Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Эл-юрт умиди” жамғармасининг III Халқаро Форуми: Ёш кадрлар сиёсатида янги уфқлар

“Эл-юрт умиди” жамғармасининг III Халқаро Форуми: Ёш кадрлар сиёсатида янги уфқлар

“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан “Истиқболли ёшларни хорижда тайёрлаш – Янги Ўзбекистонда кадрлар сиёсатининг муҳим устувор йўналиши” мавзусида III Халқаро Форум ташкил этилди. 

Тадбир жамғарма стипендиатлари ва битирувчилари, хориждаги ватандошлар, жамғарма масъуллари ва мамлакат оммавий ахборот воситалари вакилларини бирлаштириб, кадрлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон вазифасини ўтади. Ушбу форумда жами 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Форум доирасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси битирувчи стипендиатлари учун жамоавий мулоқот (networking) сессияси ташкил этилди. Ушбу сессия давомида жамғарма стипендиатлари ўзаро фикр алмашиб, илмий-тадқиқот фаолияти, амалий лойиҳалар ва мамлакат ривожига қаратилган янги ташаббусларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар. Битирувчилар ўз соҳаларида эришган натижаларини тақдим этиб, келажакда амалга ошириш режалари ҳақида ҳам маълумот бердилар.

Тадбир доирасида ташкил этилган сессияда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Вазир ўз нутқида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг мамлакат кадрлар сиёсатидаги аҳамиятини ва ролини алоҳида таъкидлади.

Вазир жамғарма томонидан хорижда таълим олган ёшлар нафақат билим ва замонавий кўникмаларга эга бўлаётгани, балки уларни амалиётга татбиқ этиш орқали юртимизни янги технологиялар ва инновациялар билан бойитаётганини қайд этди. Ёш авлоднинг хорижда ўқиб қайтгач, ўз соҳаларида юқори натижаларга эришиши мамлакатнинг рақамли ривожланиши ва иқтисодий юксалишига хизмат қилишини қўшимча қилди.

Вазир хориждаги ватандошларни, жумладан, жамғарма битирувчиларини бирлашиб, ўз билим ва тажрибаларини Ватан тараққиётига йўналтиришга чорлади.

Мазкур форум нафақат “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун, балки бутун мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун муҳим қадам бўлди. Networking сессиялари ва вазирларнинг нутқлари янги кадрлар сиёсатини белгилашда стратегик муҳим мавзуларни ёритиб берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг