Тафаккур тафовути ортиб кетмасин...

Сунъий интеллект тушунчаси тобора оммалашиб, эндиликда кундалик ҳаётимизда ҳам кенг қўлланилмоқда.
1956 йилда мустақил фан сифатида асос солинган ушбу йўналишни бугунги кунда энг илғор ғояларнинг ўзига хос яхлит ифодаси, десак муболаға бўлмайди.
Сунъий интеллект яратаётган ижод маҳсуллари аллақачон мўмай даромад келтирмоқда. Масалан, кимошди савдосига қўйилган “робот-рассом” Аи-Да томонидан чизилган Алан Тюринг портрети 1 миллион доллардан зиёдга сотилди.
Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Масалан, одамсимон роботлар аллақачон йирик автомобил заводларида асосий “ишчи кучига” айланиб улгурди, ҳаттоки савдо марказларида ҳам мижозларга бемалол хизмат кўрсатмоқда.
Сунъий онг ва махсус дастурлар орқали бошқариладиган автомобилларга эса ҳаттоки ҳайдовчининг ҳам кераги бўлмай қолди.
Шундай вазиятда турли саволлар туғилади:
Офислар, кўчалар ва хонадонларимизга жадаллик билан кириб келаётган темир жуссали ақлли роботлар билан яқин келажакда ёнма-ён, аҳил ва иноқ яшашга тайёрмизми?
Сунъий интеллектлар қайсидир кучларнинг кўз илғамас таъсири остида бир кун келиб инсонларни меҳнат бозоридан буткул сиқиб чиқармайдими?
Кун келиб, биз бу технологияларни яратган ва қўллаётган шахслар ва компанияларнинг замонавий қулларига айланиб қолмаймизми?
Шундоқ ҳам бойлик ва камбағаллик ўртасидаги фарқ тобора ўсиб бораётган дунёда одамлар ўртасидаги тафаккур тафовути кескин кучаймайдими?
Асосий масала шундаки, биз билиб-билмай ўзимизга душман яратиб қўймадикми?
Тафаккурнинг бир томонлама ўсиб кетиши билан миллийлигимизга мос бўлган энг олийжаноб қадриятлар, гўзал ҳиссиётлар, бетакрор анъаналаримиз йўқолиб кетмайдими?
Тўғри, олимлар бу масалаларни ҳам инобатга олишмоқда, лекин етарли даражада эмас.
Масалан, сунъий интеллектнинг энг машҳур намуналаридан бири Chatgptни оладиган бўлсак, ҳозирда ундан фойдаланувчиларнинг аксарияти мактаб ўқувчилари.
Барчамизга маълумки, у ҳар доим ҳам рост ва асосланган маълумотларни беравермайди.
Боз устига, ёшлар телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар ва сунъий онгнинг қулай имкониятларига оҳанрабодек боғланиб қолишмоқда.
Ёшларимиз китоб, газета, журнал ва расмий сайтларни ўқиш ўрнига тобора олди-қочди, зўравонлик ва аҳлоқсизликларни тарғиб қилувчи дастурларга муккасидан кетиб, олтинга тенг вақтини беҳудага сарфлашмоқда.
Агар биз ҳам ота-боболаримиз ва устозларимиз каби, ўз устимизда мунтазам ишлаб, ҳақиқий илмга чексиз меҳр қўйсак, тил ўрганиб, дунёда содир бўлаётган жараёнларга теран нигоҳ билан боқсак, ўз ўрнимизни ҳеч қачон инсон онги билан яратилган мосламаларга бўшатиб қўймаймиз.
Камола Хасанова
Шаҳрисабз шаҳри 7-сонли умумий ўрта
таълим мактаби ўқувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter