Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазири йиғилишда муҳим вазифаларни белгилаб берди (Фото)

АКТ вазири йиғилишда муҳим вазифаларни белгилаб берди (Фото)

Фото: "Mitc.uz"

2 август куни Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги марказий аппарати, тизимидаги корхона, ташкилот ва таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида Вазирлик Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Кенгайтирилган мажлисда жорий йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Aструм» академиясига ташриф буюриб, у ерда ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари ва ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда IT секторидаги ишларнинг бугунги аҳволи ва уни яна-да ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор топшириқлар юзасидан вазифалар кўриб чиқилди.

Мажлисда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Ҳайъат раиси Шерзод Шерматов томонидан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Вазирлик ҳамда соҳа корхоналари томонидан амалга оширилган ишлар, жумладан, IT Парк резидентлари экспорт ҳажми яхши натижаларга етгани қайд этилди.

«Бундан уч йил олдин IT Парклар ташкил қилиниб, уларга алоҳида солиқ солиш режими жорий этилганлиги сабабли ҳозирда IT Парк корхоналарида 12,5 минг нафар ёш юқори даромадли иш жойлари билан таъминланди (ўзини ўзи банд қилган IT-мутахассислари (фрилансер) сони йил бошига нисбатан 2,5 баробарга ошди (18 мингдан 43 мингга).

Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан, 50 та хорижий IT-компаниялари ташкил этилди, экспортёр корхоналар сони эса 2 бараварга ошди», – деди AКТ вазири Ш. Шерматов.

AКТ вазири мамлакатимизни IT-марказга айлантириш учун, энг аввало, телекоммуникация инфратузилмасини яна-да ривожлантириш, такомиллаштириш, барқарорлигини таъминлаш зарурлигини қайд этиб, кейинги босқичда ана шу инфратузилмани ишлатиш учун кадрлар таёрлаш даражасини юқори босқичга кўтариш кераклигини таъкидлади. Бундан ташқари, нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг барча ҳудудларида барчага замонавий шарт-шароитларни яратиб бериш лозимлигини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, ёшларни AКТ соҳасига кенг жалб этиш, уларнинг юқори ҳақ тўланадиган IT-касбларини ривожлантириш орқали бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш, шу мақсадда мамлакатимиз бўйлаб масофавий хизмат кўрсатиш марказлари (BPО-марказлари)ни босқичма-босқич ташкил этиш чораларини кўриш, эришилган ютуқлар, амалга оширилган ишлар ҳар қанча яхши бўлмасин, бу билан чегараланиб қолмасдан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини яна-да ривожлантириш доирасида ҳали кўплаб ишлар қилиниши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Ҳайъат мажлисида AКТ вазир ўринбосарларининг ҳам ҳисоботлари тингланди.

Мажлисда телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида AКТ вазири ўринбосари Ж. Махсудовнинг ахбороти тингланди. Қайд этилганидек, йил охиригача 800 мингга яқин хонадонни юқори тезликдаги интернетга уланиш имкониятини яратиш, оптик толали интернет қамровини 80 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, магистрал йўлларнинг мобил алоқа билан қопланишини 60 фоизга етказиш ишларини жадаллаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, мажлисда IT-таълимни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унда IT-маҳсулотлар ва хизматларини экспорт қилишга йўналтирилган халқаро компаниялар билан ишлашга мутахассислар тайёрлаш вазифалари белгиланди.

Вазирлик Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида кўтарилган масалалар юзасидан вазирликнинг тегишли ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди. Вилоятларда ҳам IT соҳасини яна-да ривожлантириш учун комплекс чоралар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 26 июлдаги Фармонида жорий этилган янги тартиб ва талаблар ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлашда раҳбар ва ходимларнинг масъулиятини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг