Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Электрон имзо қоғозбозликка чек қўйиб, харажатларни қисқартиради

Электрон имзо қоғозбозликка чек қўйиб, харажатларни қисқартиради

Фото: "Shmeleva-partners.ru"

Рақамлашиш жараёни ташкилотлар ва тадбиркорлардан янги шароитларга мослашишни талаб этади. Зотан, бугунги кун технологияси бизнес майдон учун нажот йўлларидан биридир. IT-соҳани ривожлантиришга эътибор қаратаётган ҳукумат буни яхши тушунади. Пандемия шароитида ишлаётган компанияларга ҳам ҳолат кундек равшан.

Бизнесни рақамлаштиришнинг асосий унсури - электрон имзо. Ундан кўплаб ташкилотлар кенг фойдаланмоқда. Зеро, ҳужжатларни электрон шаклда имзолаш ва онлайн алмашиш иш жараёнини осонлаштириши аллақачаон исботини топди. Қоғозларга муҳрланган шартномалар ва курьерлик жўнатмаларидан воз кечиш харажатларни қисқартириши ҳеч кимга сир эмас. Шу жиҳатдан электрон имзо барқарор бизнес воситаси саналади. У туфайли бизнесда ҳам, давлат идоралари фаолиятида ҳам узоққа бориш мумкин.

Электрон имзонинг энг муҳим хусусиятларидан бири - у рақамли ҳужжатга юридик куч беради. У бор жойда қоғозбозликка чек қўйилади. Натижада идора ва компаниялар самаралироқ меҳнат қилишга ўтади, мижозлар билан ишлаш сифати ва тезлиги ортади. Аёнки, электрон шаклдаги ҳужжатни йўқотиб қўйиш, яроқсиз ҳолга келтириш хавфи йўқ. Исталган вақтда қўлга киритиш ва фойдаланиш имконияти мавжуд. Офис қоғозининг қимматлашуви ҳам электрон ҳужжатларга талабни оширди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан электрон имзонинг қадри беназир. Криптография шарофатидан электрон имзони ўғирлаш иложсиз. Электрон рақамли имзонинг калити махфий сақланади. Шу сабаб уни қўллаган бизнес тузилмалар ўзларини барқарор ва хотиржам ҳис қиладилар.

Мамлакатимизда ушбу соҳага оид қонунчилик 2003 йил 11 декабрда қабул қилинган "Электрон рақамли имзо тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинган. Унга кўра электрон рақамли имзо воситалари электрон ҳужжатда электрон рақамли имзо яратилишини, электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланишини, электрон рақамли имзонинг ёпиқ ва очиқ калитлари яратилишини таъминлайдиган барча техникавий ва дастурий воситалардан иборат бўлади. Электрон рақамли имзо калитининг сертификати электрон рақамли имзонинг очиқ калити электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитига мослигини тасдиқлайдиган ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасига рўйхатга олиш маркази томонидан берилган ҳужжатдир.

Электрон рақамли имзо интернет орқали қўлга киритилади. Аввал уни фақат солиқ органи ва давлат хизматлари маркази орқали олиш мумкин эди. Ҳозир эса жараён онлайнлаштирилди, энди уни иш жойингизда ёки уйингизда ўтирган ҳолда масофавий тарзда эга бўлишингиз жуда осон.

Ҳозирда электрон имзодан фойдаланиш ҳолати ва истиқболлари ахборот технологиялари мутахассислари томонидан чуқур таҳлил этилмоқда. Жумладан, унга эришиш учун тегишли ускуналар ва IT-инфратузилмадан фойдаланиш зарурати, аҳолининг ундан хабардорлик даражасининг пастлиги, бу борада саводхонликнинг етарли даражада эмаслиги камчиликлар сифатида эътироф қилинмоқда. Аммо вақт ва маблағни тежаш, жараённи тезлаштириш, компания ва мижозларга қулайлик туғдириш, хавфсизлик таъминоти жиҳатдан ютуқлар кўп бўлиб, улар тарозида оғирроқ келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг