишлаяпмиз. Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад - узоқ ҳудудлардаги маҳаллий аҳолига юқори тезликда уланишни таъминлаш учун мактаблардан HUB сифатида фойдаланиш ва шу билан интернетга кириш имкониятини кенгайтиришдир.
Бундан ташқари, «IT Ladies Uzbekistan» лойиҳаси орқали юртимиздаги аёлларнинг IT соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришдир. Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистон IT-саноатидаги аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш, аҳолининг IT билим даражасини ошириш, IT бизнесида инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда аёллар ўртасида IT ни тарғиб қилинади.
– 2024 йилда яна қандай лойиҳаларни амалга оширмоқчисизлар?
– Жорий йилда «Coursera» IT онлайн курсларини йўлга қўймоқчимиз. «Coursera» – бу дунёдаги энг яхши университетлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қиладиган ва ҳамма учун онлайн курсларни таклиф қиладиган таълим платформасидир. «Coursera» платформасининг белгиланган вазифаси анъанавий ўқитиш усулини ўзгартириб, бутун дунё бўйлаб миллионлаб талабаларни ўқитишдир. Мазкур платформада 275 та халқаро университетлар ва компанияларнинг дастурлари асосида 10000 дан ортиқ пррофессионал касбий курслар ўрин олган. «IT-таълим уюшмаси» ушбу курслардан фойдаланувчиларга бир қатор имтиёзларни тақдим этади.
Олдимизга қўйилган вазифаларни амалга оширишимиз учун давлатимиз раҳбари томонидан барча шароитлар яратиб берилган. Биз фақатгина тинимсиз меҳнат қилиш орқали мақсадимизга эришишимиз ҳамда Президентимизнинг ишончларини оқлашимиз мумкин.
Беҳзод Ҳожиматов суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter