Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Биз 36 миллион аҳолига эга бозорда ажойиб имкониятни кўрмоқдамиз» — Феликс Ламмерс

“Биз 36 миллион аҳолига эга бозорда ажойиб имкониятни кўрмоқдамиз» — Феликс Ламмерс

Фото: IT Park

23 март куни Ўзбекистонда рақамли технологияларнинг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари” мавзусида вебинар бўлиб ўтди.

Ҳамкорлар ва ташкилотчилар:

  • Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ);
  • Европа бизнес ассоциацияси (ЕБА);
  • Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси;
  • Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги;
  • IT Park Uzbekistan.

Модераторлар: Ойбек Шайхов (EUROUZ бош котиби), Луи Скайнер (EUROUZ бошқарув кенгаши аъзоси ва Dentons компанияси ҳамкори).

Вебинарда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, IT Park Uzbekistan директори Фарҳод Ибрагимов, Plug and Play Uzbekistan ҳаммуассиси ва директори Феликс Ламмерс ҳамда RevoTech компаниясининг ривожланиш ва инновациялар бўйича менежери Гулсара Шариповалар сўзга чиқишди.

Онлайн мунозарада Европанинг 100 дан ортиқ компаниялари қатнашди. Спикерлар Ўзбекистонда халқаро IT-компанияларнинг имкониятлари, ривожланиши ва уларнинг иштироки ўсиб бораётганини батафсил таҳлил қилишди.

Шерзод Шерматов Ўзбекистон ҳукуматининг таълим соҳасидаги саъй-ҳаракатларига урғу бериб, жумладан, ёшлар Ўзбекистонни тарк этмасдан ҳам Европа компанияларида аутсорсинг асосида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлаётганини таъкидлади.

Вазир қўшимча қилишича, Ўзбекистон Европа бозорида IT-экспортдан олинадиган даромадларни ошириш имкониятларини илгари суришдан манфаатдор.

“Европа Иттифоқи компанияларининг аксарияти жаҳон бозорида рақобатбардошликни сақлаб қолиш учун харажатларни оптималлаштириш йўлларини излаётган бўлса-да, биз Ўзбекистонни IT-аутсорсингнинг навбатдаги йўналишига айлантиришга интиламиз. Бунинг учун биз халқаро IT-компанияларга зарур инфратузилма, қонунчилик базаси ва солиқ имтиёзлари, инсон капитали ва ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган энг яхши шароитларни тақдим этамиз”, — деди Шерзод Шерматов ўз нутқи якунида.

Ушбу мавзуни навбатдаги спикер — Фарҳод Ибрагимов давом эттирди. У IT Park томонидан солиқ имтиёзларини бериш, IT Park, IT ва BPO-марказларнинг минтақавий филиалларини ишга тушириш, IT-таълимга сармоя киритиш ва корпоратив акселераторларни ишга тушириш орқали Ўзбекистоннинг рақамли экотизимини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

“IT Park аллақачон АҚШда ваколатхонасига эга, шунингдек, 2022 йилда Европа ва Ўзбекистон компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Германияда ваколатхонаси очилган. Ҳозирги вақтда аутсорсингнинг асосий улуши АҚШга тўғри келади ва биз Европа компанияларининг улушини оширишни жуда хоҳлаймиз. Шунингдек, биз Европа компаниялари билан Ўзбекистонда ўз офисларини очишда ҳамкорлик қилишга ва бунинг учун уларга имкониятлар яратишга тайёрмиз.

18 март куни Ўзбекистонда яратилган стартапларни ривожлантириш, уларни халқаро бозорга олиб чиқиш ва сармояларни жалб қилишга қаратилган биринчи Plug and Play акселерация дастури ишга туширилди. Бу минтақада стартап экотизимини ривожлантириш ва кейинги халқаро ҳамкорлик учун катта қадамдир”.

IT Park раҳбари Ўзбекистоннинг кегуси салоҳияти ҳақида ҳам статистик маълумотларни келтирди:

“Сўнгги олти йил давомида IT Park хизматлари экспорти 2017 йилдаги 700 минг АҚШ долларидан 2022 йилда 140 миллион АҚШ долларигача ўсди. Прогнозларга кўра, 2023 йилда экспорт ҳажми 300 миллион АҚШ долларини ташкил этади, 2025 йилда эса экспорт ҳажми 1 миллиард АҚШ доллари даражасида бўлиши кутилмоқда”, — дея хулоса қилди Фарҳод Ибрагимов.

Феликс Ламмерс ўзбекистонлик тадбиркорларни ва инновацион маданиятни юқори баҳолаб, Plug and Play Ўзбекистон бозорига киришининг асосий сабабларидан бири мамлакатнинг улкан салоҳияти эканлигини таъкидлади:

“Биз 36 миллион аҳолига эга бозорда ажойиб имкониятни кўрмоқдамиз — улар асосан нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам ривожланиш ғоялари устида ишлашни хоҳлайдиган, яхши маълумотли, ёш ва ғайратли тадбиркорлардир. Биз Ўзбекистонни бутун дунё бўйлаб IT ташаббусларининг ҳақиқий провайдери сифатида кўришни истаймиз ва уни глобал бозор учун ажралмас ҳақиқий BPO-провайдер мамлакатига айлантирмоқчимиз”.

Гулсара Шарипова IT Parkнинг илк резидентларидан бири — RevoTech компаниясини мисол келтирди. Бир неча йил аввал кичик бухгалтерия иши билан бошланган RevoTech ҳозир Ўзбекистондаги ҳар бир компанияни кутаётган чексиз ўсиш потенциалини ўз мисолида кўрсатиб, маълумотларни киритишдан тортиб молиявий прогнозларгача бўлган турли функцияларни бажара олади.

Вебинар савол-жавоблар сессияси билан якунланди, иштирокчилар ҳукумат вакилларига Ўзбекистонда ITни ривожлантириш бўйича келажакдаги режалар ва мақсадлар ҳақида батафсил саволлар бериш имкониятига эга бўлдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг