Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Xiaomi 14 Ultra флагман камерофони тақдим этилди (фото)

Xiaomi 14 Ultra флагман камерофони тақдим этилди (фото)

Фото: Xiaomi

Xiaomi компанияси янги флагмани — Xiaomi 14 Ultra смартфонини расман тақдим этди. Бу смартфон Samsung Galaxy S24 Ultra, Oppo Find X7 Ultra ва бошқа флагман камерофонларга рақиб ўлароқ кўрилмоқда.

Флагманларга хос равишда Xiaomi 14 Ultra бир кристалли Qualcomm Snapdragon 8 Gen 3 профессорига ишлайди. Совитиш тизими эса анъанавий ечимлардан уч баравар самарадор экани айтилмоқда.

Аккумулятори сиғими 5300 мАс (Xiaomi 13 Ultraга нисбатан 300 мАс юқори), симли 90 Вт, симсиз 80 Вт тезкор қувватлагич ишлатилади. 

Xiaomi 14 Ultra навбатдаги маротаба яхшиланган Leica камерасига эга бўлмоқда. Унда тўртта модул бўлиб, ҳаммаси 50 мегапикселли. Асосий сенсор — Sony LYT-900, у билан бирга модулда Leica Summilux объективи ишлатилади. Айтилишича, унинг ёруғлик қамрови  iPhone 15 Pro Max асосий модулига нисбатан 205 фоиз юқори.

Смартфонда Ultra Zoom технологияси қўлланилган, у 30 марта яқинлаштириб фото олиш имконини беради.

Камераси 4К видеони 120 к/с, 8К видеони 30 к/с тезликда ёзишга мўлжалланган.

Миш-мишлар оқланмади — ҳамма Xiaomi 14 Ultraларда ҳам титан ром ишлатилмади — смартфоннинг ён ромлари алюминийдан, чарм нусхаси берилган орт корпуси керамикадан ишланган. Фақат махсус чиқарилган Xiaomi 14 Ultra Titanium Special Edition смартфонлари ромларида титан ишлатилган.

Смартфоннинг ўлчамлари — 161,4 × 75,3 × 9,2 мм, оғирлиги — 224,4 грамм.


Xiaomi 14 Ultra экрани — 6,73 дюймли OLED (3200 × 1440 пиксел, 120 Гц, 3000 кд/кв.м ёрқинлик).

Xiaomi 14 Ultra — компаниянинг йўлдошли алоқа (икки томонлама)ни қўлловчи илк смартфони ҳисобланади.

Нархлари:

  • 12/256 Гб — 905 доллар
  • 16/512 Гб — 975 доллар
  • 16 Гб /1 Тб — 1085 доллар

Xiaomi компанияси, шунингдек, Xiaomi 14 Ultra Titanium Special Edition (титан ромли) смартфони, Xiaomi Pad 6S Pro 12.4 планшети ва Redmi Book Pro 16 2024 ноутбукларини тақдим этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг