Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чегарасиз имкониятлар: биргаликда инклюзия учун!

Чегарасиз имкониятлар: биргаликда инклюзия учун!

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг феврал ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, бунда давлат идоралари ва тижорат банклари билан ҳамкорлик қилиш орқали 21 000 нафар шахсни иш билан банд қилиш бўйича янги тизим ишга туширилди. 


Бугунги кунга келиб жами эълон қилинган вакансиялар сони 52 775  тани, ишга қабул қилинганлар сони эса  3 281 кишини ташкил этмоқда. Хусусан, Рақамли технологиялар вазирлигига ушбу тизим доирасида квота бўйича 200 га яқин бўш иш ўрни учун квота берилган.

  
Хусусан, бугун илк маротаба, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш ва уларни ишга жойлаштириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 


Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларни Рақамли технологиялар вазирлиги  ва тизим ташкилотларидаги бўш иш ўринлари ҳамда АйТи соҳасидаги яратилаётган имкониятлар билан таништириш ва ижтимоий интеграциясини яхшилаш. 
Тадбирни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов очиб берди. 
“Инклюзия — бу шунчаки сўз эмас, балки мамлакатимиз рақамли келажагининг асосий тамойилидир. Бизнинг мақсадимиз — рақамли технологияларнинг афзалликларидан барча фуқароларнинг, уларнинг ўзига хослигидан қатъи назар, тенг фойдаланишини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини рағбатлантириш. Биз рақамлаштириш орқали инсонлар ҳаётини яхшилаш ва қўшимча даромад топиш имкониятларини кенгайтиришга интиламиз,” – деди Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.


Дастур доирасида иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари мавжудлигини яхшилашга қаратилган ташаббуслар ва стратегиялар билан танишдилар. Шунингдек, АйТи-соҳасидаги бўш иш ўринлари ва карера истиқболлари ҳақида маълумот берилди, соҳа вакиллари эса мавжуд юқори маошли лавозимлар тўғрисида ахборот улашдилар. Аҳолининг ушбу қатлами билан ишлайдиган компаниялар, шунингдек, махсус имкониятларга эга бўлган ва ишга жойлашган шахслар ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди.
Шунингдек, агентлик, “Sharoitplus” ННТ ташкилотлари томонидан тақдимотлар намойиш қилиниб, ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. 


Тадбир сўнггида ушбу йўналишда ҳамкорлик тармоқларини кенгайтириш ва билдирилган таклифлар асосида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида вазирликнинг тизим корхоналари ногиронлиги бўлган шахслар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. 
Тадбирда “IT Community of Uzbekistan” ҳамжамияти волонтерлари ҳам иштирок этишди.


Тадбир давомида бўлишилган тақдимотлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:
ЧEГАРАСИЗ ИМКОНИЯТЛАР: БИРГАЛИКДА ИНКЛЮЗИЯ УЧУН!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг