“Ўзбеккосмос” вакиллари Италияда ўтган Халқаро астронавтика конгрессида фаол иштирок этишди

Италиянинг Милан шаҳри навбатдаги 75–Халқаро астронавтика конгрессига мезбонлик қилди. Мазкур глобал форумда 120 та давлатдан космик агентликлар ва халқаро ташкилотлар, илмий-таълим марказлари раҳбарлари, жаҳон космик ҳамжамияти вакилларидан иборат 11 мингдан ортиқ иштирокчилар қатнашишди. Бу йилги тадбир “Барқарор ривожланиш учун масъулиятли макон” мавзуси остида ўтказилди.
Конгрессда “Ўзбеккосмос” агентлиги вакиллари ҳам иштирок этиб, тематик ялпи мажлислар, информатив маърузалар, интерфаол семинар ва махсус сессиялар каби муҳим тадбирларда фаол қатнашиб, 46 та давлатдан 500 дан ортиқ стендлар намойиш этилган космик кўргазма павилёнига ҳам ташриф буюришди.
Аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Халқаро астронавтика федерацияси лидерлари саммитида махсус баёнот билан иштирок этди. Қолаверса, “Ўзбеккосмос” агентлиги экспертлари ер юзасидаги ўзгаришлар динамикасини аниқлаш ва кузатиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ерни масофадан зондлашнинг инновацион усуллари” номли илмий маърузаларини ҳам тақдимот қилишди. Бу лойиҳа оптик-электрон ва радар космик тасвирлари орқали кадастр, сейсмология ҳамда экология соҳаларидаги муаммоларни ҳал этишга яқиндан ёрдам беради.
Шунингдек, форум доирасида агентлик вакиллари Халқаро астронавтика федерацияси, Интерспутник халқаро ташкилоти ва шу каби қатор йирик хорижий агентликлар раҳбарлари билан 30 дан зиёд манфаатли учрашувларни ўтказишди. Энг муҳими, роботлаштирилган космик аппаратлар ва бошқа технологиялар ёрдамида Ойни тадқиқ қилишга ихтисослашган Испаcе (Япония) компанияси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳамкорликнинг янги босқичини очиб берган мазкур глобал форумда бир қанча космик агентликлар ва хусусий компаниялар билан космик лойиҳаларни амалга ошириш борасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди. Ўзбекистон Республикасининг ерни масофадан зондлаш миллий космик тизимини яратиш, унинг космик ва ер усти сегментларининг техник жиҳатларини ишлаб чиқиш, космик аппаратларни учириш, мутахассисларни тайёрлаш ва қўшма аэрокосмик йўналишлардаги космик дастурларда иштирок этиш сингари масалалар шулар жумласидандир.
Шу булан бирга халқаро астронавтика конгрессида “Ўзбеккосмос” агентлиги вакиллари Озарбайжон космик агентлиги билан ерни масофадан зондлаш миллий космик тизимини яратиш бўйича муҳим тавсиялар ва ўзаро манфаатли таклифларни ўрганишди. АҚШнинг “SpaceX” ва Буюк Британиянинг “Surrey Satellite Technology” компаниялари Ўзбекистоннинг миллий космик дастурни ишлаб чиқишда эксперт маслаҳатларини беришга тайёр эканликларини билдиришди. Япониянинг Кюшу технологик институти – аэрокосмик муҳандислик йўналишида мутахассисларни тайёрлаш бўйича дастлабки ўқув дастурига келишилди.
Эслатиб ўтамиз, конгресснинг ўтган йили Озарбайжонда бўлган йиғилишида мамлакатимиз тарихида илк бора “Ўзбеккосмос” агентлиги Халқаро астронавтика федерациясига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter