Инҳа, Амити, ТАТУ ва IT-Парк университети – хоҳлаганингизни танланг!
Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган IT мутахассисларни тайёрлашга катта эътибор берилмоқда. Шу муносабат билан 14 июнь куни рақобатбардош IT кадрларни тайёрлашда олиб борилаётган ишлар хусусида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани ташкил этилди.
Учрашувда IT’га ихтисослашган университетлардаги янгиланган қабул квоталари, яратилган шароитлар ва янги йўналишлар ҳақида маълумот бериб ўтилди. Жумладан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида рақамли технологияларнинг ривожланиш тенденциясидан келиб чиқиб, жорий ўқув йилида ушбу университетда сунъий интеллект, мехатроника ва робототехника, киберхавфсизлик инжиниринги каби жами 10 дан ортиқ янги йўналишлар ташкил қилинди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида эса жорий ўқув йилида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича 50 нафар талаба қабул қилиниши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, жорий ўқув йилида Тошкент шаҳридаги Амити университетига давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича 30 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган.
Матбуот анжумани давомида Ўзбекистондаги илк онлайн, яъни рақамли университет ҳисобланган «IT-PARK UNIVERSITY» фаолиятига тўхталиб ўтилди ва университетлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка урғу берилди.
Янгича форматдаги олийгоҳ асосчилари IT-Park ва «EPAM Systems» компанияси ҳисобланади. Университет дастури битирувчилар учун замонавий ва юқори талабга эга ахборот технологиялари соҳасидаги касбларини эгаллашга қаратилган. Ўқув жараёни гибрид форматда, асосан онлайн тарзда олиб борилади.
Таълим жараёни қуйидаги мутахассисликлар бўйича амалга оширилади:
Web Developer
Networks Engineer
Software Tester
Backend Developer (Java)
Mobile Developer (Android)
Front-End Developer
QA Engineer
Big Data Engineer
Ўзбекистон бўйлаб ёшлар учун сифатли IT таълим олиш имкониятини таъминлаш мақсадида контракт тўловлари бошқа тижорий университетлардагига нисбатан пастроқ қилиб белгиланган. Тўлов нархи бир йил учун 9 миллион сўмдан бошланади.
Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter